Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:58

Ўзига хос¸ ўзига мос ўзбекча бошқарув усуллари


Бу ерларнинг эгаси ким ўзи?
Бу ерларнинг эгаси ким ўзи?

Эшиттиришимизнинг бу галги сони Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўтказилаётган ислоҳотларга доир. Албатта, эшитинг. Янги, мутлақо янги гап бор.

Ғафлатда қолган журналистлар

Эшиттиришимизни Ўзбекистонда чиқадиган газеталарни ўқишдан бошлаймиз.

Хива туман ҳокимлигининг "Хива тонги" газетаси 2 сентябрь сонида мана бундай деб ёзди:

“Истиқлол деҳқонларга имкон эшикларини очди. Ер ўзининг ҳақиқий эгасини топди. Истиқлол имкониятларидан баҳраманд 713 нафар фермер хўжаликларида 20700 тонна Хива хирмонини бунёд этиш учун меҳнат авжида”.

Гап "Хива тонги"нинг хўжаликларни ҳам нафарлаб санагани тўғрисида эмас. Гап бошқа масалада.

Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматининг "Халқ сўзи" газетаси 4 октябрь куни мана бундай деб ёзди:

“Мустақиллик йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида Президентимиз раҳнамолигида ва ташаббуси билан туб ислоҳотлар амалга оширилгани ўз самарасини бермоқда. Жумладан, фермерлик ҳаракати жорий этилиши натижасида ер ҳақиқий эгасини топди”.

Олис Хоразмдаги туман газетаси ҳам, пойтахтдаги оқсоқол газета ҳам битта гапни - ер ҳақиқий эгасини топди, деб мақтаниб ёзаяпти.

"Халқ сўзи"даги ҳамкасбларимиз учинчидан тўртинчи октябрга ўтар тунда ғафлатда қолганга ўхшайди. Акс ҳолда ўқиб эшиттирганимиз парчадаги сўнгги жумла мана бундай ёзилган бўлар эди:

“Фермерлик ҳаракати жорий этилиши натижасида ер ҳақиқий эгасини излаяпти”.

Чунки президент Каримов 3 октябрь куни Хоразмда фермерлар билан гаплашар экан, улардан бирига мана бу саволни берган эди.

Президент: Фермерлик хўжаликларини энг оптимал¸ оптимал дегани энг қулай¸ ҳажми қанақа бўлиши керак? Неча гектар ер¸ айтайлик¸ фермерга энг қулай? Сиз ҳозир айтдингиз...

Фермер: Менинг майдоним 204 гектар.

Президент: 204 гектар. Қийин эмасми 204 гектарни эплаш?

Фермер: Ислом Абдуғаниевич энди рости раҳбар бўлиб шу ернинг халқини боқиш учун 20¸ 30 гектар дегани менга ëқмади.

Йирик бўлгани яхши¸ деган фикрни айтди охир-оқибат бу фермер. Шундан сўнг Юртбоши давом этди.

“Мен нима учун бу саволни бераяпман? Баъзи бир фермерлар борки¸ унда 15 гектар¸ 20 гектар ери бор. Мен ўйлайманки¸ фақат сизлардан фикрларингизни олиб¸ хулоса чиқармоқчиман. Шунга ҳам келишимиз керак: кичик фермерларни бирлаштириш керак”.

Агар "Халқ сўзи"даги ҳамкасбларимиз зийрак бўлганларида президентнинг мана шу гапидан илғаб олган бўлар эдилар, шамолнинг қай томонга қараб эса бошлаганини.

Ўзбекистондаги катта-кичик ҳокимларга қийин. Чунки улар кўпинча бир-бирига зид икки ишни қилишлари керак. Мана ўзингизни ҳокимларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Ҳозиргина президент “Кичик фермерларни бирлаштириш керак” деб турувди. Кетидан мана бу гапни айтди:

Президент: Мен бир пайтлар айтувдимки¸ ким фермерни хафа қилса¸ президентни хафа қилгандай бўлади. Шуни эсингиздан чиқарманглар деб айтувдим. Таъсири борми?

Фермер: Бор. Таъсири бор.

Хўш, мана сиз ҳокимсиз. Бу икки гапдан кейин нима қилган бўлардингиз? Кичик, деб ерини тортиб олмоқчи бўлсангиз¸ фермер хафа бўлади. Фермерни хафа қилиш президентни хафа қилиш дегани бўлса. Ўзбекистон президентини хафа қиладиган одам бозорга кетаверсин арқон сотволишга...

Э, қуриб кетсине шу амалиям деса керак ҳокимлар...

Кеча бўлинувди, бугун қўшилади

Президент Хоразмдан қайтдияму¸ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ислоҳотининг янги, маҳаллий матбуотда шов-шув қилинмаётган янги босқичи бошланди.

Ҳокимиятнинг ўз наздида шу пайтгача қилган иши сал нотўғрироқ чиқиб қолди. Ерларни жуда майдалаб ташлабмиз, энди йириклаштирайлик, деди ҳокимият.

