Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:07

Минтақада сув бўйича зиддият кучаядими?


Қирғизистондаги Тўқтоғул сув омбори Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлайдиган асосий манбалардан биридир
Қирғизистондаги Тўқтоғул сув омбори Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлайдиган асосий манбалардан биридир

Россиялик таҳлилчи Андрей Грозин 3 ноябр куни Бишкекда ўтказилган анжуманда Марказий Осиёда халқаро зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омил сифатида сув муаммосини ҳам тилга олди.

МДҲ мамлакатлари институти Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозин фикрича, сув ва чегара муаммолари минтақада миллатлараро зиддиятлар келиб чиқишининг бош омили бўлиб хизмат қилади.

- Масалан, Қозоғистонни оладиган бўлсак: кейинги икки йил мобайнида сув танқис бўлган Жанатас, Майатас ва Тенгиз худудларида маҳаллий миллатлараро зиддиятлар содир бўлди. Ҳукумат бу жанжалларни жуда катта маблағ ва куч сарфлаб бартараф этди. Бироқ ҳукуматларнинг ҳар доим ҳам бундай зиддиятларнинг олдини олишга тайёр эмасликлари сезилиб қолди, - деди сиёсатшунос олим.

Андрей Грозинга кўра, бу жанжалларнинг барчаси сув бўлиша олмаганликдан ва чегараларнинг ноаниқлигидан келиб чиққан. Айтиб ўтиш жоизки, шу йили Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида ҳам мана шу каби кичик жанжаллар қайд этилган.

А. Грозиннинг айтишича, сув муаммоси нафақат оддий фуқаролар, балки ҳукуматлараро даражада ҳам манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлаётир. Бишкеклик сув-энергетика соҳаси эксперти Бозорбой Мамбетов москвалик олимнинг фикрларига қўшимча қилади:

- Ўзбекистон Амударё-Сирдарё ўзанини минтақалараро, деб тан олинишини талаб қилиб, ўз манфаатини кўзлаяпти. Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон бунга рози бўлмайди. Чунки сувнинг 85 фоизи Қирғизистонда шаклланади. Демак, бу сувни Қирғизистоннинг ўзи бошқариши, қолган давлатлар эса бу сувдан фақат шартнома асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга, деган тушунча мавжуд, - деди Бозорбой Мамбетов.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистон тарафи Тожикистон ва Қирғизистонда янги ГЭСларнинг қурилишига норозилик билдирмоқда. Янги ГЭСларнинг қурилиши Ўзбекистон ва Қозоғистон далаларини сув билан таъминлашни хавф остида қолдириши мумкин.

Москвалик олим Андрей Грозин тўсқинликлар тарафларнинг миллий манфаатларни тор доирада тушунишидан келиб чиқаётганини айтади:

- Расмий Тошкент, Бишкек ва Душанбе бу манфаатларни ўз қобиғи доирасида аниқлаган ва бу тарафларнинг умумий манфаатларига тамоман қарама-қаршидир. Бу зиддият янада кучаяди, чунки минтақада камида беш йил давом этадиган камсувлик жараёни бошланди, - деб ҳисоблайди Андрей Грозин.

Олимга кўра, бу муаммо 4-5 ноябр кунлари Бишкекда бўлиб ўтадиган минтақа хавфсизлигига оид анжуманда кўтарилади. Бироқ бу муаммони фақат давлат раҳбарларигина музокаралар орқали ҳал этишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG