Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ҳар ўн одамнинг бири Интернетдан фойдаланади

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистондаги аксар ëшлар учун виртуал дунëга кириш имкони Интернет кафелардадир.

Ўзбекистондаги аксар ëшлар учун виртуал дунëга кириш имкони Интернет кафелардадир.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони қарийиб 2.5 миллионга етган. Яъни мамлакат аҳолисининг тахминан 10 фоизи Интернетдан фойдаланади. Бу ҳақдаги маълумотларни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълум қилди. UZ маконида рўйхатга олинган доменлар сони эса 7350тага етган.

Йил бошида бу рақам 5766 тани ташкил этган. Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари муовини Ҳаким Муҳиддиновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Интернет жаҳон тармоғига чиқиш тезлиги секундига 515 Мбитга тенглашган. Интернет кафелар сони 1000 тадан ошган.

Ўзбекистонлик алоқачиларнинг ҳисоб-китобига кўра, жорий йил бошидан бери республикада стационар телефонлар сони 15,3 мингтага кўпайган ва 2008 йил биринчи июлга келиб уларнинг умумий сони 1,82 миллионни ташкил этади.

Шу билан бирга, уяли алоқа абонентлари сони 10 миллиондан ошган. Шундай қилиб, Ўзбекистонда мобиль алоқага эгалик даражаси 100 кишига 38-40 тадан тўғри келмоқда. Ўзбекистонда Интернетга оид рақамлар кун сайин катталашиб бораётганига қарамай, Ўзбекистонда ҳукумат наздида мухолиф бўлган “ferghana.ru”, “Озодлик”, “Би-Би-Си”, "uznews.net", “centеrasia.ru” каби сайтларга киришга ҳамон тўсиқлар мавжуд. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “интернетни бўғиш ғирт аҳмоқлик” деб айтган. Лекин ўзбекистонликлар ҳатто Интернетдаги энг оммабоп "Youtube.com" видео порталига ҳам кириш имконидан маҳрум этилган. “Uznews.net” нашрининг ўзбекча саҳифаси муҳаррири Қудрат Бобожон Ўзбекистонда мухолиф ва бошқа сиёсий сайтлар тўсилаëтганига қарамай Интернетдан фойдаланиш имконияти борлигининг ўзи ижобий ҳолат эканини айтади.

“Интернетдан фойдаланувчиларнинг сони Ўзбекистонда ошгани албатта фойдали. Айрим мухолиф сиëсий қарашдаги сайтларга тўсиқ қўйилишига қарамасдан, барибир шу сайтларга кириш имконияти мавжуд. Чунки тўсиқларни интернет оламидаги анонимайзерлар ëки прокси сайтлар орқали айланиб ўтиш мумкин. Интернет ҳар доим очиқ фикр майдони бўлиб қолаверади”.

"Озодлик" сайти янгича бўлди

30 октябрдан бошлаб “Озодлик” радиосининг Интернетдаги сайти янги шаклга ўтди. Куннинг асосий воқеалари фотосуратлар билан бирга сайтнинг уст саҳифасида намоён бўлади. Бундан ташқари сайтга кирувчилар нафақат матнларни ўқишлари, балки радиони эшитишлари, айрим видео лавҳалар, видео интервьюларни томоша қилишлари мумкин бўлади.

Қолаверса, Ўзбекистонда “Озодлик” сайти тўсилган бир пайтда ўқувчиларимиз маълумотларни RSS лентаси орқали олиш имконига эга бўладилар.

Сайтни ишлаб чиқишда бевосита қатнашган ҳамкасбим Зебунисодан янги кўринишдаги сайтнинг яна қандай янги жиҳатлари бор деб сўрадим.

Зебунисо: Тан олишга тўғри келади шу пайтгача Озодликнинг интернетдаги сайти анчагина эскирган, анчагина ортда қолган шаклда эди. Сиз тилга олган янги ишга тушдиган сайтимизда биринчи навбатда тизим жиҳатдан янгиликка келадиган бўлсак, бу тингловчиларимиз, ўқувчиларимиз билан алоқа имконларининг кенгайиши. Инглизча айтадиган бўлсак interactivity. Тингловчиларимиз ва ўқувчиларимиз бундан буëн бевосита дастурларимизга ўз таъсирларини кўрсатиш, ўз фикр-мулоҳазаларини янада кенгроқ оммага ëйиш имконияга эга бўладилар. Бунинг учун бизда ҳафталик сўровимиз бўлади.

Сайтимизнинг биринчи сўрови демак ëзув масаласида бўлди. Буни ўқувчиларимиз бизнинг сайтимизга киришса ўзлари кўришади. Кейин ҳар ҳафтада янги форум очилади. Бу мунозара давомида биз ўқувчиларимизга ҳар ҳафтада янги савол тақдим этиб келамиз. Ўқувчи ҳукмига ташланадиган янги сайтимизнинг биринчи саволи “Агар президент Каримовга савол бериш имкони бўлса, унга қайси саволни берган бўлардингиз?”.

