Линклар

logo-print

“Народное слово” ҳукумат газетасининг хабар беришича, 28 октябрда Ўзбекистон Олий Судида бўлиб ўтган конференцияда Ўзбекистон Президентининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар программаси ҳақида»ги фармонининг қандай бажарилаётгани муҳокама қилинган.

Конференция қатнашчилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг тўла таъминлангани ва бу ҳукумат ташқи ва ички сиёсатининг устивор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлаганлар.

Қирғизларда: “Мен не дейману, қўбизим не дейди?” деган мақол бор. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари расмийлар бу борада ёлғон гапираётганликлари, аксинча Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳаддан ташқари поймол бўлаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Олий Суди ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ташкил қилган бу конференцияда Ўзбекистон Омбудсмани, Бош Прокуратура, ички ишлар, адлия вазирликлари, Тошкент давлат юридик институти вакиллари қатнашдилар.

“Народное слово” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон Олий Суди раиси Бўритош Мустафоев ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидовлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари жамият ривожланишининг, давлат қурилишининг ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши бўлиб қолаётганини таъкидлаганлар. Улар фикрича, мамлакатда, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари бу ҳуқуқий асослар яратилганини рад этмайдилар.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Абдусалом Эргашев фикрича, ҳамма гап ана шу ҳуқуқий асосларнинг ишламаётганидадир:

“Бу гаплар амалда эмас¸ фақат декларация шаклида бўлиб қолаяпти-да. Инсон ҳуқуқлари устувор йўналиш эканлигини амалда кўрсатиш керак. Ҳеч кимга сир эмас¸ Ўзбекистонда бошқа муаммоларни бир четга қўйиб турсангиз¸ прописка деган система¸ чет элга чиқиш ҳуқуқини бериш системаси¸ яъни ОВИР ҳалигача бор. Умумжаҳон декларациясида битилган ҳуқуқларни поймол қиладиган қонунлар бекор қилинганда¸ ҳақиқатан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари устувор йўналишга айланаяпти деган умид ҳам¸ ишонч ҳам бўлар эди”.

Расмий қайддан ўтган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Эзгулик» жамияти раҳбари Васила Иноятова фикрича, бундай конференциялар халқаро жамоатчиликни чалғитиш, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол қилинаётганини яшириш учун ташкил қилинади:

“Умужаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бўйича бирон-бир пункти бажарилмаган Ўзбекистондай диктатура режими амал қилган давлатда бундай йиғинларни ўтказиш ва баландпарвоз гапларни гапириш¸ тарихий ҳужжатнинг устидан кулиш демакдир. Мен мана шу ўтган давр мобайнида Ўзбекистондай инсон ҳуқуқлари топталган¸ Ўзбекистондай инсон қадр-қиймати оëқости бўлган давлатни кўрганим йўқ. Ҳатто бирор-бир аризанинг давлат идораларида ижобий ҳал бўлганини кўрганим йўқ. Бу ҳал бўлиши учун кимдир таниш бўлиши керак¸ кимгадир пора бериш керак”.

Васила Иноятова яқинда Европарламентда бўлиб ўтган бир йиғилишда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига берилган баҳони шундай таърифлайди:

“Ўзбекистонда ҳозирги ҳолатда бундай тадбир ўтказилишини вабо пайтидаги байрам деб баҳолашди”.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов Ўзбекистон Олий судида ўтказилган бундай тадбирнинг икки томони борлиги ҳақида гапиради.

“Биринчи томони¸ бу конференция популизмдан бошқа нарса эмас. Яъни давлат идоралари ўтказадиган кўзбўямачилик. Кейинги пайтларда ўзи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари¸ фуқаролик жамиятининг ролини ошириш мавзусида тадбирлар ўтказиладиган маконга айланиб қолди. Ваҳоланки¸ ҳамма тадбирларда ўзбек ҳукумати номидан гапираëтган мутасадди ташкилотлар вакиллари у ëқда турсин¸ ҳатто ўзларини мустақил¸ нодавлат деб таништираëтган маҳаллий ташкилотлар вакиллари ҳам муаммолар бир ëқда қолиб¸ шу кунгача қилинган ишларни гапириш билан чекланиб қолишмоқда”.

Иккинчи томони¸ дейди Суҳроб Исмоилов, бундай қарорлардан мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари фойдаланиб олишлари керак.

“Ўзбекистонда ҳамма нарса қора рангда¸ шунақа аянчли ҳолда деб ўтирсак ўтираверамиз. Мана шу қарорларнинг бир пункти бўйича мутасадди давлат ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари бўлимлари ëки фуқаролар шикоятлари билан ишлайдиган бўлимларнинг ишини қайта ўрганиб чиқиш керак. Нега биз инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бирлашиб¸ мана шу бўлимларнинг қандай ишлаëтганини текшириб кучли бир мониторинг чиқара олмаймиз?”


XS
SM
MD
LG