Линклар

logo-print

" Тузоқ олдиндан тайëр бўлган."

  • Ҳурмат Бобожон

Умида Ниëзова 2008 йил сентябрида халқаро майдондаги узоқ уринишлардан сўнг Берлинга келди.

Умида Ниëзова 2008 йил сентябрида халқаро майдондаги узоқ уринишлардан сўнг Берлинга келди.

30 октябр куни жаҳон бўйлаб Қатағон қурбонлари куни нишонланди.Шу куни расмий Тошкент тазйиқига учраб¸ 2007 йили уч ярим ой мобайнида қамоқда ўтириб чиққан ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналист Умида Ниëзова қамоқхона кечинмаларини ëдга олди.

32 яшар Умида Ниёзова 2007 йил январ ойида Ўзбекистонда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини бузишга чақирувчи адабиётларни мамлакатга қонунга зид равишда олиб кириш ва тарқатишда айбланиб ҳибсга олинди ва уч ярим ой мобайнида қамоқда ўтирди.

Тараддуд

2006 йил 21 декабр. Умида ўша куни Бишкекдаги “Журналистика ва демократия” анжуманидан қайтаётганида, Тошкент аэропортида ушланади.

“Ушланишимга сабаб қилиб багажга берган компьютеримни декларацияга киритмаганимни сабаб қилиб кўрсатишди. Аслида мен уни декларацияга киритган эдим, бошқа жойга ёзиб қўйган эканман. Шундай қилиб улар, компьютерим ва флэш дискларим текшириб кўрилишини айтиб, уларни паспортим билан бирга қўшиб олиб қўйишди”, - дейди Умида Ниёзова.

Божхоначилар ўз ҳатти-ҳаракатларини оқлаш учун Умидага Ўзбекистон президентининг босма адабиётлар ва ахборот ташувчи бошқа воситалар текширилиши кераклиги ҳақидаги фармонини кўрсатишган.

Бишкекка йўл

Протокол тузилиб, Умидани яна чақиришлари ҳақида огоҳлантириб, қўйиб юборишган. Умиданинг компьютерида Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг 2005 йил 13 май Андижондаги қирғин ҳақидаги “Ўқлар ёмғири остида ёки Андижон қирғини” деб номланган ҳисоботи ва журналистика ҳамда ҳуқуқ ҳимоясига оид бошқа маълумотлар бор эди. Умиданинг дўстлари бунинг учун унга 144 модда, яъни ноқонуний материалларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш айби қистирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришади ва Ўзбекистонда қолиш хавфли эканини айтишади. Вазият хавфлилигини англаган Умида Бишкекка кетишга қарор қилади.

“Бишкекка кетишдан олдин мен адвокатимни компьютерим масаласида мени хабардор қилиб туришини сўрадим. Бир узоқроқ қариндошим паспортим йўқлиги туфайли бошқача йўл билан Қирғизистонга ўтказиб қўядиган бўлди. Мен ва икки яшар ўғлим Қирғизистон тарафга кетдик. Ўшга боргач, раҳматли Алишер Соипов Ўшда қолишим хавфли экани, шу боис Бишкекка кетишимни маслаҳат қилди ва бизни Бишкекка кузатиб қўйди”.

Тузоққа тушиш

Лекин Умиданинг Ўзбекистонни бутунлай тарк этгиси йўқ эди. У Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботини қўлида олиб юргани учун қамашгача бормас деб ўйлади. Лекин Ўзбекистон ҳуқуқ- тартибот идоралари уни қўлга олиш ҳаракатига тушган, Умидани тузоққа илинтириш учун унинг адвокатига жиноят иши очилмаслиги ҳақидаги ҳужжатни ҳам кўрсатишган. Лекин бу ҳужжат қайси идора ходимлари тарафидан кўрсатилганини адвокат кейинчалик исботлаб бера олмаган. Умида Ниёзова ўзига нисбатан жиноят иши очилмаслиги ва бунинг учун асос йўқ деган ҳужжатга ишониб, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади. Айни йўл билан, паспортсиз Ўзбекистон чегарасидан ўтаётганида машина тўхтатилиб, Умида қўлга олинади.

