Линклар

Тожибоева Бундестаг депутатлари билан учрашди

  • Барно Анвар

Ўзбекистонлик фаоллар Умида Ниëзова ва Мўътабар Тожибоева Берлиндаги учрашувлардан бирида.

Ўзбекистонлик фаоллар Умида Ниëзова ва Мўътабар Тожибоева Берлиндаги учрашувлардан бирида.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли, Фарғонада “Ўтюраклар” клубини тузган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Германия парламенти вакиллари билан учрашди. 28 октябр куни Германия парламентидаги Яшиллар партиясидан вакил Мари Лиуза Бек ва яна қатор бошқа депутатлар Мўътабар Тожибоева билан бирга ўзбекистонлик журналист Умида Ниёзовани ҳам учрашувга таклиф қилиб, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият билан қизиқди.

Учрашув чоғида ўзбекистонлик меҳмонлар мамлакат қамоқхоналаридаги вазият билан бирга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳамда бугунги ўта оғир муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Албатта, бу учрашувлар чоғида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг ими-жимида Германияга қилган расмий сафари ҳақида ҳам гап борди.

Биз бу учрашув тафсилотларини сўраб, Мўътабар Тожибоеванинг ўзига боғландик.

Озодлик: Мўътабар опа мана сиз ҳозир Германиядасиз. Фикрингизча, сизнинг озод бўлишингизга бевосита ҳисса қўшган халқаро ташкилотлар вакиллари билан бевосита учрашдингиз. Айни пайтда Германия ҳукумати Ўзбекистонга нисбатан ЕИ санкциялари бекор қилиниши устида кўп саъй-ҳаракат қилди. Сиз ва яна битта-иккита ҳуқуқ фаоллари озод бўлди. Лекин ҳуқуқ фаоллари Аъзам Турғунов ва Солижон Абдураҳмонов қамоққа ташланди. Сиз Германия парламенти вакиллари билан учрашув давомида шу бўйича ҳам ўз фикрларингизни билдирдингизми? Германиянинг санкцияларни бекор қилиниши йўлида қилган ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

Мўътабар Тожибоева: Биласизми мен айнан Германия ҳукуматининг санкцияларни бекор қилиш сиëсатини қўллаб-қувватлайман. Сабаби Мўътабар Тожибоевани озод қилинишига ҳисса қўшганлиги ва Европага саëҳат қилиши учун шароит яратиб берганликлари учун эмас. Мен Ўзбекистонга нисбатан санкцияни бекор қилинишини хоҳлайман. Мен буни қамоқдан чиққан кунимдан бошлаб айтиб келаяпман. Биласизми айнан мана шу санкциялар кучайтирилган пайтда, шахсан менга нисбатан ҳайвоний муносабатларда бўлинди. Мен¸ ҳаттоки¸ қандай қилиб ўлим билан юзма-юз бўлишнинг йўлларини ахтара бошлаган эдим.

Озодлик: Демак, халқаро босим кучайган сари қамоқдаги маҳбусларга босим кучайган...

Мўътабар Тожибоева: Биласизми, ҳозирги вазиятни шундай ҳисоблаш мумкинки, террористларнинг қўлида бизнинг яқин жигарларимиз, сафдошларимиз туришибди. Террористга қандайдир талаблар қўядиган бўлсак, биздан ўч олиш мақсадида у гаровда ушлаб турган яқинларимизни, жигарларимизни бирма-бир қурбон қилиши мумкин. Босим кучаядиган бўлса, ҳукумат ўзининг айбсизлигини исботлаш учун сиëсий маҳбусларга босимни кучайтирадики, улар жиноят содир қилдим, ҳукуматга қарши ҳаракат қилдим¸ деб қилмаган айбларини бўйнига олсин деб.

Озодлик: Айни пайтда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг раиси Рустам Иноятов Германияга расмий сафар билан борди. Германия санкцияларни енгиллаштиришга ҳаракат қилди ва бунга эришди. Айни вақтда Андижон воқеаларига масъул деб кўрилган ва Европага киришига виза чеклови қўйилган расмий билан учрашди. Бу воқеаларга сиз қандай баҳо берасиз?

Мўътабар Тожибоева: Албатта бу ҳақда сўз борди. Санкция бекор қилиниши биланоқ мана шу виза чеклови қўлланилган раҳбарлардан бири, Рустам Иноятовнинг Германияга қилган сафари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Бир томондан санкция қўллаб¸ қўлингдан нима келди, дегандай унинг Европага сайр қилаëтгани ачинарли ҳол. Лекин иккинчи томондан, мен яна такрор айтаман, менинг кўзимда биринчи ўринда Европага сафарга чиқа олмайдиган 12та раҳбар эмас, Ўзбекистон қамоқхоналарида ўлимга рози бўлиб турган сиëсий маҳбуслар қиëфаси туради. Агар Андижон воқеаларининг энг асосий айбдори ҳисобланган мамлакат президенти ва унинг оила аъзоларига Европага чиқишга чеклов қўйилганда, мен минг марта рози бўлган бўлардим ва охиригача мана шу чекловни қўллаб-қувватлаган бўлардим.



XS
SM
MD
LG