Линклар

Ўзбекистонда янги лойиҳа иш бошлади

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон каби кескин иқлимлик юртларда болалар орасида юқумли касалликлар тарқалиши жуда тез кечадиган жараëн.

Ўзбекистон каби кескин иқлимлик юртларда болалар орасида юқумли касалликлар тарқалиши жуда тез кечадиган жараëн.

Тошкентда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни такомиллаштириш бўйича янги лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга таяниб “Регнум” ахборот агентлиги. Шу муносабат билан биз она ва бола саломатлиги масаласига Ўзбекистоннинг узоқ вилоятларидан бири – Хоразм мисолида бир назар ташлаб кўришга қарор қилдик.

Хабарда айтилишича, янги лойиҳа тақдимот маросимида бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан Европа комиссияси, БМТ Болалар жамғармаси вакиллари, республика расмийлари иштирок этган.

Лойиҳа доирасида бир қатор вилоятларда янги тренинг марказлари барпо этилади, борлари таъмирдан чиқарилади. Бу марказларда соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари ва мутахассислари ўз малакаларини оширадилар, дейилади хабарда.

Ўзини Отабек, деб таништирган суҳбатдошимиз хоразмлик врач-педиатр.

Унинг айтишича, педиатрларнинг малакасини ошириш ишига вилоятда яхши эътибор берилмоқда. Яқинда малака ошириб қайтдим, дейди доктор.

“Болаларга стационар шароитида биринчи ëрдам кўрсатишнинг янги методларини ўқитишди. Бола касалланганда поликлиника шароитида нима қилиш керак¸ оғир касалланганда нима қилиш кераклигини ўргатишди”.

Озодлик: Бу навбатдан ташқари ўқишми? Илгарилари бундай ўқишлар бўлмаганми?

“Йўқ илгарилари ҳам бўлган. Буни янги стандарт бўйича даволаш дейди. Шу бўйича врачларимизни ўқитишди. Ҳозир ҳам кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Таъминотида ҳам янгиликлар бўлиб қолар”.

Демак, таъминот масаласи бироз оқсаб турибди Хоразмда.

Маълумки, болалар орасидаги ўлим у ёки бу мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини баҳолашда асосий критерийлардан бири. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотларда республика ҳукумати кўраётган қатор чоралар туфайли болалар орасида ўлим ҳолатлари озаймоқда, дейилган, лекин рақамлар келтирилмаган.

Хоразмлик педиатр ҳам шундай фикрда.

“Энди ҳозир бундан 10 йил олдингига қараганда камайган. Врачларимиз ўз устларида ишлашаяпти¸ малакаларини оширишаяпти. Халқнинг хизматида туриб яхшилаш иложини қилишаяпти”.

Озодлик: Демак болалар ўлими камайган?

“Ҳа¸ регион бўйича камайган”.

Бироқ, тиббиëт фанлари доктори Суҳбат Абдуллаев ҳамкасб юртдошининг оптимизмига қўшилмайди.

“Мен Ўзбекистондаги оналар ва болалар аҳволига қониқарли баҳони ҳам қўймаган бўлардим. Сабаб шундаки¸ Ўзбекистонда кўпгина ишлар фақатгина қоғозда қолиб кетаяпти. Масалан аëллар жинсий органларида фибриома деган ўсма бўлади. Агар бу хусусда оладиган бўлсак¸ Ўзбекистонда бу касаллик жуда катта рақамни ташкил қилади. Ҳар учта аëлнинг биттасида шу касаллик учрайди”.

Доктор Абдуллаевнинг айтишича, ўзбекистонлик хотин-қизлар орасида жуда кенг тарқалган камқонлик касаллиги кўлами ҳам, ҳукумат мақтаниб айтадиган кўплаб қарорлар қабул қилинганига қарамай¸ деярли ўзгаргани йўқ.

“Ўзбекистоннинг камқонлик касалини олдини олиш бўйича имкониятлари ҳам ҳозир деярли ишга солинмасдан қолаяпти деб айтиш мумкин. Баъзан ҳукумат мана шу биз гаплашëтган мавзуда қарорлар чиқариб қолади. Лекин бу ишлар охиригача етиб бормайди”.

Доктор Абдуллаев гепатитнинг янги, хавфли тури кўпайганидан огоҳлантиради.

“Ҳозир жуда ëмон бир аҳвол. Вилоятларда сариқ касаллигининг янги бир формаси топилди. Бу форманинг яширин даври лабораторияда аниқлаш қийин бўлган шароитларда кечади ва бирдан ўзини кўрсатиб қўяди. Эпидемия даражасидагидай бир нарса пайдо бўлаяпти. Оналар ва болалар сариқ касалининг мана шу турига чалинмоқда”, деди доктор Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, хоразмлик докторлар билан тақдимот маросими Тошкентда бўлиб ўтган оналик ва болаликни муҳофаза қилишни такомиллаштириш бўйича ишга туширилаётган янги лойиҳа муносабати билан гаплашдик.


XS
SM
MD
LG