Линклар

"Дунë Обамага мунтазир..."


АҚШ нинг 44-президенти бўлиши кутилаëтган Барак Обама 2 ноябр куни Оҳаëдаги сайловолди намойишида ўз тарафдорлари олдида сўзламоқда.

АҚШ нинг 44-президенти бўлиши кутилаëтган Барак Обама 2 ноябр куни Оҳаëдаги сайловолди намойишида ўз тарафдорлари олдида сўзламоқда.

2008 йил давомида Оқ уй учун борган кескин рақобат ниҳоят ўз белгиловчи нуқтасига етди ва 4 ноярб куни Америка сайловчилари демократ Барак Обама ëки республикачи Жон Маккейндан бири учун овоз берадилар.

Ўз сайловолди кампаниясини ибтидодан интиҳога қадар ўзгаришлар зарурати устига қурган Обама сайлов олдидан ўтказилган сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ ўз рақибидан анча олдинда бормоқда.

Ройтерс-Зогби¸ шунингдек СНН умуммиллий сўровларида Маккейндан 7 фоизча олдинда бораëтгани кўрилган Обаманинг¸ анъанавий республикачи штатлар¸ шунингдек Флорида ва Оҳаë каби белгиловчи штатларда ҳам¸ ўз рақибидан сезиларли устунликка эгалиги қайд этилмоқда.

Аммо навбатдаги АҚШ президентининг ким бўлишини ижтимоий сўров хулосалари эмас¸ балки 4 ноябр кунги овоз бериш натижалари ҳал қилади. Шу боис¸ на Обама ва на Маккейн сўнгги соатларда ҳам кураш суръатини пасайтирмасдан¸ америкаликларни ўзлари учун овоз беришга чорлашни давом эттирмоқдалар.

“Сўнгги кунларда биз нафақат бир кун¸ балки бир дақиқа ва бир сония ҳам курашни сусайтириб¸ бемалол бўлишни ўзимизга эп кўра олмаймиз. Шунча нарса қиморга тикилган бир пайтда бўшашишга ўрин йўқ. Биз курашни сўнггига қадар давом эттириб¸ бу сайловда ғалаба қозонишимиз шарт. Бу тарихий ғалаба айнан Оҳаëда юз беради”¸ - деди сайлов натижаларини белгиловчи штат ҳисобланмиш Оҳаëдаги сайловолди намойишида Обама.

Республикачи Жон Маккейн ҳам Пенсилваниядаги чиқишида ўз тарафдорларини айни Обама каби сўнгги сонияга қадар курашга даъват қилди.

“Дўстларим¸ мен жуда кўп сайлов кампанияларини кўрганман ва ғалаба имконининг ҳамон қўлимизда эканини айта оламан. Бу қадар шижоат ва қўллов билан биз албатта Пенсилванияда ғалаба қозонамиз¸ сайловларни ютамиз. Мен буни ҳис этиб турибман”¸ - деди сўров натижаларига қасдма-қасд республикачи сенатор Маккейн.

Айрим сўров натижалари Обамага президентлик учун лозим бўлган 270 ўрнига 320 дан ошиқ электорал овозини бериб бўлганига қарамай¸ 4 ноябр кунги сайлов натижалари кутилмаган бўлиши мумкин. Бундай эҳтимолнинг ҳамон мавжудлигига қарамай¸ нафақат АҚШ¸ балки қолган дунë жамоатчилиги ҳам Барак Обамани бир минути кам президент деб эълон қилди.

“Яқин-яқинларгача америкаликлар ўзларининг миллион йилда ҳам отасининг исми Ҳусайн бўлган қора танли одамни президент қилиб сайлашларини хаëлга ҳам келтира олмас эдилар. Аммо кейинги саккиз йил давомида республикачилар олиб борган ҳалокатли сиëсат¸ бу эртакнамо имконни реаликка айлантирди“¸ -деб ëзди Обамани қўллаб-қуввалашини очиқлаган Нюсвик журнали ўз сўнгги сонида.

“Иқтисодий ва молиявий таназзул¸ Ироқ ва Афғонистондаги урушнинг кети кўринмаëтгани¸ АҚШ обрўсининг халқаро майдонда мисли кўрилмаган даражада тушиб кетгани ва ниҳоят Жон Маккейн кампаниясининг ифлос сайловолди ҳийла-найранглари¸ америкаликларнинг кўзини очди ва уларни ирқий ва диний мансубликдан кўра муҳимроқ масалалар борлигини тан олишга мажбур қилди.

Дини ва ирқидан қатъий назар барча учун янги илҳом ва умид манбаига айланган сенатор Обама¸ бутун дунë сизнинг президент бўлишингизни орзиқиб кутмоқда”¸ - деб ëзди душанба куни Ғарб нашрларидан яна бири.


XS
SM
MD
LG