Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:30

Қирғиз муҳожирларига молиявий инқироз таъсир қиладими?


Москвадаги қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари
Москвадаги қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари

Расмий Бишкек хорижий давлатлардаги ишчи ўринлари камайиши боис қирғиз меҳнат муҳожирларининг мамлакатга қайтиши кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда.

Бу ҳолат Қирғизистонда ижтимоий инқирозга сабаб бўлиши мумкин. Қирғизистон тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров кўра, мамлакатда жаҳондаги молиявий инқироз оқибатлари сезила бошлаган.

- Қирғиз муҳожирларининг асосий қисми Россия ва Қозоғистон қурилишларида ишлар эди. Молиявий инқироз туфайли бу мамлакатлардаги қурилишларнинг 30-40 фоизи тўхтатилди. Демак, иш ўринлари ҳам камайди, - деди вазир.

Муҳожирлар томонидан ватанга юборилаётган пул миқдори камайган

Қирғиз ҳукумати тарқатган маълумотга кўра, ўтган йили меҳнат муҳожирлари мамлакатга банклар орқали 800 миллион доллар маблағ жўнатганлар. Мутахассислар эса меҳнат муҳожирларидан Қирғизистонга жўнатилаётган пул оқими ўтган йили 1 миллиард долларни ташкил этганини айтадилар. Қирғизистон тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаровнинг фикрича, пул жўнатмаларининг озайиши ва ишсиз қолган муҳожирларнинг ватанга қайтиши мамлакат ижтимоий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Муҳожирларнинг Қирғизистонга қайтиши даргумон

Иқтисодчи Оруйпа Сулаймонова эса молиявий инқироз таъсирида қолган меҳнат муҳожирлари ўзгача йўлларни қидириб топишларини айтади. Унинг фикрича, меҳнат муҳожирлари ўзларини қашшоқлик кутиб турган Қирғизистонга қайтмайдилар:

- Масалан, Россияда 500 минг қирғиз бор. Уларнинг етмиш фоизи Россия фуқаролигини қабул қилган. Демак, улар ҳар қандай ҳолатда ҳам Қирғизистонга қайтмайдилар. Шунинг учун ҳукумат ташвишланмаса ҳам бўлади - Қирғизистонда ижтимоий бўҳрон юз бермайди, - деб ҳисоблайди мутахассис.

Қирғизистондан кетаётган муҳожирлар сони камаймади

Айни пайтда, меҳнат муҳожирлари дуч келаётган муаммоларга қарамай, Қирғизистондан Россия ва бошқа хорижий ўлкаларга кетаётган мардикорлар сони камайгани йўқ.

- Инқирознинг таъсири сезилмаяпти. Аксинча, Россияга қирғизлар жуда кўп келаяптилар. Уларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигини олганлар. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда ижтимоий инқироз юз беради, деган хавотирлар ўринсиздир, - дейди бир неча йилдан бери Россияда яшаётган ишбилармон Нурлан Шабўтўев.

XS
SM
MD
LG