Линклар

logo-print

Тожикистон туркман электрини ола бошлади

  • Гулнора Равшан

Хўжанддаги электр узатиш тармоқлари.

Хўжанддаги электр узатиш тармоқлари.

Жорий йил октябрида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Олмаотада имзоланган шартнома асосида Туркманистон электри Ўзбекистон электр узатиш тармоқлари орқали бу мамлакатга етказиб берилмоқда.

“Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати масъули Рашид Гуловнинг маълум қилишича, Туркманистон электр қуввати Тожикистонга 1 ноябр тунги соат 12 дан сўнг узатила бошлаган.

- Ўтган шу икки кеча кундузда биз 16 миллион кВт/соат электрни Ўзбекистон орқали Туркманистондан қабул қилиб олдик. Имзоланган ҳужжатларга биноан бир кеча кундузда 7,8 то 8 миллион кВт/соат электр узатиб берилиши керак. Шу тартибда жорий йил декабрига қадар ваъда қилинган 1200 миллион кВт/соат электр қувватининг 400 миллион кВт/соат етказиб берилади. Қолган 800 миллион кВт/соатни эса янги йилдан сўнг узатишлари келишиб олинган, - деди Рашид Гулов.

“Барқи тожик” расмийсига кўра, олинаётган электр ҳар кВт/соати учун “Талко” ширкати Туркманистонга 0,3 цент тўлайди, транзит қилинган ҳар кВт/соат учун 0,3 цент транзит ҳақини эса Ўзбекистонга “Барқи тожик” ширкати тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил Норак сув омборида сув сатҳи пасайиб кетгани сабабли Душанбе шаҳридан ташқари республика барча ҳудудларида электрга чеклов ўрнатилганди.

- Мамлакатга ташқаридан импорт қилинаётган электр қуввати ҳисобидан лимит соатлари узатилиши мумкинми?, - деб сўрадик “Барқи тожик” ширкати масъулидан.

- Йўқ. Ҳаво совий бошлагач, туркманлардан олинаётган электрнинг катта қисмини “Талко”га (Тожикалюминий заводи) эмас, балки аҳолига сарфлаш кутилмоқда. Ўшанда лимит соатлари узатилиши аниқ. Аммо ҳозирча ташқаридан олинаётган электр қуввати тўлалигича “Талко” ширкатига берилмоқда, - деди Рашид Гулов.

“Барқи тожик” расмийсининг таъкидига кўра, Тожикистон ҳукуматининг Туркманистондан электр сотиб олишдан асосий мақсади ҳам аҳолини олдинда турган қишдан чиқариш экан.

Соҳа бўйича таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов эса “Барқи тожик” ширкат масъули бўрттираётганини, ҳукуматнинг ташқаридан электр импорт қилишидан мақсади мамлакатдаги энг йирик саноат корхонаси бўлган “Талко” алюминий ишлаб чиқариш ширкатини доимий электр билан таъминлаб туришдир. Чунки, таҳлилчига кўра, бу ширкат Тожикистон йиллик даромадининг 70 фоизини ташкил этади.

- Шуни ҳам айтиш керакки, энергетика инқирози ҳар йили такрорланади. Чунки “Барқи тожик” масъуллари ҳечам ўз ваъдалари устидан чиқмайдилар. Мана шу йил президент ҳам Сангтўда-1 ГЭСи ишга тушиши билан халққа бир кеча- кундузда 5 соатдан ортиқроқ электр берилиши борасида матбуот орқали эълон қилган эди. Аммо ундай бўлмади. Шуни назарга олган ҳолда, расмийлар ваъдасига ишониб ўтирмасдан халқ қиш ғамини ейиши керак, - деди таҳлилчи Ғ. Сайфиддинов.

Таҳлилчига кўра, Тожикистонда энергетика соҳасидаги коррупцияга барҳам берилса, ўз ички заҳиралари қишда аҳолини электр билан тўла таъминлай олади.

- Агар хитойликлар қураётган, 500 киловольт кучланишга эга Жануб-Шимол электр узатиш тармоғи 2009 йил қуриб ишга туширилса, жануб орқали Сўғд вилоятига электр бериш тўхтатилади. Ҳозир эса 2 та 500 киловольт юқори кучланишга эга электр узатиш тармоқлари Норак ГЭСининг 6 генераторига бириктирилган ва у Ўзбекистонга ўтиб кетади. Биттаси Регар тумани орқали Сурхандарё вилоятининг “Сурхон” подстанцияси ва иккинчиси Ўзбекистоннинг Самарқандидаги “Гузар”ига ўтади. Ана шу тармоқлар орқали бизнинг электримиз Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан масъуллар томонидан пулланмоқда, - дейди Ғуломиддин Сайфиддинов.

Таҳлилчига кўра, агар Тожикистон ҳукумати ички заҳиралар ва ташқаридан олинаётган электр қувватининг шу йўллар билан талон-тарож қилинишининг олдини олмаса, жорий йил ҳам Тожикистон сўзсиз энергетика инқирозига учрайди.
XS
SM
MD
LG