Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:52

"Менга деса тош ëғмайдими..."


Далада пахта қолган-қолмаганига қарамай¸ ўзбек болалари кунни пахтазорда кеч қилишга маҳкум.
Далада пахта қолган-қолмаганига қарамай¸ ўзбек болалари кунни пахтазорда кеч қилишга маҳкум.

Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида пахта теримидан қайтган мактаб ўқувчилари орадан икки кун ўтиб, яна далаларга ҳайдалди. Давлат режаси бажарилмагунча, ўзбек болалари далада қоладиган кўринади..

Жиззахлик мактаб ўқувчилари 30-31 октябр кунлари пахта теримидан қайтган эди. Лекин уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Орадан икки кун ўтиб¸ 8-9 синф ўқувчилари яна пахта далаларига сафарбар этилди.Биз бу ҳақда жиззахлик мактаб ўқувчиси Олимжондан сўраб билдик:

- Ҳа¸ яна олиб чиқиб кетди.

Озодлик: Нечанчи синфларни олиб чиқаяпти?

- 8¸ 9 синфларни.

Озодлик: Аввал бир жавоб берган эди¸ тўғрими?

- Ҳа.

Озодлик: Қачон жавоб берди ва қачон қайтадан олиб чиқди?

- 31 октябр куни жавоб берган эди. Кейин яна олиб чиқди. Навбатма-навбат олиб чиқаяпти. Бир кун иккита синф¸ кейинги кун бошқа иккита синф.

Зарбдор туманида яшовчи бу онахон ҳам болалар қайтадан пахта теримига сафарбар этилганини айтади:

- 10 ноябргача пахта деган экан. Мактаб ўқувчилари яна пахтага чиқаяпти. Шанба куни ўқиш бўлади деб айтишган экан. Бугун боришса¸ яна пахтага олиб кетишибди. Пахта ҳам ҳар-ҳар жойда бор дейди.

Бу онахоннинг айтишича, далада терадиган пахтанинг ўзи қолмаган. Лекин шундай бўлса ҳам, болаларни йўқ пахтани теришга мажбур қилишяпти. Биз бунга аниқлик киритиш учун яна ўқувчи бола Олимжонга мурожаат қилдик:

Озодлик: Ҳозир ўзи далада пахта борми?

- Йўқ. Йўқ-да.

Озодлик: Қолмаганми пахта?

- Йўқ¸ қолмаган.

Озодлик: Унда нима тераяпсизлар?

- Ҳеч нарса.

Озодлик: Ҳеч нарса теришга ҳам олиб чиқаяптими?

- Ҳа.

Агар жиззахлик мактаб ўқувчилари орада бир-икки кун дам олиб, кейин яна пахтага чиқишган бўлса, фарғоналик болалар совуқ ва ёмғирли кунларни ҳам пахта далаларида ўтказишди, дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аҳаджон Набиев:

- Мактаб ўқувчилари ҳали пахтадан қайтишгани йўқ. Уларнинг ҳаммаси ҳали далада меҳнат қилишаяпти. Энди совуқ тушиб қолди билмайман энди ҳанузгача аниқ бир результат йўқ-да. Туманларда жуда қаттиқ бўлиб қолди ҳозир. Пахта термасанг мактабдан ҳайдайман¸ деган гаплар ҳам бўлаяпти. Мен Фарғона туманидаги ўқувчиларни ўзлари билан ҳам гаплашдим. Афсус диктафон олмаган эканман. Болалар билан даланинг ўзида кўришдим.

Аҳаджон Набиев “Ёшлар йили”даги бундай ҳолатни ҳукуматнинг ёшларга инъом этган совғаси бўлганини айтади:

- Ëшлар йилида биз буларга имкон беришни ўрнига аксинча биз уларни пахтазорга тиқаяпмиз. Пахтазорнинг ўзида ўрганишаяпти кўп нарсаларни. Мана маданият ривижланаяпти¸ тараққиëт илдамлаяпти лекин бизнинг болалар фақат пахта даласида маданиятини оширади. Буни энди атрофимизда турган оппозицион ташкилотлар ҳам ўйлаб кўриши керакмикан?! Қачонгача давом этади бу?

Аҳаджон Набиевнинг айтишича, совет мактабининг адабиёт дарслигида шоир Уйғуннинг “Назир отанинг ғазаби” деган шеъри бор эди. Ўшанда Назир ота об-ҳавонинг ёмон келганлиги учун:

Менга деса тош ёғмайдими
Барибир пахтани терамиз
Бир дона чаноқ қолдирмасдан
Ҳукуматга тўплаб берамиз,

деган эди.

Совет даври учун, Назир отанинг ғазабга келиши тайин бир нарса эди. Лекин бугун мустақил мамлакатда пахтазорда чаноқ излаётган ёш болалар кимнинг ғазабига дучор бўлди экан, дейди Аҳаджон Набиев.

XS
SM
MD
LG