Линклар

logo-print

Маҳалла оқсоқолларини сайлаш шу кунда Ўзбекистон матбуотининг долзарб мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу сайловда чинакам халқ вакиллари сайланадими?

“Сайлов ошкоралик ва демократик руҳда ўтади” - бу “ЎзА” ахборот агентлигининг 29 октябрь кунги хабарларидан бирининг сарлавҳаси.

“Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 30 сентябрда қабул қилинган қарорига мувофиқ, Навоий вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда”, - дейилади ЎзА хабарида.

Ўзбекистон матбуотида бу мавзу куннинг долзарб мавзуларидан бири.

Бас, шундай экан, тингловчига оқсоқол сайлови жараёни тўғрисида маълумот бериб қўйишга қарор қилдик (ахир ҳамма тингловчимиз ҳам ўзбекистонлик эмас-ку).

Бу ишда бизга фарғоналик тингловчиларимиздан бири ёрдам беради.

Фарғоналик тингловчи изоҳи

- Республика миқёсида ноябр-декабр ойлари давомида маҳалла оқсоқоллари, унинг маслаҳатчилари, маҳалла қўмиталарининг раислари, қишлоқ фуқаролари йиғини раислари, уларнинг маслаҳатчиларининг сайлови ўтказиладиган бўлди. Ҳозир шу юзадан вилоят ҳамда туман хокимликларининг махсус қарорлари, тадбирлари белгиланган. Ҳозир булар графикларни тайёрлашаяпти. Сайловларни юқори савияда ўтказиш мақсадида кўмаклашувчи комиссиялар ҳам тузилган. Турли жамоат ташкилотларидан, масалан, “Нуроний” жамғармасидан, “Маҳалла” жамғармасидан, “Камолот” ижтимоий ёшлар ҳаракатидан ва бошқа шунга ўхшаш жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат комиссиялар тузилган, - дейди фарғоналик тингловчи.

Аноним талаба изоҳи

- Мазкур сайлов Ўзбекистон республикаси президенти 2004 йилнинг 29 апрелида имзолаган "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги қонунга биноан ўтказилади, - дейди Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг исмини айтмаслигимизни сўраган талабаси.

Унинг фикрича, оқсоқоллар сайлови ўзбек жамиятини демократиялаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.

- Мана СССР даврида, биласиз, бошқарувнинг ўта марказлашган шакли мавжуд эди. Энди ўша марказлаштирилган бошқарув тизимидан ваколатларни маҳаллий бошқарув тизимига ўтказиб бориш бўйича мамлакатдаги қадамлар-да энди булар, - дейди суҳбатдошимиз.

- Демак, сизнинг фикрингизча, оқсоқоллар сайлови ўша марказлаштиришдан қочиш ва демократлаштириш томон қўйилган қадам, шунақами? – дея савол берамиз талаба-суҳбатдошимизга.

- Шу маънода, - дея тасдиқлайди исми ошкор этилмаслигини сўраган талаба.

Хўш, маҳалла фуқаролар йиғини раиси чиндан ҳам маҳалла аҳли чин демократик принциплар асосида сайлаб оладиган халқ вакилими? Университет талабаси, бу саволга дадил: “Ҳа”, деб жавоб бера олмади. Чунки боя тилга олганимиз қонунда белгилаб қўйилган мана бу меъёр “Ҳа”, дейишга имкон бермайди.

Қонун нима дейди?

“Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 3-боб 14-моддасида бундай дейилган:

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда яшовчи аҳолининг фикрини ҳисобга олган ҳолда ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига кўрсатилган номзодларга доир ҳужжатлар туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли туман ёки шаҳар комиссиясига сайловдан камида ўн кун олдин топширилади”.

Демак, Ўзбекистон шароитида маҳалла фуқаролар йиғини раислари – оқсоқоллар халқ номидан ҳокимият билан гаплашадиган халқ вакиллари эмас, балки ҳокимият номидан халқ билан гаплашадиган ҳокимият вакиллари экан. Қонунга биноан.

XS
SM
MD
LG