Линклар

Ўзбекистон яна Шимолий Корея ëнида

  • Ҳурмат Бобожон

2005 йил 13 май кунги қонли воқеалардан бери Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджи ëмонлашгандан ëмонлашиб бормоқда.

2005 йил 13 май кунги қонли воқеалардан бери Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджи ëмонлашгандан ëмонлашиб бормоқда.

Маркази Лондонда жойлашган “The Economist Intelligence Unit” тадқиқот марказининг дунёда демократия даражаси бўйича рўйхатида Ўзбекистон 167 мамлакат ичидаги энг нодемократик давлатлар тўртлигидан ўрин олди.

“The Economist Intelligence unit” тадқиқот маркази дунё мамлакатларида демократия даражасини белгилашда улардаги сайлов жараёни, аҳоли эркинлиги, ҳукумат тизими, одамларинг сиёсий маданияти каби кўрсаткичларга асосланган.

Рўйхатда келтирилган барча давлатлар тўла демократик, аралаш демократиялар ҳамда авторитар давлатларга ажратилган. Марказий Осиёнинг икки давлати - Ўзбекистон ҳамда Туркманистон энг авторитар давлатлар орасида охирги 4 давлат қаторидан жой олди.
167 давлат киритилган рўйхатда Ўзбекистон 164инчи, Туркманистон 165инчи поғонада.

Ўзбекистон ўтган йилги рўйхатдаги ўриндан бу йўл тўрт поғона пастлаган. “The Economist Intelligence unit” тадқиқот маркази мутахассиси Жон Эндрюнинг айтишича, Ўзбекистонда вазият аввалги йилдагига қараганда бир қадар ёмонлашган.
"Фуқаро эркинликлари даражаси бўйича Ўзбекистонда вазият яна ёмонлашгани кузатилди.

Шунингдек, диний эркинликлар борасида ҳам мамлакатда вазият ёмонлашган. Ўзбекистон ҳукуматини Ислом хавотирга солиб келиши маълум. Лекин бу давлатда, динини ўзгартирган одамларга ҳам тазйиқлар бўлмоқда", - дейди Жон Эндрю.

Ўзбекистонлик мухолифат ва ҳуқуқ фаолларининг айтишича, бу Ўзбекистондаги вазиятга берилаётган ҳаққоний баҳодир.

Лондондаги тадқиқот маркази фикрича, пост-Совет маконида фақат Украина ва Молдова демократик ўлкалар бўлиб қолмоқда. Грузияда эса 2006-2008 йил оралиғида демократиядан ортга кетиш кузатилган.

Ҳисоботга кўра, Грузияда Конституцияга киритилган ўзгартишлар президент Михаил Саакашвили салоҳиятини ошириб, қонунчилик хокимиятини заифлаштирган.

Ҳисоботга кўра, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон демократия борасидаги вазиятни бир қадар яхшилай олган. Рўйхатда Тожикистон Ўзбекистондан 14 поғона, Қозоғистон эса 38 поғона юқорида. Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қирғизистон рўйхатнинг аралаш демократиялар қисмидадир.

“The Economist Intelligence unit” Швецияни дунёдаги энг демократик давлат сифатида эътироф этди. Бугунги кунда ўнлаб ўзбек журналисти ва мухолифат фаоллари Ўзбекистондаги тазйиқлардан қочиб Швецияда бош пана топган. Улардан бири "Бирлик" партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов.

“Бу ердаги демократик ҳаëтни кўриб баъзида биз ноқулай аҳволга тушиб қоламиз. Жуда кўп нарсалар биз учун кутилмаган ва хаëлимиздан ўтган бўлса ҳам¸ кутилмаган нарсалар кўп. Ўзбекистонда айнан шу нарсаларни тескарисини кўриб келганмиз-да. Шунинг учун ҳам бизга Швециянинг ҳаëти бироз бегона туюлаëтгандир. Гапни очиғи кўника олмаяпмиз.

Одамзод совуқ ҳаводан иссиқ жойга кирса¸ баданида аллергия бўлиб ҳамма жойи қичишиб¸ кейин аста-секин иссиққа кўникади шекилли. Биз ҳам худди шунга ўхшаб Швецияга келганимизда кўника олмадик. Бу ерда ҳамма нарса инсонлар учун. Ҳамма шароитлар инсонларнинг яшашидан¸ одамларнинг фикрлашидан келиб чиқиб яратилади. Бу ерда бекорга ҳукумат қарори чиқарилмайди”.


Тадқиқот натижаларига кўра, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи у ёки бу кўринишдаги демократик тизимларда яшайди. Аммо тўла демократиядан дунё аҳолисининг атиги 13 фоизи баҳраманд бўлмоқда.

Дунё аҳолисининг 40 фоизи, жумладан, ўзбекистонликлар авторитар режимлар ҳукм сураётган ўлкаларда яшаб келмоқда.

Демократия мавжуд бўлмаган энг авторитар давлат эса Шимолий Кореядир.

XS
SM
MD
LG