Линклар

Зиёлилар Жорж Бушга мурожаат йўлладилар

  • Садриддин Ашур

Ўзбек шоири Юсуф Жума шу кунда Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда.

Ўзбек шоири Юсуф Жума шу кунда Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда.

Ўзбек шоири Юсуф Жуманинг қамоқдан зудлик билан озод этилишига аралашишни сўраб, бир гуруҳ ўзбек зиёлилари АҚШ Президенти Жорж Буш номига мактуб ёздилар.



Шояд Буш кўмак кўрсатса...

- Юсуф Жуманинг кўп шеърлари Америка президентига, америкаликларга аталган. Мен яқинда унинг қизи Феруза билан Жаслиқ қамоқхонасига бордим. Қизи Юсуфнинг баъзи шеърларини ёдлаб чиқди, чунки у ерда қоғоз-қаламга ижозат берилмайди. Ўша шеърларнинг бири “Жаслиққа Жорж Буш билан Америка келади”, деб тугайди. Демак, шоирнинг ўзи Америка, Жорж Буш мени қутқаради деб, умид қилади. Албатта, Америка - қудратли давлат, унда демократиянинг барча белгилари бор. Биз ҳам Жорж Буш бунга аралашиб, Юсуф Жуманинг озод қилинишига ҳаракат қилар, деб умид қиляпмиз, - деди мурожаат муаллифларидан бири, филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбоев мактубнинг нега айнан АҚШ президентига ёзилганини изоҳларкан.

Юсуф Жумани қийнаганлар жазосиз қолаётир

Мурожаатга имзо чеккан, ҳозир муҳожирликда яшаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдужалил Бойматов фикрича, аслида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи Ўзбекистон Конституцияси бўйича кафолатланган ва у ҳимояланган бўлиши керак. Бироқ...

- Ўзбекистон давлати репрессив давлат бўлгани учун одамларни ҳимоя қилиш ўрнига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини топтаб, ҳукуматни танқид қилган одамларни таъқиб остига олиб, сохта айбловлар билан қамоққа ташламокда. Шундай одамлардан бири Юсуф Жумадир. Унга нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилмокда, лекин қийноқ қўллаётган одамлар жиноий жавобгарликка тортилмаяпти, - деди А. Бойматов.

Юсуф Жуманинг муҳожиротдаги ўғли Алишер ҳам Жаслиқ қамоқхонасидаги дадасини ҳукумат йўқотиб юборишга ҳаракат қилаётганини айтди:

- Ҳозир дадамнинг аҳволи жуда ачинарли. Уни кўриш учун на адвокатга рухсат берилаяпти, на қариндошларимизга. Опам уни бир кўргани борганида, дадам: “улар мени президентнинг душмани сифатида қийнашаяпти, фақат бошимга уришаяпти”, деб айтганлар, - деди Алишер Жумаев.

Шоиркушлар барака топмаган

Профессор Ботир Норбоев сўзларига кўра, агар Юсуф Жумага қамоқхонада бирор кор-ҳол бўлиб қолса, бу Ўзбекистон президенти бўйнидаги тавқи лаънат бўлиб қолади:

- Машрабни осган Маҳмуд Қатағонни ҳозиргача тарих лаънатлайди ёки Нодирабегимни ўлдирган Амир Насруллога маломат тошлари ҳозир ҳам отилмоқда. Агар Юсуф Жумага бирор нарса бўлса, қурдирган мингта кўприги ҳам И. Каримовни бу тавқи лаънатдан асраб қололмайди. Шоирнинг ўлими ёки унга берилган азоблар мингта кўприкдан баланд туради. Юсуф Жума тарихда қоладиган шоир. У ўзининг битта шеърида айтган эди: “Каримов номи қолса, менинг шеърларимда қолади”, деб. Мен ўша шеърларда Каримовнинг яхши маънода колишига ва зудлик билан шоирни қамоқдан озод қилишига умид қиламан, - деди филология фанлари доктори Б. Норбоев.

XS
SM
MD
LG