Линклар

Солижоннинг дўстлари режимни қораламоқда


Халқаро уринишларга қарамай Солижон Абдураҳмонов сохта айб билан ҳамон қамоқда қолмоқда.

Халқаро уринишларга қарамай Солижон Абдураҳмонов сохта айб билан ҳамон қамоқда қолмоқда.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмонов адвокатларининг Қорақалпоғистон Олий судига апелляция тартибида йўллаган шикоят аризаси тақдири ҳанузгача ҳал бўлгани йўқ.

Банг моддаси сотишга уринганликда айбланиб, 10 йил муддатга қамалган С. Абдураҳмоновнинг ҳамкасблари айни ҳолатни журналистнинг касбий фаолияти билан боғлар экан, буни Каримов режимининг эркин фикрли шахсларга нисбатан тоқатсизлигининг яна бир исботи сифатида баҳолашмоқда.
Ю. Расул: Мустақил журналистларга нисбатан амалга оширган яна бир жиноят
Ҳозирда Швецияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Юсуф Расулов С. Абдураҳмоновнинг ўн йилга қамалишини Каримов режимининг мустақил журналистларга нисбатан навбатдаги жинояти сифатида баҳолайди:
- Инсон сифатида, журналист сифатида мен Солижон Абдураҳмоновни жуда яхши танийман. У кишининг бирор-бир гиёҳванд модда истеъмол қилиши ёки сотиши тасаввурга сиғмайдиган ҳолат. Солижон аканинг уюштирилган айблов билан қамалиши Ўзбекистон режимининг мустақил журналистларга нисбатан тоқатсизлигини яна бир бора кўрсатди. Ўзбекистон ҳеч қачон эркин фикрлайдиган, мустақил журналистлар йўл очиб бермаслиги, ҳар қандай танқидларга бор кучи билан тўсқинлик қилишини очиқ кўрсатиб турибди. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг, Каримов режимининг мустақил журналистларга нисбатан амалга оширган яна бир жинояти, деб ҳисоблайман, - деди Юсуф Расулов.
Қ. Бобожонов: Ўзбек расмийларига журналист танқиди ёқмади
Ҳозирда муҳожирликда яшаётган хоразмлик журналист Қудрат Бобожоновга кўра, Солижон Абдураҳмонов қаламига мансуб танқидий ва таҳлилий мақолалар Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаганлиги боис уни сохта жиноятда айблаганлар:
- Кейинги пайтларда С. Абдураҳмонов Қорақалпоғистондан жуда жиддий мақолалар тайёрлади. Мана шу асосий жиҳат хукуматни ғазаблантирган, деб ўйлайман, - деди Қ. Бобожонов.
Г. Бухарбоева: Режимнинг галдаги ифлос ўйини
Uznews.net интернет нашри бош муҳаррири Галима Бухарбоева ҳам Каримов режими Солижон Абдураҳмоновнинг овозини ўчириш мақсадида уни қамади, деган фикрда.
Г. Бухарбоевага кўра, Солижон Абдураҳмонов айнан журналистик фаолияти учун ҳибсга олинган. Чунки у Қорақалпоғистон бўйича ягона ҳалқаро журналист бўлиб, мамлакат ичкарисида туриб ҳақиқатни айтаётган саноқли журналистлардан бири эди. Галима Бухарбоева таъкидлашича,С. Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши Каримов режимининг галдаги қўпол ва ифлос ўйини бўлиб, журналист уйдирилган жиноятда айбланган.
Халқаро журналист
Солижон Абдураҳмонов “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Uznews.net интернет нашри сингари қатор ҳалқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Шу билан биргаликда, Солижон Абдураҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётганди.
Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб у гиёҳвандликда айбланди. Кейинчалик банг моддаси сотишга ҳаракат қилганликда қораланди.
10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ, наркотик топилган машинани давлат фойдасига мусодара қилиш белгиланди.
22 октябр куни Солижон Абдураҳмоновнинг адвокатлари Қорақалпоғистон Олий судига апелляция тартибида шикоят аризаси топширишди. Бироқ апелляция тартибидаги маҳкама жараёнларининг қачон бошланиши ҳали-ҳануз номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG