Линклар

Сиëсатда абадий дўстлар эмас¸ абадий манфаатлар бор

  • Абдулла Искандар

Германия ҳукуматининг Афғонистондаги немис қўшинлари учун таъминот базасини сақлаб қолиш истаги¸ Тошкент ва Берлин хавфсизлик идораларини боғловчи ўзига хос кўприк сифатида кўрилмоқда.

Германия ҳукуматининг Афғонистондаги немис қўшинлари учун таъминот базасини сақлаб қолиш истаги¸ Тошкент ва Берлин хавфсизлик идораларини боғловчи ўзига хос кўприк сифатида кўрилмоқда.

Демак, Ўзбекистон МХХ раҳбари Рустам Иноятов ўтган ҳафта амалий сафар билан Берлинга келди. Ўзбек мулозимининг Берлинга ташрифини Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти “шармандалик” дея атади.

“Иноятов Андижондаги 2005 йил 13 май кунги қирғин пайти Ўзбекистон МХХ раҳбари сифатида бу қонли ҳодисага бевосита масъул одамлардан биридир. Ҳатто Иноятовнинг Андижондаги қирғинда қўли борлигини бевосита ЕИ ҳам таъкидлаган. ЕИнинг виза таъқиқи бекор қилиниши билан бу одамнинг Германияга таклиф этилиши бу шармандаликдир. Ўзбекистонда яна бир ҳуқуқ фаоли узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган бир пайтда, Иноятовнинг Германияга келиши янада шармандалик”, деди Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Рэйчел Денбер.

Демак, шу ўринда Ўзбекистон МХХ раҳбарининг биографиясига эътиборингизни қаратсак. Биз бу биографияни бир неча манбалардан, хусусан, www.centerasia.ru нашридан топдик.

“Иноятов Рустам Расулович. 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарëнинг Шеробод шаҳрида туғилган. 1963 йилда шарқшунослик факультетига ўқишга кириб, 1968 йилда Эрон филологияси мутахассиси дипломини олган.

1965-1967 йиллар давомида ўқишдан ажралмаган ҳолда Тошкент қурилиш трестида бетон қуювчи бўлиб ишлаган. Ўқишдан кейин совет армиясида хизмат қилган. Армияда пайтида СССР давлат хавфсизлиги қўмитасига ëлланган. СССР давлат хавфсизлиги қўмитасида турли лавозимларда ишлаган.

1976 йилдан 1981 йилгача дипломат ниқоби остида Афғонистонда жосуслик қилган. 1995 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раҳбари. Ҳарбий унвони генерал-лейтенант. Форс ва инглиз тилларини, форс ва шарқ адабиëтини яхши билади. 2003 йилда биринчи даражали шон-шараф ордени билан тақдирланган. Ўзбекистон теннис федерацияси раиси.

2001 йилда қизини Ўзбекистон ички ишлар вазири муовини Парпиевнинг ўғлига турмушга бериб, у билан қуда тутинган. 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Рсутам Иноятов ЕИга сафар қилиниши таъқиқланган ўзбек мулозимлари рўйхатига киритилган.

2008 йил октябр ойида унга қўйилган виза таъқиқи олиб ташлангач, Германияга ташриф буюрган”.

Демак, бу биография ҳақида бирор-бир эътирозлар борми? Бу биографиядаги маълумотлар тўғрими? Чунки бу шахс ҳар ҳолда анчагина ëпиқ.

Тошпўлат Йўлдошев: Ëпиқлигини очамиз. Мен Рустам Иноятов билан бир пайтда ўқиганман. У киши 1962 йили ўқишга кириб, 1967 йили битирган. Мен факультетнинг комсомол комитетининг секретари, айни пайтда у кишининг комсорглари бўлганман. У киши комсомол бўлган. У кишининг КГБга ишга ўтишларига характеристика берилганда менинг ҳам қўлим бўлган.

Озодлик: Яъни сиз уни КГБга тавсия қилганмисиз?

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳа энди тавсия қилганмиз...

Меҳрибон: Давр талаби бўлган.

