Линклар

"Норбой аканинг аҳволи ўта оғир"


Норбой Холжигитов 2004 йил кузида Ўзбекистон Бош прокуратураси олдида ўтказилган пикет иштирокчиларидан бири эди.

Норбой Холжигитов 2004 йил кузида Ўзбекистон Бош прокуратураси олдида ўтказилган пикет иштирокчиларидан бири эди.

Бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотларга очиқ хат йўллаб, 60 яшар сиëсий маҳбус Норбой Холжигитовнинг саломатлиги ëмонлашгани хусусида жиддий ташвиш изҳор қилдилар.

“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” ва “Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси” фаоллари БМТ, Ҳюман Райтс Уотч (HRW), Фронт Лaйн (Front Line), Амнести Интернейшнл (Amnesty International) каби инсон ҳуқуқи билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотларга очиқ хат билан мурожаат қилиб, Норбой Холжигитовга ёрдам беришни сўрашди. Ҳозирда кекса сиëсий тутқуннинг соғлиги анча ёмонлигини айтади “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” раҳбари Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда..

- Биз халқаро ҳуқуқ ташкилотларидан унинг тақдирига бефарқ бўлмасликларини сўраб мурожаат қилдик. Чунки унинг аҳволи ҳозирги кунда жуда оғир.

Ўзбекистондаги «Виждон тутқунларини озод қилиш» қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов, халқаро жамоатчиликни Норбой Холжигитовни қамоқдан озод қилишга кўмаклашишга чақиради.

- Ҳаммадан Норбой аканинг ҳимоясига туришларини илтимос қилар эдик. Кимнинг қўлидан қандай ëрдам келса, шундай ëрдам қилса, халқаро ташкилотлар Норбой аканинг қамоқдан чиқарилишини талаб қилса. Норбой аканинг аҳволи жуда ëмон. Бизнинг билишимизча, 40 килоча озган. Тишлари тушиб кетган. Кўз ожизлиги бошланган.

“Эзгулик” жамияти бир неча ой аввал сиёсий маҳбус Норбой Холжигитов ҳимояси учун курашга бел боғлаган эди. Ҳозирда бу борада бир қанча ишлар амалга оширилганлигини айтади ташкилот фаоли Абдураҳмон Ташанов.

- Биз ҳозир ҳуқуқий майдонда кураш бошладик ва тажрибали Абдулла Муҳаммаджонов деган адвокат ëллаб, у кишининг ҳолидан хабар олдик. Ҳозирда биз Олий судга кассация тартибида ариза бериб, у кишининг иши бўйича жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилиб, озод қилиш ҳаракатларини бошлаб юбордик.

Норбой Холжигитов уч йилдирки, Қаршидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётир. Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, Қарши қамоқхонасидаги шароит ёши катта маҳбуслар учун жуда ёмон. Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ўзи маълум муддат мазкур қамоқхонада жазо муддатини ўтаган ва ўша пайтда Норбой Холжигитов билан кўп бора учрашган.

- Норбой ака билан Қаршидаги қамоқхонада уч¸ уч ярим ой бирга бўлганмиз. Мен ўзим биламан ва гувоҳи бўлганман: Норбой ака қўйилган айбларни бўйнига олмаган. Ўша ерда ҳам ўзининг, бошқаларнинг ҳуқуқини талашиб актив эди. Унақаларга нисбатан қамоқхона ходимлари меҳрсиз бўлади. Атайлабдан қийноққа солмаса ҳам касал бўлган пайтда эътибор бермайди. Ҳар хил чекловлар ўрнатишади.

Норбой Холжигитов Андижон воқеаларидан кейин 2005 йилнинг 4 июн куни ҳибсга олинган эди. Ўшанда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Норбой Холжигитов маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан уюштирилган сохта жиноят иши бўйича ҳисбга олингани ва ҳибсхонада унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Мазкур жамият раиси Толиб Ёқубов гапиради.

- Жуда кўп яхши ишлар қилишди. Кўп одамларнинг муаммоларини ҳал қилишди. Ҳокимият тиш-тирноғи билан қарши бўлган пайтда, Самарқанд вилоят ҳокимиятининг олдига бориб пикетлар қилишди. Бу вилоят ва Иштихон туман ҳокимликларини катта ташвишга солди. Ниҳоят 2005 йилда Норбой ака устидан сохта жиноий иш қўзғатилди. Норбой акани 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилишди, дейди Толиб Ëқубов.

Яқинда “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” нинг интернет сайтида Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Қайирма” маҳалласи аъзоларининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўллаган хати эълон қилинди. Хат муаллифлари маҳалладоши Норбой Холжигитовнинг қамоқдан озод қилинишини сўрашган. Альянс маълумотига кўра, Ўзбекистон президенти номига Норбой Холжигитовни озод қилиниши сўраб 60 дан зиёд мактуб йўлланган.

60 ёшли Норбой Холжигитов тўққиз фарзанднинг отаси. Бир пайтлари Самарқанддаги “Бобур” колхозига раислик қилган Норбой Холижигитов ўтган асрнинг 90 йиллари бошида мухолифатдаги «Бирлик» ҳаракати аъзоси бўлган. 1992 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йил “Озод деҳқонлар партияси” га аъзо бўлган.
XS
SM
MD
LG