Линклар

"Қатағон давом этмоқда"

  • Садриддин Ашур

Сталин қатағонлари ҳам¸ бугун Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларга қарши бораëтган репрессиялар ҳам халқ номи билан¸ эл ва юрт тинчлиги иддаоси билан амалга ошмоқда.

Сталин қатағонлари ҳам¸ бугун Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларга қарши бораëтган репрессиялар ҳам халқ номи билан¸ эл ва юрт тинчлиги иддаоси билан амалга ошмоқда.

Ўтган асрнинг 30 йилларидаги Сталин қатағонлари юзлаб-минглаб ўзбек зиёлиларининг бошига етди.

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Усмон Носир каби шоир ва ёзувчилар ва яна минглаб оддий мусулмонлар ўз эркин қарашлари ва эътиқодлари учун қамоқларга ташланди ва отиб юборилди.

Кузатувчиларга кўра¸ ўзбекистонликлар мамлакат мустақилликка эришгач, бу қатағонлар тарихда қора доғ сифатида қолади, деб умид қилган эдилар. Лекин Озодлик мухбирига бу ҳақда ўз фикрларини айтган одамлар фикрича, мустақил Ўзбекистонда ҳозир ҳам у ёки бу шаклда қатағонлар давом этмокда.

Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси аъзоси Дилором Исҳоқованинг айтишича, Ўзбекистондаги бугунги вазиятни ўзбек халқи бошидан ўтган аввалги қатағонларга ўхшатмасликнинг иложи йўқ:

“Мен авваламбор вақтли матбуотни умуман телевидение¸ радиони назарда тутган бўлардим¸ солиштирган бўлардим. Ўша ўқиган нарсаларимдан худди ўша пайтдагидай одам газетани ëки телевидениени ичига кириб яшайдигандай ҳолатга келган бўлса керак¸ деб ўйлайман. Чунки у пайтда ëзилган¸ кўрсатилган нарсалар бошқа эди¸ ҳаëт бошқа эди. Бугун ҳам Ўзбекистонда худди шунақа аҳвол. Фақатгина битта фарқи бор: бу қатағон оммавий эмас. Танлаб-танлаб қатағон қилинаяпти. Шунга қарамасдан қамоқхоналар лиқ тўлиб кетган. Мана шу мустақил бўлганимиздан бери доимо ўзбек зиëлилари¸ фидойи фарзандлари қамалган¸ уларнинг оилалари қатағон қилинган¸ қувғинга учраган. Шу томонлари жуда ўхшаб кетади”.

Бу ўхшашликлар ҳақида гапирар экан, Дилором Исҳокова шундай давом этади:

“Ягона фарқи: бизда отилмайди¸ лекин отгандан баттар қилинаяпти. Шунча ваъдалардан кейин¸ комиссия келиб ўзгаришлар яхши дегандан кейин ҳам қамоққа олишлар тўхтамади. Бунинг устига жуда узоқ муддатлар билан қамашаяпти. Мана охирги ҳаммамизни қайғуга солгани Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновнинг қамалиши. Шулар мен ўйлайманки¸ қатағоннинг бир чеккаси бўлса керак”.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева ҳам Ўзбекистонда қатағонлар давом этаётганини таъкидлайди:

“Менинг назаримда Ўзбекистонда шу кунларда репрессия мавжуд. Бунга бизнинг севимли хонандамиз Дадахон Ҳасаннинг бир неча бор судланганлиги¸ эътиборли ëзувчимиз Мамадали Маҳмудовнинг¸ жасоратли шоиримиз Юсуф Жумаевнинг қамоқда ëтганлари¸ азоб чекаëтганлари¸ жасоратли ўзбек қизи¸ ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг қамоқда ëтиб¸ азоб чеккканлиги мисол.

Бу рўйхатни анчагина давом эттириш мумкин. Ўзбекистондаги қатағонларнинг яна бир тури кўпгина одамлар учун Ўзбекистон ичининг торлик қилиб қолгани. Ваҳоланки конституцияда¸ ҳар ким ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга¸ дейилган. Шунга қарамасдан¸ ҳур фикрли одамлар доимо қатағонга учраб ë чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлишади¸ ë сукут сақлашга мажбур бўлишади.

Умуман биз орзу қилган мустақиллик йилларида қатағоннинг янги-янги турлари пайдо бўлаëтганлиги жуда ҳам ачинарли ҳол. Мамадали Маҳмудов ҳатто СССР даврида ҳам ўзининг миллатим деган ғояларини ўз асарларида илгари сурган эди. Кейинги пайтларда ҳам у мана шу ғоя билан яшади. Лекин СССР даврида қамалмаган ëзувчи мустақиллик йилларида қамоққа ташланди”, - дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Кузатувчилар Ўзбекистон мусулмонларинин ҳукумат томонидан қатағонга учраëтганларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Диний айбловлар билан қамалганлар ишларини мониторинг қиладиган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг айтишича, диний эътиқоди учун қамалганлар сони бугунга келиб 10 мингдан ошиб кетган.

“Буларнинг айби йўқлиги бўйича бизларда ҳамма исбот ва далиллар бор. Масалан¸ мана шу қамалган ëки қидирувда бўлган намозхонларнинг биронтаси суд жараëнида ўзига қўйилган айбларни бўйнига олмаган. Булардан Ҳизбут- таҳрир билан қамалганлари орасида умуман Ҳизбут-таҳрир нималигини билмайдиганлар бор экан”¸ - дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов.



XS
SM
MD
LG