Тошпўлат Йўлдошев: Энди характеристикага қўл қўйинг дейишган. Учта-тўртта имзо бўлган. Шулардан кейин мен ҳам қўл қўйганман. Шу пайтда биз бу кишини келажаги порлоқ яхши йигитлардан деб ўйлаганмиз. Унинг ўқишлари ўртадан ҳам паст эди. Бир бало қилиб зачëт, экзаменларни олиб юрардилар. Лекин бу киши “разнорабочый бўлиб бетон қуйган” деган гаплар ëлғон.

У кишининг дадалари ўша пайтда Ўзбекистон КГБсининг медсанчастининг бошлиғи полковник бўлганлар. Жуда обрўли одам. У кишининг разнорабочый бўлиб ишлашларига ҳеч қанақа ҳожат йўқ эди. Бу икки йиллик сохта стаж билан ўқишга кирганлар. Яъни ҳаëтларида қонунни бузиб, сохта ҳужжатлар билан ўқишга кирган ва кейинчалик ҳам ҳамма ëғини сохта қилиб юрган одам.

Меҳрибон: Унвони бўйича ҳам айтмоқчи эдингиз.

Тошпўлат Йўлдошев: Унвони бўйича ҳозир у киши генерал-полковник, генерал-лейтенант эмас.

Озодлик: Афғонистонга жосус бўлиб боргани ростми?

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳа, Афғонистонга жосус бўлиб борган. У ëқдан қайтганларидан кейин у киши КГБдан ҳайдалиши керак эди.

Озодлик: Нега ҳайдалиши керак эди?

Тошпўлат Йўлдошев: Хизматларининг уддасидан чиқа олмаганлари учун. Чунки малакалари етмаган. Лекин бу кишининг дадалари қайсидир йўллар билан Каримов билан таниш бўлганлар. Яъни Каримовнинг ҳомийси бўлганлар. Каримов юқорилашгандан кейин бу кишини ахлатдан топиб, лавозим бера бошлади. Чунки шу пайтда КГБда урилган одамлар Каримовга керак эди. Ҳеч нарсага ақли етмайдиган, билими йўқ одамни мана генерал-полковниккача кўтариб, Ўзбекистонда гестапонинг раиси қилиб қўйди.

Озодлик: Камолиддин сизда бу биографияга бирор эътироз борми? Ҳар ҳолда бу кишининг шахсияти парда орқасида қолмоқда.

Камолиддин Раббимов: Ҳақиқатан ҳам Иноятов ҳеч қачон Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кўринмайди. Фақатгина 1999 йилги терактлардан сўнг, Олий мажлисда ўшанда йиғилиш бўлган эди. Иноятов ўшанда “Биз террористларни топамиз. Ҳаммасини жазолаймиз” деб Каримовдан кейин нутқ сўзлаган эди. Менинг Иноятов ҳақида тасаввурим ўшанда шаклланган эди. Ундан олдин ва ундан кейин Иноятовнинг телевидение орқали кўринганлигини мен эслай олмайман.

Озодлик: Тасаввурингиз қандай бўлган?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, сиëсатшунос сифатида бу шахсият тўғрисида кўп қизиққанман. Чунки ҳозирги пайтда жуда кўпчилик экспертлар айтадики, Ўзбекистонда Каримовдан кейинги энг қудратли шахс бу Иноятов. Бир томондан қўшилиш мумкин, иккинчи томондан тўлалигича қўшилиб бўлмайди. Негаки, Ўзбекистонда МХХнинг ичида ҳам ўзаро ушлаб туриш механизмлари шаклланган. Яъни Иноятов раис бўлса ҳам, бу раислиги билан ҳамма ишларни амалга ошира олмайди. Унинг ўринбосарлари у билан унчалик яхши бўлмаган шахслар. Яъни ундан маълум бир маънода мустақил бўлган шахслар.