Тошкент вилояти.

“Ҳар бир туманда жумладан бизни туманимизда бу иш бошланди. Масалан бизнинг қишлоқда барча фермерларни йиғишиб¸ биринчи навбатда “ўз ихтиëрим билан еримни топшираман” деган ариза ëздириб олинмоқда”.

Жиззах вилояти.

“Фермерларни йиғгандан кейин “Агар сизлар ўз ташаббусларингиз билан 10¸ 15 гектарли фермерлар бир-бирларингизга қўшилиб¸ ким қайси фермер билан бирга ишлашни лозим топиб¸ ўша фермерга қўшилса¸ ўша аризада кўрсатасизлар. Мени туман хўжалигига қайтаришингизни сўрайман ва фалончи фермерга қўшиб беришингизни сўрайман¸ деб ëзасизлар” деб фермерларга тушунча берган”.

Хоразм вилояти.

“Мен ҳозир Хоразм вилоят адлия бошқармасига бориб танишдим. Аҳоли зич яшайдиган жойларда бир фермерда камида 80 гектаргача бўлсин¸ аҳоли тарқоқ жойларда камида 150 гектаргача бўлсин¸ деган ҳукуматнинг кўрсатмаси келибди”.

Демак, фермер хўжаликларини йириклаштириш бутун республика бўйлаб бир хил суръатда бошланди ва шу кунда давом этаяпти.

Ҳозирча, ҳокимликлар зўравонлик қилгани, еримни топширмайман, дейдиган фермерларга босим ўтказгани йўқ, дейди жиззахлик фермер.

“Агар Жиззах туманининг ҳокимини назарда тутиб айтадиган бўлсак¸ у холис тўғри қилаяпти. Фермерларни зўрлаб¸ ҳалиги қилган жойи йўқ”.

Лекин бу гапни ортига, афтидан, ҳозирча, деган писандани қўшиб қўйиш тўғри бўлади. Олдинда можаролар турибдики, нега бундай деяётганимиз боиси эшиттиришимиз давомида ойдинлашади.

Йириклаштирса, йириклаштирибдида. Шунгаям ота-гўри қозихонами? Ўзиям жуда майдалашиб кетувди-да, дейиши мумкин, Ўзбекистондаги аҳволдан бохабар тингловчи. Бир қарашда тўғри гап. Мана, Хоразмдаги гапни эшитинг.

“Мен яшаëтган жойда 104 фермер бор. Олдин битта Охунбобоев колхози бўлган. Ҳозир бу 104 фермерга бўлинган”.

Балки чиндан ҳам йириклаштириш керакдир? Балки. Бироқ бу ишни амалга оширишнинг механизмичи? Худди масалага келганда, Ўзбекистон ҳукумати ўзини-ўзи боши берк кўчага олиб кириб қўйган. Чунки фермер қонунга кўра юридик шахс, қўлидаги ерни ҳокимиятдан узоқ муддатга шартнома асосида ижарага олган.

“Фермерлар ерини туман ҳокимлигидан 50 йилга ижарага олган. 30 йилдан 50 йилгача. Масалан айрим фермерларнинг қўлида туман ҳокимлиги билан биргаликда 30 йилга тузилган ижара шартномаси бор. Айрим фермерларда эса 50 йилга тузилган. Ижара шартномаси 50 йилга тузилгандан кейин масалан ҳозирги ҳолатда ҳокимият биринчи навбатда фермернинг ерини қайтариб олиш учун фермер билан келишган ҳолда ўша 30 йиллик ëки 50 йиллик ижара шартномасини бекор қилиши керак”.

Тўғри, Ўзбекистон шароитида ҳокимият ўз сўзининг эгаси: айтаверадиям, қайтаверадиям. Лекин биз масаланинг ҳуқуқий ечими тўғрисида гапирмоқчимизки, ҳокимиятнинг жиддий сабабсиз, шунчаки президент ерларни йириклаштиришни истаб қолганига асосланиб шартномани бузишга ҳаққи йўқ.

Шунинг учун ҳозирча, жойларда фермерларга ўз хоҳишлари билан ердан воз кечиш таклиф қилинаяпти.

“Ўзларида тайëр ариза бланкаси бор экан. Ўшанинг бир нусхасини кўрдим. Улар ўша бланкада “Туман захирасига қайтаришингизни сўрайман ва ижара шартномасини бекор қилишингизни сўрайман” деб кўрсатиб қўйибди. Ўзлари аризани ҳам тайëрлаб қўйибди”.

Озодлик: Ҳаммага бир хилда қилиб.

“Ҳаммасига бир хил. У ерда фақат фермернинг қайси хўжаликда жойлашгани¸ фермер хўжалигининг номи¸ числоси кўрсатилади. Кейин фамилиясини ëзиб имзо чекади-да¸ муҳрлайди”.

Хоҳламасачи, фермер еридан воз кечишни? Тайёрлаб қўйилган ўша ариза бланкаларини тўлдирмасачи?

