Линклар

Талко-Ансол можароси чўзиладиган кўринади

  • Гулнора Равшан

Тожикистондаги Талко алюминий заводи.

Тожикистондаги Талко алюминий заводи.

Маълумотларга кўра, Тожикистоннинг “Талко” ширкати “Ансол”ни 1996-2004 йиллар мобайнида қиймати бир ярим миллиард долларга тенг алюминийни ноқонуний ўзлаштирганликда айбламоқда.

“Ансол” вакиллари ширкатнинг “Талко”дан қарздор эмаслиги, аксинча, фуқаролар уруши йилларида инқирозга юз тутган заводни Тожикистон иқтисодиётига кўмаклашувчи муассасага айлантирганини таъкидламоқдалар.

Тожикистон давлат алюминий ширкати даъвосига кўра, “Ансол” ширкати масъули Аваз Назаров “Талко” ширкатининг собиқ раиси Абдуқодир Эрматов кўмагида бу маблағларни ноқонуний тарзда қўлга киритган. Британияда чиқувчи “Times” рўзномасининг ёзишича, “Ансол” Эрматовнинг бу хизматлари эвазига 300 минг фунт-стерлингга тенг уй совға қилган ва айни пайтда бу уйда Эрматовнинг ўғли яшаяпти.

Ўз навбатида, “Ансол” ширкати эгаси Аваз Назаров Тожикистон давлат ширкатини унга тегишли 130 миллион долларни тортиб олганликда айблайди. Ширкат эгасига кўра, Тожикистон давлат ширкати шартномани бир томонлама тўхтатиши оқибатида “Ансол” катта миқдорда молиявий зарар кўрган.

Аваз Назаровнинг матбуот котиби Мелани Райли эса “Озодлик”нинг тожик хизмати мухбири билан суҳбатда “Талко”нинг мазкур даъво учун жуда катта маблағ сарфлаётганидан ҳайратда эканини айтади.

- “Ансол” “Талко”дан қарздор эмас. Аксинча “Ансол” узоқ йиллар давомида Тожик алюминий заводи ривожи учун салмоқли ҳисса қўшган. Тожикистондаги ички низолар даврида инқирозга юз тутган Тожикалюминий заводи айнан “Ансол” кўмаги билан мамлакатга катта иқтисодий фойда келтирувчи корхонага айланди. Назаров жанобларининг айтишича, Тожикистон томони у ва унинг ширкатини кулгили ва асоссиз далиллар билан обрўсизлантирмоқчи. Аммо Назаров бу айбларни рад этади. Айтиш жоизки, “Ансол” 2004 йилнинг декабрида асоссиз равишда алюминий заводини хом ашё билан таъминлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. “Ансол” ширкати суд ўз фойдасига ҳал этилишига ишончи комил, - деди Мелани Райли.

Айрим маълумотларга кўра, суд жараёнида қатнашиш учун Тожикистон томонидан “Талко” раиси Садриддин Шарифов, Тожикистон Бош вазири ўринбосари Муродали Алимардонов ҳамда мамлакатдаги йирик банклардан бири “Ориёнбанк” раиси, амалдаги президент қайноғаси Ҳасан Саъдуллоев Лондонга жўнаб кетган.

Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, тожик томонига тегишли бу гуруҳ аъзоларининг айримлари аллақачон ватанига қайтган. Аммо гувоҳлар сўралиши жараёнида уларнинг Лондонга қайтиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
“Талко” вакиллари маҳкама жараёнида ўз даъволари қаноатлантирилишига умид қилмоқдалар.

“Ҳозирда “Талко” дунёдаги бир қатор мустақил ва обрўли ширкатлар билан ҳамкорлик қилмоқда. “Талко” ширкати ўз ҳуқуқининг ҳимояланишини Тожикистон иқтисодиёти ва мамлакатда алюминий саноатининг ривожидаги муҳим қадам, деб билади”, дейилади “Талко” вакилларининг Лондонда берган баёнотида.

Ўзбекистон чегарасига яқин бўлган Турсунзода шаҳрида фаолият юритаётган “Талко” ширкатидан олинган даромад Тожикистон йиллик даромадининг 70 фоизини ташкил этади.

Соҳа мутахассислари ҳисоб-китобига кўра, корхона 2007 йилда бир миллиард долларга тенг маҳсулот ишлаб чиқарган.
“Талко” ва “Ансол” баҳслари Лондонда яна ярим йил давом этиши тахмин қилинмоқда.

Британияда чоп этиладиган "Таймс" рўзномасининг ёзишича, тарафлар ўз манфаатини ҳимоя қилаётган ҳуқуқшунослар ва маҳкама харажатларининг ўзига 90 миллион фунт-стерлинг (138 миллион АҚШ доллари) сарфлайдилар.

Таҳлилчиларга кўра, Британия Олий маҳкамаси тарихида атиги икки марта шундай серхаражат суд жараёни қайдга олинган.

XS
SM
MD
LG