Агар Иноятов бирор-бир тадбирни амалга оширмоқчи бўлса, албатта улар билан фикрлашиши ëки улар орқали шу ишни қилиши керак. Бу Каримов томнидан яратилган шундай мураккаб системаки, ҳеч бир амалдор қанчалик қудратли бўлмасин, ўзи хоҳлаган ҳатти-ҳаракатларни амалга ошира олмайди. Шу нуқтаи назардан Иноятов албатта қудратли шахс. Лекин унинг қудрати Каримов чизиб берган линия орқали белгиланади холос. Каримовга қарши бирор-бир ҳатти-ҳаракат қила олишига мен ишонмайман.

Озодлик: Германиядаги “Тагецайтунг” газетасида Маркус Бенсман “Чақирилмаган меҳмон ўзининг дўстлари билан Германияда кўришди” деган мақола эълон қилди. Биз Маркус билан суҳбатлашганимизда, у Иноятовга ҳақиқатан ҳам чақирилмаган меҳмон ëки чақирилганлиги номаълум бўлган меҳмон сифатида таъриф берди. Яъни ташқи ишлар вазирлиги, Германия раҳбарияти “Биз уни чақирмадик” деяпти. Хўш, унда уни ким чақирган? У қандай қилиб виза таъқиқи тугамасдан олдин, виза таъқиқи механизм ўлароқ ноябр ойида ўз кучини йўқотади, Европага келди? Нима учун у Европага келди? У нимани муҳокама қилмоқчи? Мен бу саволлар билан www.uznews.net муҳаррири Галима Бухарбоевага мурожаат қилмоқчи эдим. Галимахон, бу ташриф ҳақида нима дея оласиз?

Галима Бухарбоева: Рустам Иноятовнинг Германияга келиши ўта даражада сир тутилмоқда ва биз ҳозиргача Берлин ҳукумат идораларидан Иноятовнинг қандай қилиб Берлинга келганлиги, унинг нима мақсадда келганлиги ҳақида аниқ маълумот ола олмаяпмиз. Германия ҳукуматидан бир манбанинг бизга айтишича, Иноятов Германия ташқи ишлар вазирлиги томонидан эмас, балки Германия канцлерининг хавфсизлик билан шуғулланувчи олтинчи бўлими томонидан таклиф қилинган.

Бугун маълум бўлишича, Германия канцлери матбуот хизмати Иноятовнинг олтинчи бўлим томонидан таклиф қилинмаганлигини маълум қилмоқда. Унда ким уни таклиф қилди? Ҳозир Иноятовнинг ўтган ҳафтада амалга оширган Берлин ташрифи доирасида унинг кимлиги ҳақида гапириш мавриди. Балки у Бериядир, балки ўзбек жаллодидир, балки бошқалар айтаëтгандай ўзбек гестапосини бошқараëтгандир. Умуман олганда у билан қандай муносабатларга эга эканлигини ҳамма матбуот орқали ошкор қилинишини хоҳламаëтганлиги сабабли уни ëқимсиз одам дейишимиз мумкин. Уларнинг “Уни биз таклиф қилдик” дея ошкора айта олмаëтганлигидан шуни тушунишимиз мумкинки, андишали инсон унинг ëнида туриб матбуотга чиқишдан ор қилади.

Озодлик: Мен ўзим ҳам Германияда бўлган пайтимда Ҳюман Райтс Уотч идорасидаги баъзи бир манбалар “Ким чақирган? Қайси мақсадда у Берлинга келган?” деган саволларга жавоб топиш мақсадида текширув олиб боришди. Бу текширувлар натижаларида битта нарса аниқландики, гўëки Иноятов Германияга “Исломий жиҳод иттифоқи” деган ташкилот тўғрисида маълумотларни олиб келган ва бу борада музокара ўтказмоқчи экан. Биз мана шу тахминларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон ММХсининг собиқ зобити Икром Ëқубов билан бундан олдинги эшиттиришларимизда гаплашган эдик. Бугун у кишини топишнинг иложи бўлмади. Ҳозир бу кишининг бу ҳақдаги тахминларини эшитиб кўрсак.