Демак, ҳар ҳафта ўқувчиларимиз шунақанги уларнинг ҳаëтлари билан боғлиқ ва Ўзбекистон ҳамда дунëда бўлаëтган воқеаларга ўз фикр-муносабатларини билдиришга кенгроқ имкон берувчи саволларга жавоб бериш имконига айни пайтда Ўзбекистон, Марказий Осиë ва дунëга оид мақолаларимиз хусусида изоҳ юбориш имконига эга бўладилар.

Озодлик: Демак бу ерда нафақат эшитиш, ўқиш балки кўриш ҳам бўлади.

Зебунисо: Бизнинг сайтимизнинг энг тепасида Мултимедиа деган тугма туради. Ўша тугмачани босган ўқувчимиз бевосита Ўзбекистон ва бизнинг дастурларимизда бизнинг веб-саҳифамиздан ўрин оладиган мавзулар юзасидаги видеолавҳаларни ҳам кўриш, ҳам тинглаш имконига эга бўладилар. Бундан кейин Озодликнинг янги сайти бир форматда яъни фақат ўқиш ëки эшитиш форматида эмас, кенг форматдаги саҳифа бўлади. Унда сиз айтгандек аудио, видео, фотосуратлар галереяси, ҳар битта мавзу юзасидан имкон қадар янги суратлар тақдим этилади. Буни бир сўз билан янги форматдаги медиа саҳифаси деб аташ мумкин.

Ўзбекистонни IPhoneда томоша қилинг

Google Earthнинг I Phone ҳамда iPod Touch учун мўлжалланган янги версияси ишлаб чиқилди. Google қидириш тизимида ер куррасини сунъий йўлдош орқали кўриш имконини берувчи Google Earth тизими уч йил аввал ишга туширилган, лекин ундан уяли телефонларда фойдаланиш мумкин бўлган дастур йўқ эди. Ишлаб чиқилган янги дастур IPone орқали ер курраси, жумладан Ўзбекистон шаҳарлари кўчаларини ҳам тепадан кўришингиз мумкин. Ўзингиз турган шаҳардан бошқа шаҳарга сайёҳат қилмоқчи бўлсангиз, янги дастур сизга йўл кўрсатувчи бўлиб ҳам ҳизмат қилиши мумкин. Шунингдек, Google Earth жаҳондаги минглаб шаҳарлар ҳақидаги маълумотлар ва фотосуратларни ўз ичига олган. Демак, Google Earth дастурини IPhone га интернетдаги IPhone App.Store сайтидан бепул юклашингиз мумкин.

Sony компьютер ўйини мусулмонларни ранжитиши мумкин

Япониянинг Sony ширкати "LittleBigPlanet" ("Кичик улкан сайёра") компьютер ўйинини мусулмонларнинг кўнглини оғритиши мумкин деган хавотирда савдога чиқаришни кечиктирди. Компьютер ўйинининг мусиқасида Қуръондан олинган оятлар ҳам аралашиб кетган. "Қуръон"дан олинган оятларнинг аралаш мусиқа орасида янграши мусулмонлар учун ўта ҳақоратли деб кўрилиши мумкин. Видео ўйинларда Қуръони Карим оятларининг қўлланилиши Исломга қанчалик тўғри келади? Бу ҳақда мен Швецияда яшаётган таниқли ўзбекистонлик уламо Обид Қори Назаровдан сўрадим.

“Дарҳақиқат Қуръони карим мусулмонлар учун Оллиҳ томонидан нозил қилинган муқаддас китоб. Шунинг учун буни ҳар хил ҳолатда, ҳар хил жойларда ишлатиш жоиз эмас. Қуръони каримни ўзига яраша ҳурматини сақлаш барча мусулмонлар учун вожиб ва фарз. Бу дегани мусулмон одамлар ўзларининг китобларини бошқа одамларнинг қўлларида ҳар хил мақсадларда ишлатилишига ҳам йўл қўйишлари тўғри бўлмайди. Ана шундай ўйинларга агар Қуръон оятлари қўшилган бўлса, бу албатта норозиликлар келтириб чиқариши муқаррар. Шунинг учун ҳам бу фирма ўзининг қилган хатосини англаб бу нарсадан тўхтаса ва ўша ўйинларини қайтариб олаëтган бўлса, ҳақиқатан ҳам бу ўринли бўлган бўлади”.

Озодлик: Қуръони каримни танитиш нуқтаи назаридан бундай ўйинларга қандай қаралади? Яъни Қуръонни ўрганиш ўйинларга тадбиқ этилса, қандай бўлади?