Тошкентга суюнчи

“Божхона пункти олдига келдик. Машинада ўтирганимда ташқарида мен ҳақимда гапирилаётган гапларни эшитдим. Кимдир кимгадир ҳисобот беряпти “у тутилди” деб. Менимча¸ улар менинг қаерга олиб борилишимни гаплашишаётган эди. Бир-икки соатдан кейин МХХ ходимлари келишди. У ерда уларнинг мени бу ерда кутиб туришганликлари аниқ бўлди. Яъни бу тузоқ эканини ўша ерда тушундим”.

Умиданинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасини кунига юзлаб одам ноқонуний тарзда кесиб ўтади. Ҳатто чегарачилар, божхоначилар пул эвазига бунга шерик бўлишади. Улар жазога тортилмайдидар. Хуллас Умида Ниёзовани ўша ернинг ўзида қўлига кишан тақиб, Андижон миллий хавфсизлик идорасига олиб боришади. Унга нисбатан 246 модда, яъни контрабанда бўйича жиноят иши очилганини айтишади.

“Улар буни Тошкентдан факс орқали олишганини айтишди.У қоғозда ёзилганки, мен 21 декабр куни яъни аэропортда ушланган куним бўйича экспертиза хулосасига кўра, 246 модда билан айбланмоқдаман. Ундан кейин мени Андижон шаҳар милиция биносидаги ИВСга олиб боришди. Бу ертўла (подвал) жуда-жуда совуқ ва ифлос. У ерда уч кун сақландим”.

Тоштурмадаги кўргуликлар

Шундан сўнг Умида Тошкентга олиб ўтилади. Умида МХХнинг зах ертўлаларидан Тоштурмага юборилади.

“Тоштурма жуда қоронғи, совуқ ертўлалардан тузукроқ жой. Чунки камера ҳар ҳолда иккинчи қаватда жойлашган. Турма барибир турма. Кичкина жой. Тахминан 3 метрга 4 метр. Ҳамма нарсаси ичида. Шу камерада мен салкам уч ярим ой ўтирдим. Эрталабдан кечгача фақат камерада ўтиришга тўғри келди ва бир кунда ярим соатлик саëҳат (прогулка) бор эди”.

Умида Тоштурмада ёнига махсус одам қўйилганини эслайди. Унинг айтишича, бу аёл маҳбус ёнига махсус қўйилган.

“Одатда сиëсий маҳбусларнинг битта ўзини қўйишмайди. Уларнинг ëнида турма ходимлари билан ишлайдиган маҳбуслар ўтиради. Булар сиëсий маҳбуснинг ҳаракатларини, кайфиятларини турма ходимларига етказиб турадиган одамлар. Кейинчалик менинг билишимча, худди шу камерада худди шу маҳбус билан Нодира Ҳидоятова ўтирган ва Мўътабар Тожибоева ҳам ўтирган экан. Бу махсус Тоштурма администрацияси билан ишлайди. Ишлайдимас¸ қанақадир ҳамма гапни етказиб турадиган маҳбус. Улар сиëсий маҳбусларнинг ички фикрларини билиб, турма администрациясига етказиб турадилар”.

"Компетентлар" ғамхўрлиги

Ўша аёл Умидага “компетент” одамларга чиқиш имкони борлигини, агар уларнинг шартига кўнилса, озодликка чиқиш имкони борлигини ҳам айтади.

“Администрация билан ишлайдиган маҳбус суддан кейин ҳар доим “Мана Нодира Ҳидоятова ва бошқалар кечирим сўраб чиқиб кетишган. Бунақа имконият бор. Агар бунақа имкониятдан фойдаланмоқчи бўлсанг, “компетент” одамларга хат ëзишинг мумкин ва мен хатни уларга етказаман” деб айтарди”.

Озодлик: Компетент одамлар кимлар?

“Менинг тарихимда компетент одамлар МХХ ходимлари бўлиб чиқди”.

Умида уларга ариза билан мурожаат этишга қарор қилади.

