Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:27

Зилзила қурбонлари сони ошиб бормоқда


Зиëрат шаҳарчасидаги зилзиладан омон қолганлар. 29 октябр¸2008 йил.
Зиëрат шаҳарчасидаги зилзиладан омон қолганлар. 29 октябр¸2008 йил.

29 октябр куни эрта тонгда Покистоннинг Балужистон вилоятида кучли зилзила содир бўлди. Оқибатда 170дан ортиқ одамнинг ўлгани айтилмоқда. Табиий офат натижасида юзлаб одам жароҳатланган, минглаб аҳоли бошпанасиз қолган. Ҳозирда минтақа аҳолисига ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.

Мухтор Чалгари Покистоннинг Балужистон вилоятида аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш ишларини мувофиқлаштираётган нодавлат ташкилоти раҳбари. Унинг айтишича, зилзиладан энг кўп зарар кўрган минтақага қутқарувчилар гуруҳи жўнатилган. Вилоят маркази Кветта шаҳридан Озодлик радиосига интервью берган Мухтор Чалгарига кўра¸ ер силкиниши 29 октябр куни маҳаллий вақт билан тонгги тўрт яримда содир бўлган. Орадан 40 дақиқа ўтиб аввалгидан кучлироқ, Рихтер ўлчови бўйича олти ярим балл куч билан иккинчи ер силкиниши содир бўлган.

“Зилзила Балужистоннинг аксар ҳудудига таъсир этди. Ер силкиниши оқибатида Зиёрат туманида энг кўп одам ўлди ва энг кўп зарар кўрилди. Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, 200га яқин одам ўлган ва мингдан ортиқ уй вайрон бўлган. Яна мингга яқин уйга шикаст етган”¸ – деди Мухтор Чалгарий.

АҚШ Геология тадқиқот маркази интернет сайтида 29 октябрь куни Кветта шаҳридан 60 километр шимоли-шарқда тонгги бешдан 10 дақиқа ўтганда Рихтер ўлчови бўйича 6,4 балл ер силкиниши қайд этилгани билдирилган.

Зиёрат шаҳри ҳокими Диловар Какар табиий офатдан кўп ўтмай вайроналар остидан 170дан ортиқ жасад топилгани, 400дан ортиқ одам жароҳатланганини айтди.

Балужистоннинг Ўрмон ва табиатни муҳофаза қилиш вазири Мавлавий Абдул Самад Охунзода табиий офатдан жабрланган аҳолига зудлик билан ёрдам кўрсатилиши кераклигини айтди:

“Зилзиладан тахминан 15 минг одам зарар кўрди. Бир ярим минг уй вайрон бўлди. 150дан ортиқ одам ўлди ва бедарак йўқолди. Ҳозир бизга чодирлар, озиқ-овқат ва тиббий дорилар керак. Минтақага шифокорлар гуруҳи ҳам жўнатилиши керак”¸ – деди Мавлавий Абдул Самад Охунзода.

Ер силкиниши оқибатида Балужистон вилояти коммуникация инфраструктурасига жиддий зарар етган. Улкан тупроқ кўчкилари тоғ йўлларини тўсиб қўйган. Ўз навбатида бу тарқоқ ҳолда жойлашган минтақа аҳолисига ёрдам кўрсатиш ишларини қийинлаштирмоқда.

“Зиёрат шаҳрида телефон линиялари ишламаяпти. Шаҳарда ҳам одамлар нобуд бўлгани айтилмоқда. Аксар қишлоқлар ва туманнинг бошқа жойларида уйлар вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган. Зилзиладан энг кўп зарар кўрган ерларда одамлар жасадларни уй қолдиқлари остидан ўзлари кавлаб олишяпти. Биз соғлиқни сақлаш бўлими ва ҳукуматнинг бошқа идораларини жабрланган одамларга тиббий ёрдам кўрсатишга чақирдик¸” – деди Зиёрат шаҳрида яшовчи маҳаллий сиёсатчи ва вилоят парламентининг собиқ аъзоси Абдул Раҳим Зиёратвал.

Покистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашган бўлиб¸ 2005 йил октябрь ойида рўй берган кучли зилзила оқибатида 80 мингга яқин одам нобуд бўлган эди.

XS
SM
MD
LG