Линклар

“Пахта фронти”да етти жон нобуд бўлди


Ҳукумат қарор ва ваъдаларига қарамай¸ ўзбекистонлик болалар ҳамон пахтазорда.

Ҳукумат қарор ва ваъдаларига қарамай¸ ўзбекистонлик болалар ҳамон пахтазорда.

Ўзбекистонда бу йилги пахта мавсуми етти нафар талаба ва мактаб ўқувчиси ҳаётига зомин бўлди. Ҳашарчи ёшларнинг ҳар йилгидек яна ўта оғир шароитда ишлаб- яшашларига тўғри келди.

Қарорлар бинойидек

Жорий йилда расмий Тошкент пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмасликка қарор қилган эди. Йил давомида “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Шунингдек, Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Ўтган ойда эса Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди. Бироқ...

Амалда эса...

Бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ёрдамисиз пахта йиғиштириб олиши қийин кўринади. Ўзбекистондаги Қийноқларни олдини олиш ва қийноқларга қарши курашиш тезкор гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоилов ўзи аъзо бўлган ташкилот мониторинги натижаларига кўра, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида пахта йиғим теримига 1-синфдан 5 синфгача бўлган мактаб ўқувчилари ҳам жалб қилинганлар. Ташкилот вакиллари жорий йилда пахта теришга мажбур қилинган болаларнинг ҳуқуқлари ҳар йилгига нисбатан кўпроқ бузилганлигини таъкидлайдилар.


Хоразмда ҳамма пахтакор

Хоразмда бу йил ҳам бошланғич синф ўқувчилари пахта мавсумида эксплутация қилинди. Хоразмлик олтинчи синф ўқувчиси Фарангизнинг айтишича, у ўқиётган мактабда ҳам 2-синфдан юқори барча синф ўқувчилари бир ой давомида пахта теримига жалб қилинган.

Ҳуқуқ ҳимоячилар ташвиш изҳор қиладилар

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси ҳам болаларнинг пахта теримига жалб қилиниши бўйича мониторинг ўтказди. Альянс раҳбари Елена Урлаева Наманганда ҳам 6-синф ва ундан юқори синф ўқувчилари, коллеж ва лицей талабалари теримга жалб қилинган. Айни ташкилот фаоллари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига очиқ хат йўллашиб, ўзбек пахтасини болалар меҳнати эвазига йиғиштириб олишга чек қўйилишига кўмаклашишни сўраганлар.

Ҳашарчи ёшлар шароит ёмонлигидан шикоят қиладилар


Пахта мавсумида ҳашарчи ёшлар санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайдиган шароитларда яшаб, пахта теришга мажбур бўлишди. Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежи талабаси шароит ёмонлиги боис пахта даласидан қочиб келган.

- Биз таги бетон бўлган оғилхонада тунардик. Шароит йўқ. Сувдан балчиқ ҳиди келади. Бу сувни ичган кўп киши касал бўлди. Овқати фақат макарондан иборат. Бўлка нонни тўртга бўлиб берарди. Овқатнинг ёмонлиги, сувнинг яхши эмаслиги сабабли пахтадан қочиб келдим, кўплар қочди пахтадан, - деди қашқадарёлик талаба.

Терим қурбонлари

Жорий йилдаги пахта мавсуми қурбонлари рўйхати етти кишига етди:

17 октябрь куни сурхандарёлик биринчи синф ўқувчиси пахта теримига кетаётган пайтда автомобиль уриб юбориши натижасида оламдан ўтди.

Октябрь ойи бошида Жиззах вилояти Зомин туманидан Зарбдор туманига пахта теримига мажбурий олиб келинган мактаб ўқувчиси дала шийпонидаги ҳовузга чўкиб нобуд бўлганди.

Жиззах педагогика институтининг биринчи курс талабаси, 17 ёшли Умида Донишева эса кам пахта тергани учун ўқитувчилардан дашном эшитгани учун ўзини пахта даласидаги дарахтга осиб қўйганди.

Сентябрь ойида эса Қашқадарё вилоятидаги коллеж ва мактаб ўқувчиларидан тўрт киши пахта терими пайтида ўзаро жанжаллар оқибатида, турли шароитларда ҳалок бўлдилар.

“Пахта-2008” қурбонлари рўйхати бундан-да узун бўлиши мумкин. Бу фақат жойлардаги ҳуқуқ фаоллари аниқлаган ва матбуотга маълум бўлгани, холос.

XS
SM
MD
LG