Линклар

Қозоғистон Афғонистонга ёрдам таклиф қилди


Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош вазирлари 30 октябр куни Остонада навбатдаги йиғинга тўпландилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош вазирлари 30 октябр куни Остонада навбатдаги йиғинга тўпландилар.

ШҲТ йиғинида Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов минтақа давлатларини биргаликда Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантиришга ёрдам беришга чақирди.

Афғонлар сердаромад банг моддалари етиштиришдан воз кечмаслиги мумкин

Қозоғистон Бош вазири К. Масимовнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти йиғинидаги сўзларига изоҳ берган қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Марказий Осиё давлатларининг Афғонистондан келаётган хавфни бартараф этишларига унча ишонмаслигини айтади:

- Ўз вақтида, Бирлашган миллатлар ташкилоти Афғонистонда гуруч, пахта етиштириш учун маблағ ажратишни таклиф қилганди. Афғонистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириб, шу йўл билан мамлакат иқтисодиётини тартибга солиш режалаштирилганди. Аммо бу таклиф киритилганда, битта жиҳат ҳисобга олинмаган - у ҳам бўлса, банг моддалари савдосидан келиб тушадиган даромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишдан олинадиган даромадга нисбатан анча кўпроқлигидир, - дея таъкидлайди Сатпаев.

“Катта ўйин” давом этмоқда

Қозоғистонлик бошқа бир сиёсатшунос Эдуард Полетаевга кўра, Қозоғистон Бош вазирининг Афғонистон иқтисодини тиклаш борасида киритган таклифи бундан аввал жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакатда барқарорликни таъминлаш борасида таклиф қилган рецептларидан биридир, аммо унинг амалда муваффақиятли татбиқ этилишига кафолат йўқ.

- Моҳиятан, биз Британия ва Россия империяси ўртасида катта ўйин бўлган 19-асрга қайтаяпмиз. Ўшанда ҳам ҳамма нарса афғон ҳудудида ҳал бўлганди. Ҳозир НАТО ва ШҲТ мамлакатлари содир бўлаётган воқеани ҳам катта ўйин, деб аташ мумкин. Бунда ҳам мазкур ташкилотларнинг ҳар бири ўзининг хавфсизлик масаласида салоҳиятлироқ экани ва Афғонистон ҳудудида содир бўлаётган террорчилик, экстремизм ва бошқа салбий кўринишларга қарши самаралироқ кураша олишини исботлашга уринаяпти, - деди Эдуард Полетаев.

Афғонистон равнақини барча бирдек истайдими?

Ўз навбатида, ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Афғонистон иқтисодиётида барқарорлик ўрнатилишидан минтақа мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам қайсидир маънода манфаатдорлигини, чунки Ўзбекистон Афғонистонда кўпгина иқтисодий, энергетика лойиҳаларини амалга оширишга муваффақ бўлганини айтади. Бироқ, Т. Йўлдошевга кўра, Афғонистонда мутлоқ тинчлик ўрнатилиши Ўзбекистон ҳукуматидаги баъзи бир ҳукмрон кучларга қўл келмаслиги мумкин:

- Ўзбекистон ҳукуматидаги амалдорларга яқин бўлган айрим бизнесменлар Афғонистондан келаётган банг моддаларини бошқа давлатларга чиқариб юбориш орқали катта даромадга эга бўлмоқдалар. Айни пайтда, Ўзбекистон Афғонистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топишидан манфаатдор эмас. Гарчи расмий Тошкент бу ҳақда баёнотлар берса-да, унинг айтганлари қилган ишларига тўғри келмайди. Ўзбек раҳбарлари оғизда “Афғонистонда барқарорлик ўрнатилсин”, деб айтади, аммо Тоҳир Йўлдошга ўхшаган қуролли жангариларга ҳар тарафлама кўмак бериш орқали Афғонистондаги барқарорликни бузишга уринади, - деди Тошпўлат Йўлдошев.



XS
SM
MD
LG