“Қуръони каримни ўргатадиган турли хил асбоб-ускуналар мана ҳозир чиқаяпти. Компьютер технологиясидан фойдаланган ҳолда Қуръон ўргатадиган шундай жиҳозлар сотилади. Ўйинлар масаласига келсак, исломда ҳам мана шундай бўш вақтларни мазмунли ўтказиш учун кўнгилочар ўйинларга рухсат этилади. Аммо уларнинг маъноси, мазмуни инсонларнинг ахлоқига, ҳаëтига ва эътиқодига хилоф келадиган бўлмаслиги керак. Аксинча ўйинлар одамнинг бу ҳаëтдан покиза ҳаëт, ҳалол меҳнат ва яратганга ибодат билан ўтиши каби мақсадларга йўналтирилган бўлиши керак. Шунинг учун исломда ҳам турли хил мусобақалар, ўйинлар ташкил этилади. Мана шу ўринда Қуръон оятларини ўйинга аралаштириб эмас, балки мазмунларидан фойдаланиш мумкин.

"Media Molecul" тарафидан яратилган "LittleBigPlanet" видео ўйини, ўйин ясовчи ўйиндир. Янги видео ўйин ўйинчиларга ўз ўйин майдончаларини яратиб, уни Play Station тармоғи орқали бошқа ўйинчилар билан алмашишларига имкон беради. Бундан ташқари "LittleBigPlanet" да жойлаштирилган ҳамма нарса - характер, объект ва бошқа нарсалар ўйинчиларнинг ўзлари томонидан яратилиши мумкин.

Уяли телефон толибонга ҳам қўл келмоқда

Уяли телефонлар бугунги кунда нафақат сўзлашиш воситаси, балки ахборот ташувчи ускуна ҳамдир. Бу имконият Афғонистонда Толибон ҳаракати учун ҳам қўл келган кўринади.Кобулдан мухбиримиз Олим Кўҳкан.

Толибларнинг сўнгги пайтларда ўзларини тарғиб этиш ва пропаганда ишларини амалга ошириш учун уяли телефондан кенг фойдаланиб келинаëтгани айтилади. Жангари толиблар ОАВ адресларига мобил телефонлардан қисқа пайғомлар ë СМС жўнатиб, ҳамда мухбирлар билан номаълум жойлардан уяли телефонлар орқали боғланиб, ўзларига тегишли хабарларни ОАВ ихтиëрига қўядилар.

Толибларнинг ўз пайғомларини ОАВларга жўнатиб, мухбирларни мазкур хабарларни нашр этишлари учун таҳдид қилаëтганликлари ҳам айтилади. Афғонистонлик мустақил журналист Валижон толибларнинг уяли телефонлар ҳамда интернетдан ўзларини тарғиб этиш учун кўп фойдаланаëтганликларини айтади.

“Айтилишича, кейинги вақтларда толиблар интернетдан айниқса, youtube.com сайтидан кенг фойдаланмоқдалар. Дарвоқе толиблар ушбу сайтда ўз фаолиятларини акс эттирувчи видеоларни қўядилар. Яқинда толибон томонидан youtube.com сайтида қўйилган видеолардан бирида мазкур жангарилар одамларнинг калласи танасидан жудо қилинаëтганининг даҳшатли ҳолати акс эттирилган”.

Бундан ташқари жангари толиблар интернетда ўзларининг сайтларига ҳам эгалар. Ушбу сайтда толибларнинг хабарлари уларнинг раҳбарларининг турли муносабатларига бағишлаб ëзилган пайғомлари қўйилади. Баъзи бир ОАВ мухбирларига қараганда журналистлар учун Афғонистон давлат идоралари масъуллари ва матбуот вакилларини топиб, улардан маълумот олишдан кўра, толиблар матбуот вакиллари билан гаплашиш осонроқ. Чунки, дейди журналистлар, толибларнинг матбуот вакиллари телефон орқали ҳар доим мухбирларга қўнғироқ қилиб, уларга ўз хабарларини етказиб турадилар.

Ҳарбий мутахассислар фикрича, толиблар сўнгги чоғларда телекоммуникация ва замонавий алоқа воситалари аҳамиятини яхши англаганлар ва ушбу воситалардан усталик билан фойдаланиб келмоқдалар.Шу кунда Афғонистон бўйлаб бешта уяли телефон ширкатлари фаолият олиб бормоқда. Айтилишича, мамлакат аҳолисининг тахминан 6 миллиони уяли телефонлардан фойдаланадилар. Дарҳақиқат, Афғонистоннинг олис минтақаларидан туриб мобил телефонлари воситасида юртнинг ичкариси ҳамда дунë билан боғланиш мумкин.


XS
SM
MD
LG