“Суддан кейин мен колонияга боришга тайëр бўлиб турган эдим. Уйдагилар билан биргина учрашган пайтимда колонияга керак бўладиган нарсаларнинг рўйхатини бериб юборган эдим. Лекин ҳар доим ота-онамни ва боламни ўйлаган ҳолда агар бунақа имконият бўлса, фойдаланишга қарор қилдим. Лекин мен у пайтда компетент одам кимлигини билмас эдим. Кейин мен фойдаланмоқчи бўлиб мурожаат қилдим. Кейин мени Тоштурма бошлиғининг хонасига чақиртиришди. У ерга борганимда МХХнинг иккита ходими ўтирган эди. Биз бир неча кун музокаралар олиб бордик. Бошидан менга бир неча шартларни билдиришди. Биринчи шарт, мен ҳамма айбларга иқрор бўлишим керак. Иккинчи шарт, мен шахсан ўзим ишлаган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг ва шу ташкилот директори Андреа Бергнинг фаолиятини қоралашим керак эди. Биз МХХ ходимлари билан биргаликда судда гапириладиган гапларни ëздик. Бу матнни қилсаммикан деб бир неча бора ўйладим. Бу матнни 100 марта ўқиб чиққан бўлсам керак. Уларнинг хоҳиши бўйича ҳамма менинг айтган гапларимга ишониши керак эди. Шунинг учун мен табиийроқ гапиришим керак эди”.

Озодлик: Улар мана шуни гапирсанг озод қиламиз дейишдими?

“Очиқдан-очиқ айтилмади. Улар аппеляция судида бу нарса кўриб чиқилади ва биз ўз имконият даражамизда ëрдам беришга ҳаракат қиламиз деган гапни айтди. Бу кўпроқ театрга ўхшаган нарса эди”.

Театрлашган томоша

Апелляция суди 2007 йилнинг май ойида бўлиб ўтди.

“Махсус конвой билан суд биносига олиб келишди. Суд залига кирдим. У ерда скамейкалар қўйилаëтган эди. Мен бу сафар жуда кўп одам киритилса керак деб ўйлаган эдим. Ҳамма мен билган инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар келишди. Ўша пайт менинг ҳаëтимда энг оғир дақиқалар бўлди”.

Кейин маълум бўлишича, дейди Умида, бу Андреа Бергни ёмон отлиқ қилиш ва унинг аккредитациясини узайтирмаслик учун бир баҳона ўйлаб топиш мақсадида уюштирилган экан.

“Менимча, ўша пайтда Андреа Бергнинг фаолияти МХХ ходимларига ëқмаëтган бўлса керак. Чунки шахсан Андреани қоралаш асосий иш эди. Кейинчалик менинг билишимча, Андреага аккредитация берилиши керак бўлган. Лекин Андреа аккредитация олмасдан Ўзбекистондан кетишга мажбур бўлди.

Озодлик

Умида шу куннинг ўзида шартли жазо билан суд залидан озод этилди. Суд биносидан чиқар экан, Умидани ҳамкасблари қучоғига олишди.

“Мен суд залидан чиққанимда Андреани қидирдим, лекин топа олмадим. Бу пайтда мен жуда хафа бўлдим. У менинг гапларимдан хафа бўлиб, суд залидан хафа бўлиб чиқиб кетиб қолган бўлса керак деб ўйладим. Суд биносидан нарироқ чиққанимда Андреа мени кутиб турган эди. Қучоқлашганимизда у мендан хафа эмаслигини, ҳамма нарсани тушунганлигини, бу ҳақда гапириш шарт ҳам эмаслигини айтди”.

Умида шартли жазо билан озод этилди, лекин амнистиягача ҳали анча бор эди. Ниҳоят 2007 йилнинг февралида Умида авф этилди.

Ҳозир у Германияда. Яқинда Ҳюман Райтс Уотч Умида Ниёзовани адолатни қарор топтириш ва қийноқ ҳолларини очиб ташлашда кўрсатган жасорати учун тақдирлади. Умида Ниёзова Бирма, Конго, Саудия Арабистони ва Шри Ланкадан бўлган яна тўрт нафар инсон ҳуқуқлари фаоллари билан бирга халқаро ташкилотнинг нуфузли мукофотига лойиқ деб топилди.

Бир йилдан сўнг Умида Ўзбекистонга қайтиш умидида.

“Мен бир йилга Германияга боришга рухсат олдим. Бу ерда ишлаяпман. Бир йилдан кейин Ўзбекистонга қайтиб кетаман деб умид қиламан”.




XS
SM
MD
LG