Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:28

ЕИ вакиллари Тожикистонга келди


Тожикистон ЕИ билан ҳамкорликни кенгайтириш илинжида. Иттифоқнинг жорий президенти Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер тожикистонлик ҳамкасби Ҳамрохон Зарифий билан.
Тожикистон ЕИ билан ҳамкорликни кенгайтириш илинжида. Иттифоқнинг жорий президенти Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер тожикистонлик ҳамкасби Ҳамрохон Зарифий билан.

Европа Иттифоқи делегацияси Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиш мақсадида 31 октябр куни Душанбега келиб, мамлакатдаги жамоатчилик ташкилотлари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашди.

ЕИ вакиллари инсон ҳуқуқлари борасида музокаралар ўтказмоқчи
Ушбу ташриф ўтган йили Марказий Осиё давлатлари томонидан тасдиқланган Европа Иттифоқининг минтақага доир Стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур Стратегиянинг асосий мақсадларидан бири Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон ҳукумати билан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масалаларида музокаралар олиб бориш экани таъкидланади.
Европа Иттифоқи делегацияси расмийси Риина Кионка тожик ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вазиятига доир мавзуда музокара ўтказишга рози бўлганини яхшилик аломати, дея баҳолади:
- Тожикистон расмийлари билан суд тизимида ислоҳотлар ўтказиш, жамоатчилик ташкилотлари тузишда чигалликларга барҳам бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқлари, сўз ва дин эркинлиги, хусусан, Европа Иттифоқи учун муҳим саналмиш матбуот эркинлиги борасида суҳбатлашмоқчимиз, - деди ЕИ вакиласи.
Риина Кионка хоним сўнгги пайтларда Тожикистонда диний ташкилотлар ва ҳукуматни танқид қилувчи нашрлар фаолиятини чеклаш, мухолифатдаги партияларга нисбатан босим ўтказиш ҳамда улар фаолиятига аралашиш каби ҳолатлар туфайли тожик ҳукумати танқидга учраётганини ҳам таъкидлаб ўтди.
Жамоатчилик фаоллари ЕИ делегациясини Тожикистондаги вазият билан таништирдилар
Бугун эрталаб Душанбе шаҳрига келган Европа Иттифоқи делегацияси куннинг биринчи ярмида Тожикистондаги жамоатчилик ташкилотлари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашди.
Тожикистон сиёсатшунослар миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимовнинг “Озодлик” радиоси мухбирига маълум қилишича, ЕИ делегацияси ҳукумат масъуллари билан учрашишдан аввал тожик жамиятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият борасида ноҳукумат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари фикрларини билишни исташган.
- Биз мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бугунги куннинг долзарб масалалари, жумладан, болаларни пахта далаларига ҳайдаш, қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилиши ҳамда тожик жамиятида сиёсий партиялар фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот бердик. ЕИ вакиллари бу фикрларимиз ҳукумат расмийлари билан учрашувларда таъкидланиши ва бу масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзаро фикр алмашинишига бизни ишонтирди, - деди Мамадазимов.
ЕИ вакиллари ташрифидан умид катта
Қайд этиш ўринлики, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар тожик жамиятида, умуман, Марказий Осиё бошқа давлатларида ҳам кеча ёки бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Бу масалага хорижий ташкилотлар ҳар қанча эътибор қаратишмасин, муаммо муаммолигича қолиб кетаяпти, дея таъкидлади Абдуғани Мамадазимов:
- Бугунги делегация ноҳукумат ташкилоти эмас. Балки Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига доир катта дастури доирасида амалга оширилаётган ташриф бу. Шуни эътиборга олган ҳолда, ишонч билан айтаманки, бу сафардан ижобий натижа кутиш мумкин ва минтақа давлатлари, хусусан, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани билан боғлиқ ташвишлар унутилиши яқин,-деди Мамадазимов.
Маълум бўлишича, Европа Иттифоқи делегацияси уч кунлик сафар мобайнида Тожикистоннинг Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Суд ва прокуратура ходимлари билан ҳам учрашиб, инсон ҳуқуқлари вазиятига доир муаммолар ечими борасида фикр алмашмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқиделегацияси аввалроқ минтақа давлатларидан Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга ҳам сафар қилиб, бу мамлакат расмийлари билан инсон ҳуқуқлари муаммолари, жумладан, дин ва сўз эркинлиги, сиёсий партиялар фаолиятидаги қийинчиликлар, қамоқхоналардаги вазият, болалар ҳуқуқлари юзасидан музокаралар олиб борган.
XS
SM
MD
LG