Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:35

Суд президентга игна санчишга рухсат берди


Франция президенти Николя Саркозининг дарғазаб онларидан бири.
Франция президенти Николя Саркозининг дарғазаб онларидан бири.
Франциядаги “K&B” нашриёти 9 октябрь куни президент Саркозининг тасвири туширилган картон қурчоқларни сотувга чиқарди.

Қурчоқ бўлиб, қурчоқ ҳам эмас. Ёш боланинг муштидай игна сақлагич ёстиқчалар бўладику? Ўшанақа ёстиқча.

Саркози қурчоқфурушларни судга берди. Суд президентнинг арзини қондирмади. Париж шаҳар судининг ҳукми "ўзига хос демократия"нинг "ўзига мос" жиҳатлари тўғрисида ўйлаб кўришга ундади.

Суд ҳукмида айтилишича, “K&B” нашриёти сотувга чиқарган ёстиқча-қурчоқлар - сўз ва фикр билдириш эркинлиги истифодасидир.

Французларнинг президенти серзардароқ ўзи. Судга арз қилар экан, “тасвирим мутлақ меники ва уни ҳар ким ҳар нарсага босиб сотавермасин”, деган.

Лекин суд... Суднинг ҳукмини айтдик.

Франция президентидан фарқли ўлароқ Ўзбекистонникини анча кенг одам дейишади. Ҳар нарсага аччиқ қилавермайди. Сўз эркинлиги нималигини яхши билади. Масалан, чиқишларидан бирида интернет тўғрисида мана бу гапни айтган эди:

«Интернет катта бир магазин. Шу магазинга борганда одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни мутлақо ëпиб қўйиш бу мутлақо ахмоқона фикр. Буни ëпиб бўлмайди. Кимки шунга уринадиган бўлса¸ у қип-қизил ахмоқ».

Мана шундай деб турса ҳам, биронта ўзбек ношири президентининг қўғирчоғини чиқарган эмас, биронта ўзбек рассоми президентини карикатура қилган эмас. Бундай ҳолатни, аслида, постсовет мамлакатларининг аксариятида кузатиш мумкин.

Хўш, бунинг сабаблари нимада? Миллий анъаналардами ё мақтанилаётган демократиянинг сохталигидами?

Шу ва шунга ўхшаш саволларимизни озарбайжонлик карикатурачи рассом ва журналист Аёз Аҳмедовга бердик. Суҳбатимиз Саркози ютқазиб қўйган суд ишидан бошланди ва Аёзбей “Мен, агар ютиб олганида ҳайрон бўлган бўлардим. Ғарб учун бу типик ҳолат”, деди.

Аёз Аҳмедов – “Деф(ф)ект”, “Экстремист” ва “Чашма” сатирик газеталари муассиси ва ношири. 1995 йили президент Ҳайдар Алиевни обрўсизлантирганликда айбдор деб топилиб¸ 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўша йилнинг ноябрида халқаро ташкилотлар босими остида қамоқдан озод қилинган. 1996 йили мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Каспийнинг ғарбию шарқий соҳилларидаги президентларнинг¸ Цезарнинг хотини шубҳадан холи бўлганидай¸ маҳаллий матбуотда танқиддан холи эканлиги сабабларини¸ коммунистик ўтмишдан изламоқ керак, дейди Аёзбей.

“Совет ҳокимиятини ўрнатиш сарказмга йўғрилган танқид у ёқда турсин, ҳар қандай кўринишдаги танқидни таг-томири билан йўқ қилишдан бошланган эди”.

Гап ҳукмдорни матбуотда сатира қилиш ва бундай сатиранинг Каспийнинг шарқию ғарбий соҳилларида йўқ эканлиги устида борар экан, миллий ва диний ўзгачаликларни баҳона қилиш¸ ўша ҳукмдорларнинг тегирмонига сув қуйиш билан тенг. Зеро, Ғарб учун ҳам, Шарқ учун ҳам матбуотнинг ўзи нисбатан янги ҳодиса, дейди Аёзбей.

Ҳокимият тепасига большевиклар келгунича¸ Озарбайжонда миллий матбуот оёққа турган ва унда Оқ пошшодан тортиб маҳаллий амалдорларгача карикатура қилинар эди¸ дейди озарбайжонлик рассом ва журналист Аёз Аҳмедов.

Марказий Осиёда газетада карикатураси чиқишига чидаб тура оладиган биргина президент бор эди. Карикатуралар чиқаверди, қизиқчилар пародия қилаверди, аскиячилар пайровга солаверди. Охир-оқибат қурол ишлатишни у ўзига ор билди-да, ҳокимиятни талаб қилиб келганларга ўрнини бўшатиб берди-қўйди.

Демак, карикатура ҳокимиятдан ажралишга олиб борадиган нарса экан.

Саркози қурчоқфурушларни ҳокимиятдан ажралиб қолишдан қўрққани учун судга бергани йўқ. Ҳамма нарсадан қўрқса ҳам шундан қўрқмайди. Чунки муддати битгач, барибир кетишини билади.

Французлар анойи эмас. Муддати битган одамни қайта сайлаб ўтирмайди.

XS
SM
MD
LG