Икром Ëқубов: Иноятовнинг бунақа шошилинч равишда Германияга боришида бир неча сабаблар бўлиши мумкин. Биринчидан, Германия ҳар қандай шароитда ва вазиятда ҳам расмий Тошкент билан, Каримов режими билан алоқани ëмонлаштиргани йўқ. Доимо яхши алоқада бўлиб келди. Иккинчидан эса, бу ерда иккита махсус хизмат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, қанақадир янги стратегия ишлаб чиқиш ҳам бўлиши мумкин. Учинчидан, балки бу Исломий жиҳод билан боғлиқ қанақадир бир махфий маълумотларнинг Германия махсус хизматлари томонидан қўлга киритилган бўлиши ва бу маълумотларнинг ошкор қилиниши, Ўзбекистон ҳукуматига хусусан Ўзбекистон махфий хизматларининг халқаро даражада обрўсизлантирилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун у шошилинч тарзда келган бўлиши мумкин.

Озодлик: Иноятовнинг Германияга келиши Мўътабар Тожибоеванинг Германияга келиши билан бир пайтга тўғри келди. Ҳар иккала ҳолат Германия-Ўзбекистон конструктив мулоқотининг самараси ўлароқ кўрилмоқда. Мўътабар опа сизнинг бунга муносабатингиз қандай? Тарозининг бир палласида сиз турибсиз, бир палласида у.

Мўътабар Тожибоева: Энг ачинарлиси ҳали бир тарозига қўйиламан, ҳали реклама товари сифатида эълон қилинаман. Бу менга жуда ачинарли. Лекин битта гапни айтиш мумкинки, Рустам Иноятовнинг Берлинга ташрифи Ўзбекистон ҳукуматининг яна қанақадир ўйинларини режалаштираëтгани, ўзининг демократия сари қадам қўйганлигини исботлаш учун яна қандайдир масалаларни муҳокама қилиш мақсадида келган бўлса керак.

Озодлик: Мўътабархон сиз билан Германияда Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг биносида учрашган пайтимизда сиз “Мен виза чекловининг бекор қилинишини, санкцияларнинг бекор қилинишини қўллаб-қувватлайман” деб айтдингиз. Шу маънода сиз Иноятовнинг Германияга келишини қўллаб-қувватлайсизми?

Мўътабар Тожибоева: Мен Рустам Иноятовни ëки яна қайсидир мансабдорни Европага сайр қилишлари масаласида виза чекловига қаршиман деб айтмадим. Мен айнан санкциялар қўлланиб турилган пайтда, қамоқхоналарда ҳайвоний муносабатларга дуч келаëтган сафдошларимиз яъни журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан қийноқлар тўхтатилиши, бундан ташқари уларнинг озод қилиниши учун мен виза чекловига қаршиман деган фикрни айтдим.

Озодлик: Тазйиқларнинг режиссëри, раҳбари, падари бузруквори келиб, Германиядаги сиëсатчилар билан бир столга ўтираяпти. Буни қандай аташ мумкин?

Мўътабар Тожибоева: Буни навбатдаги саҳна кўриниши деб атасак бўлаверади.

Озодлик: Бу Ўзбекистоннинг томошасими ëки бу томошанинг ичида ЕИ вакиллари ҳам борми?

Тошпўлат Йўлдошев: Рустам Иноятовнинг Германияга келиши, менимча иккала томондан ҳам рағбатлантирилган ëки иккала томондан ҳам интилиш бўлган деса бўлади. Сабаби, мана тўртта одам ўтган йилнинг сентябр ойида Ислом жиҳоди ташкилотининг одами экан дейилган эди. Бу ташкилот асосан Ўзбекистонга мансубдир деб айтилади. Шу пайтгача Германиянинг махсус ташкилотлари уларни сўроққа олиб, маълум бир сирларини очган бўлиши керак. Шу ташкилот Ўзбекистонга мансуб бўлса, қаердан булар маблағ олаяпти, қаердан мадад олаëтганлиги тўғрисида каттагина асослар бўлган. Шу асослар Ўзбекистоннинг назаридан чиқмай, биргалашиб келишган ҳолда маълумот ОАВларга берилсин деган мақсадда, Рустам Иноятов Германияга отилиб келган деган фикрдаман.

