Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:34

Қозоғистонда ўлим жазоси қўлланилиши кўпайиши мумкин


Aстанадаги "Қозоқ эли" деб номланган монумент инсон умрига ҳам ҳурмат рамзи сифатида кўрилади.
Aстанадаги "Қозоқ эли" деб номланган монумент инсон умрига ҳам ҳурмат рамзи сифатида кўрилади.
Халқаро Инсон ҳуқуқлари Олмаота ваколатхонаси ходимаси Лейла Рамазанованинг айтишича, Қозоғистоннинг 2010 йили ЕХҲТга раислик қилиш масаласи кўриб чиқилиши арафасида мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш бўйича масала ҳам кўтарилганди, бироқ Қозоғистон ушбу нуфузли ташкилотга раисликни қўлга киритгач, мамлакат парламенти ўлим жазосини амалда қолдириши мумкин.

- Моҳиятан, ривожланган давлатларда ўлим жазоси аллақачон бекор қилинган. Бундан АҚШнинг баъзи штатлари мустасно, холос. Ўйлашимча, Қозоғистон ҳукумати парламент депутатларининг таклифини қўллаб-қувватламайди, - дейди Лейла Рамазанова.

Эслатиб ўтамиз, ўлим жазосига нисбатан мораторий Қозоғистонда 2003 йилнинг 17 декабрида эълон қилинганди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўлим жазоси бекор қилинган мамлакатлар рўйхатини тўлдириб бормоқдалар. Хусусан, минтақа давлатларидан бири - Ўзбекистонда 2008 йилдан ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳақида фармон эълон қилганди. Ўшанда Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилотининг раҳбари Тамара Чикунова мамлакат ҳукуматининг мазкур фармони, энг аввало, кўпгина халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотларнинг ҳукумат вакиллари билан олиб борган дўстона музокаралари маҳсули эканини айтганди. Унга кўра, шу каби музокараларнинг давом эттирилиши Ўзбекистонда мавжуд қийноқларнинг олдини олишга ҳам кўмак беради.

- Ўлим жазосининг юридик жиҳатдан бекор қилиниши қийноқларни қўллаш профилактикаси ҳақида ҳам гапиришимизга имкон беради, - дер экан Чикунова Ўзбекистонда жисмоний қийноқлар баробарида руҳий қийноқлар ҳам тез-тез қўлланилишини қўшимча қилади.

Аммо, унга кўра, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинганлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга нисбатан жисмоний ва руҳий босим ўтказилаётганини исботлаш ҳозиргача амалга ошириб бўлмайдиган ишлар қаторида қолмоқда.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматига бу борада мурожаат қилиб, бу ҳақда халқаро миқёсда ҳам айтиб келмоқдамиз. Шулардан бири, судда мустақил шифокорнинг маҳбусга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги хулосаси ёки бунга акс хулосанинг кўриб чиқилишига рухсат берилишидир. Бундан ташқари, айбланувчининг терговдан сўнг терговчи ёки малакали комиссия томонидан тайинланган шифокор эмас, балки мустақил руҳшунос кўригидан ўтказилишидир. Шунда биз мустақил экспертиза хулосасига таяниш имконига эга бўламиз. Руҳий қийноқ жароҳат қолдирмайди ва уни аниқлаш жуда қийин. Фақат руҳшуносгина маҳбусга руҳий қиноқ ва босим ўтказилганини аниқлаб бериши мумкин, - дейди Тамара Чикунова.

Айни пайтда, баъзи ўзбекистонлик кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати ўлим жазосини бекор қилганидан сўнг, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг ҳукумат вакиллари билан қийноқларнинг ҳам олдини олишга қаратилган мулоқоти ўзининг ижобий самарасини беришига умид боғламоқдалар.

XS
SM
MD
LG