Ўзбекистондая?!

Тошкент вилоятилик суҳбатдошимиз еридан воз кечмоқчи эканлиги тўғрисидаги аризани ёзиб бўлибди ҳам.

“Мен ҳозир ариза ëзиб топширдим. Аризамда ернинг унумдорлигини¸ мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун кетган харажатларим¸ ернинг атрофини қуршаб боғ ташкил қилганман¸ у боққа кетган харажатларни¸ қурган шийпонимга кетган харажатларимни тўлайдиган бўлса¸ мен ерни ихтиëрий равишда қайтариб беришга розиман¸ деб ëзиб топширдим”.

Озолдик: Ўша шартларингизни инобатга олмасдан сизнинг охирги¸ ерни ихтиëрий равишда қайтариб беришга розиман¸ деган жумлангизни инобатга олиб туриб ерингизни олиб қўйса¸ харажатларингизни биров қопламаса¸ нима бўлади кейин?

“Агар харажатларимни қопламаса¸ битта мен эмас жуда кўп фермерлар оғир ҳолатга тушиб қолади. У ерга қандайдир маблағ сарфланган. Ўзбекистон республикаси фермер хўжаликлари қонунида ер тортиб олинганда¸ унга бошқа ер таклиф қилинади ëки ерга кетган харажатлар тўланади¸ деган моддалари бор. Унда у моддалар бузилган бўлади”.

Қонунларнинг ишлашига ишониш қандай мазза!

Нега йириклаштираяптилар?

Эшиттиришга тайёргарлик кўрар эканмиз, фермер хўжаликларини йириклаштириш мавзуида ёзилган кўплаб ишлар билан танишиб чиқдик. Бу мавзуда ҳатто докторлик диссертациялари ёзилган экан. Ҳатто Япониядек ривожланган давлат ҳам шу ишни бошидан кечирган экан. Бироқ бу мамлакатда йириклашув фермерларнинг ўз ихтиёрига кўра амалга ошган.

Эътибор беринг: япон фермери қўлидаги ернинг ўртача ҳажми бир ярим гектарга етмайди.

Лекин ўзбек фермери ўз мақомига кўра япон фермери эмасда! Президент бизга қулоқ солмасаям, тинглаётган бирон ҳоким тан олар шу гапни. Япон фермери – ихтиёридаги ернинг эгаси. Ўзбек фермеричи? Капиталист давлат қўлидаги ёлланма ишчи, боринг ана – иш юритувчи холоску?!

Демак, қўлида 10 гектардан ер бор 10та фермер бўладими, 100 гектар ерли битта фермер бўладими – принципиал фарқ йўқ...десам, суҳбатдошларим - фермерлар эътироз билдирди.

“Йириклаштириш ҳокимият вакиллари учун керак бўлиб қолаяпти. Нега? Бир қишлоқда 100та¸ 150та ëки 200та фермер хўжалиги бўлса¸ ҳозирги тизим қоидалари бўйича уларни бошқариш¸ улар нима иш қилаяпти¸ нима экиши керак¸ қачон йиғиштириши керак каби масалаларнинг ҳаммасини ташкил қилишга қийналиб кетишди. 160¸ 200та одамни йиғиб бўлмайди. Шунинг учун бир қишлоқда 5¸ 6тадан кўп фермер бўлмаслиги керак”.

Айтувдикку ҳокимларга қийин, деб. 100 фермерга танбеҳ бериш осонми, 10 фермергами?

Мана бу эса, жиззахлик фермер фикри.

“Ҳозирги пайтда йириклаштириш бу ҳокимият учун бошқариш системаси осон бўлади. 1000та фермерни йиғилишга айтса¸ уларни у ëққа қувиб¸ бу ëққа қувиб 1000та фермерни эшигида милициялар юргандан кўра¸ 100та фермер бўладиган бўлса¸ ҳокимият учун уларни бошқариш осон бўлади”.

Хуллас, ҳокимлар Юртбошиларидан хафа бўлмасинлар. Баҳорга чиқиб иш юритишлари анча осонлашади.

Суҳбатдошларимиз фермер хўжаликларини йириклаштиришни колхозлаштириш даврига қайтиш, деб атади, бу ишнинг салбий оқибатлари тўғрисида гапиришди. Мавриди билан бу ҳақда ҳам гапирармиз.

Ҳозирча эса, бизни ўзбекча бошқарув усулининг чиндан ҳам ўзига хослиги ҳайрон қолдираётганини айтмоқчимиз. Бўлиб олиб бошқар, деган хунук принцип борлигини билардик. Ўзбекча бошқарув ҳатто ўша принципни бойитди.

Кеча бўлиб олиб бошқарди, бугун қўшиб олиб бошқараяпти, эртага бўлиб олиб бошқаради, индинга қўшиб олиб бошқаради, унинг эртаси бўлиб олиб бошқаради...
XS
SM
MD
LG