Сабаби 2004 йил 29, 30 мартда Тошкентда ва Бухорода террористик актлар ҳосил қилинганда, Ўзбекистон вакиллари “Бунда Ислом жиҳоди вакиллари қатнашди” дейишди. Лекин унинг бирор-бир исботини беришмади. Ўтган йилнинг июн ойида “Бирлашган ислом жиҳоди” Эрондан туриб интервьюлар бериб, жаҳонни ларзага келтирадиган ахборотлар бериб туришди. Унинг ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ жойини била олишмаган. Менимча Иноятов шуларни бости-бости қилиш учун ëки ўзларида бор маълумотни Германия ҳукуматига бериб, катта жанжалли ахборот чиқмаслигини олдини олаяпти деб ўйлайман.

Меҳрибон: Бу расмий ташрифми ëки яширинми?

Тошпўлат Йўлдошев: Бу амалий зарур ташриф деб ўйлайман.

Меҳрибон: Унда нега Германия тарафдан ҳеч ким унинг келганлигини....

Тошпўлат Йўлдошев: Яна қайтариб айтаман: бу амалий зарур ташриф. Шунинг учун Германия дипломатияси бунга алоқамиз йўқ, дейди. Холбуки визани буларнинг ўзлари беришган. Ангела Меркел канцеляриясининг хавфсизлик ва террор билан шуғулланадиган олтинчи бўлими бизнинг алоқамиз йўқ, дейди. Лекин барибир Германиянинг махсус хизматлари унга виза бериб, уни таклиф қилишган. Чунки, иккала томонда ҳам бир-бировдан ахборот олиш эҳтиëжи бор.

Албатта, ҳукумат бу ерда ўзининг қўлини ювиб... чунки қўли қонга беланган жаллод билан қандоқ гаплашиб бўлади? У билан қандоқ қилиб шампанскийни ичиб бўлади? Катта дипломатик муаммоларга йўлиқмаслик учун булар ўзларича “Биз ундан йироқмиз” дейди. Лекин мана шу “Бирлашган ислом жиҳоди” вакилларини сўроқ қилгандан кейин келинган натижаларга қанақадир нуқта қўйиш учун, Рустам Иноятов Германияга келган ва айни пайтда шу маълумотларга Германия маъмурлари ҳам муҳтож бўлган деб ўйлайман.

Озодлик: Ўзбекистон МХХсининг собиқ зобити Икром Ëқубов Германиянинг “Весдойчерунгфунг” телевидениесига берган интервьюсида “Исломий жиҳод иттифоқи” Ўзбекистон МХХсининг маҳсулоти, унинг бағрида етиштирилган мева деган фикрни айтди. Бунга сиз қўшиласизми?

Тошпўлат Йўлдошев: Мен бу фикрга қўшиламан. Мен ҳам ўз тадқиқотларим, изланишларим орқали шу нарсага етиб келаëтгандай бўлганман. Менинг бу ташкилотнинг Ўзбекистон томонидан тайëрланганлигига, Ўзбекистоннинг асосий гестапочиси Рустам Иноятов ташкил қилганлиги тўғрисида ҳеч қанақа шубҳам йўқ.

Меҳрибон: Бизнинг студиямизда яна қирғизистонлик ëзувчи ва журналист Мирзаҳалим ака ҳам бор. Мирзаҳалим ака мана Ўзбекистонда қийноқлар ва тазйиқлар давом этаëтган бир пайтда, ЕИ санкцияларни бекор қилди. Шундай бир пайтда, Германиянинг Ўзбекистонда давом этаëтган зўравонликларнинг бошида турган шахслардан бири бўлган Рустам Иноятовни қабул қилишига қандай қарайсиз?

Мирзаҳалим Каримов: Бунинг сабабини узоқ гапириш керак. Мен ўйлайманки, ЕИ шу кунларда, шу ерда қийноқлар қўлланилаëтган бир маҳалда, санкцияларни олиб ташлаши эрта бўлган эди. Иккинчиси, расмий Германия Иноятовни чақираëтгандан кейин ўша ердан шунақа хабарлар айтилаяптики, масалан бу бизнинг меҳмонимиз эмас, бу бизга чақирилган эмас деб. Нимага шу ҳақда Германия очиқ айтмайди? Демак, бунинг тагида бир сирлар бор.

Озодлик: Инглиз дипломати Дизраэлининг “Британиянинг дўстлари ëки душманлари йўқ. Унинг абадий манфаатлари бор” деган бир гапи бор. Кейинчалик буни Черчил ҳам такрорлаган. Ўзбек халқига балки ëмонлик қилган, балки деяпмиз, Рустам Иноятов балки бир манфаатлар доирасида Европага яқиндир. Бу борада ким нима дейди?

Галима Бухарбоева: Менинг фикримча, Рустам Иноятов ҳокимиятга келгандан бери ишлаб топган бойликлари билан ўз оиласига ëрдам беришдан ташқари ҳеч кимга ëрдам бера олмайди. Айниқса Германия ëки бошқа ҳар қандай давлат, бугун Тошкент уларга етказган маълумотлардан фойдаланар экан, улар бу маълумотлар ҳаққоний йўллар билан эмас қийноқлар остида олинган эканлигига ишонч ҳосил қилишлари даркор. Шунинг учун мен ўйлайманки, Ўзбекистон ҳеч қандай масалада ҳамкор бўла олмайди. Биз охирги 10 йил давомида диний экстремизм ëки терроризмда айбланаëтган кишиларнинг ишларини ëритиб борганимиздан келиб чиқиб айта оламанки, шу пайтгача ҳақиқатан ҳам террористик гуруҳлар билан алоқада бўлган ëки айби судя томонидан исботланган бирорта айбдорни кўрмадим. Агар Германия томони бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қиладиган бўлса, аминманки, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар бундан ҳам кучайиб кетиши, бир нечта одамлар қийноқлар остида ўлишлари мумкин.

Камолиддин Раббимов: Мен Дизраэлининг гапларига жуда ҳам қўшиламан. ЕИ айнан мана шу категорияда сиëсат олиб бораяпти. Манфаатлар ва қадриятларни бир тарозига қўйганда, улар манфаатни қадриятларга боғлашга ҳаракат қилаяпти, лекин бунинг уддасидан чиқа олаëтгани йўқ. Умуман олганда ҳозирги вазиятни тасвирлаш учун мен тўртта омилни санаб ўтган бўлардим.

Биринчиси, бу дунëда кечаëтган, жуда ҳам шиддатли бўлган геосиëсий рақобат. Яъни ЕИ ва АҚШни Россиянинг бугунги кундаги қаттиқ ҳаракати жуда ҳам хавотирга солади. Россия тез тикланаяпти ва тикланиши билан биргаликда унинг авторитаризмга мойиллиги кучайиб бораяпти. Яъни Россиянинг стратегияси замирида битта омил борки, Россия ўзининг қудратини энергия ресурслари империяси бўлиш орқали тикламоқчи. Газ ва нефт орқали ўзининг империк амбицияларини амалга оширмоқчи. Буни амалга ошириш учун МО устидан назорат жуда муҳим.

Иккинчиси, ЕИ давлатларининг Тошкентга босим ўтказишда етарли даражада ресурсларга эга эмаслиги. Мен мана шундай рақобат бор бугунги кунда деб айтиб ўтдим. Агарки, мана шу санкциялар 10 йиллар олдинга тўғри келганда эди, яъни Россия ҳукуматининг тепасида Елцин бўлганда эди, унинг самараси анча юқори бўлган бўлиши мумкин эди. Бугунги кунда Ғарб қанчалик Каримовга босим ўтказар экан, Каримов ўзининг Хитой ва Россия томонга оғишга мойиллигини, шунга тайëр эканлигини кўрсатди. Мана шу вазиятда ғарб босим ўтказишни борган сари тўхтатиб борди.

Айтиш мумкинки, ЕИ ҳали ўзининг МОдаги, Ўзбекистондаги манфаатларини чуқур англаб етгани йўқ. Қадриятлар Ўзбекистон кежалагида қанчалик рол ўйнашини ҳали тушунгани йўқ ва умуман олганда ЕИ давлатларининг позициясини учга бўлиш мумкин: танқидчилар, мўътадил турганлар ва мойил бўлганлар. Мойил бўлган давлатларнинг энг биринчиси бу Германиядир.

Танқидчилар Швеция ва Норвегияларнинг бошида турган Британия. Мўътадил давлат Франция дейишимиз мумкин. Муаммо ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларининг интенсивлашаëтгани эмас. Бунинг интенсивлашаëтганлигини биз қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу интенсивликнинг замирида Тошкентни тушунишга ҳаракат қилинишдир. Яъни муносабатларнинг оҳанги. Бу оҳанг Ўзбекистондаги вазиятни трансформация қилишга қаратилган эмас. Аксинча, уни ëпиб боришга қаратилганлиги, бугунги кундаги энг катта фожеадир.

Озодлик: Демак 2005 йил 13 май Андижон воқеаларидан кейин шу йилнинг октябр ойида 12та ўзбек мулозимига виза чеклови жорий қилинган эди. Шу виза чеклови эълон қилингандан кейин Андижон қирғини айбдорларидан бири Зокир Алматов Германияга келган эди. Виза чеклови бекор қилинар-қилинмас, Андижон воқеаларининг ижодкорларидан бири Иноятов Германияга келди. Германия сиëсатчилари Ўзбекистонни мақтаб, инсон ҳуқуқлари борасида ўсиш борлигини Мўътабар Тожибоева, Умида Ниëзова, Гулбаҳор Тўраевалар озод қилиниши мисолида кўрсатишди. Тарозининг бир томонига қўйилган шу учта аëл эвазига мана Иноятов Германияда сайр қилиб юрибди. Шу яхшими, ëмонми?

Тошпўлат Йўлдошев: Германия мана шунақа йўллар билан тан олиб, тан олмай Рустам Иноятовнинг келишига йўл очиш, қўли қонга ботган жаллод билан ўтириб гаплашиш, бунинг ҳаммаси мана шу қотилликларни бундан кейин тўхтатиш... Мана ҳозир Юсуф Жума, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғуновларни қамоқдан чиқариш керак. Чунки уларнинг заррача айби йўқ. Энди шуларни ЕИ ҳар қанақа йўллар билан, шу жумладан, Германия дипломатияси буларнинг вазиятини енгиллаштириши керак.

Мўътабар Тожибоева: Мен фақат битта нарсани айтмоқчи эдим. Мана бугун мен Германияда юрибман. Мен билан бир вақтда Рустам Иноятов ҳам Германияда. Қани эди Рустам Иноятов билан учрашиш имконияти бўлганда.

Озодлик: Галима мана сиз ҳам Германиядасиз. Сиз уни учратиб қолсангиз қандай савол берардингиз?

Галима Бухарбоева: Умуман олганда менинг Рустам Иноятовга берадиган саволим йўқ. Чунки уларнинг қилаëтган ишлари очиқча кўриниб турибди. Андижонда нечта одам ўлдиришганлигини ëки нима учун улар Андижонда одам ўлдиришга қарор қилишганини сўрашнинг нима кераги бор? Мен айтмоқчиманки, ЕИ катта хатога йўл қўйди. Бу нафақат ўзбек халқининг оëқости қилиниши, балки демократик ҳуқуқларнинг оëқости қилинишидир.

Уларнинг қилаëтган иши бўйича ҳар қандай диктатор, агар у манфаатлар доирасида бўлса, у хоҳлаганича одам ўлдириши мумкин, хоҳлаганича одамларни қийноққа солиши мумкин. Мўътабар Тожибоеванинг озод қилинишига келсак, унинг озод қилиниши фақат унинг ўзи учун яхшидир. Лекин бу Ўзбекистондаги умумий ҳолатга ўзгартириш киритмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG