Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Ўзбекистонда яна ойликлар оширилди


Ўзбекистон бюджетчилари ошган ойлигини ҳали қўлга олмай туриб¸ бозор қимматлашга ўтади.
Ўзбекистон бюджетчилари ошган ойлигини ҳали қўлга олмай туриб¸ бозор қимматлашга ўтади.

16 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда иш ҳақи ва нафақалар миқдори ўртача 12 фоизга ошадиган бўлди. Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги фармонига кўра, мамлакатдаги энг кам иш ҳақи 28 минг сўм қилиб белгиланди.

Президент Каримовнинг 22 октябрдаги “Иш ҳақи, нафақа, стипендия ва ижтимоий нафақаларни ошириш” тўғрисидаги фармони аҳолининг турмуш даражаси ва даромадини янада ошириш мақсадида қабул қилинди. Ҳар қалай фармон киришида шундай дейилади.

“Иш ҳақи¸ пенсиялар¸ стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида Ўзбекистон республикаси президентининг фармони”

"Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида:

1. 2008 йилнинг 16 ноябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилот ходимларининг иш ҳақи¸ пенсиялар ҳамда ижтимоий нафақалар¸ стипендиялар миқдори ўрта ҳисобда 1¸12 баробар оширилсин."

Лекин, ойликларнинг ошиши ҳақидаги хабар ўзбекистонликлар учун ҳар доимгидек хушхабар бўлмади. Сабаби, иш ҳақини 10-12 фоизга ошириш ҳақидаги фармон эълон қилиниб улгурмасдан, одатдагидек, нарх-наволар қўшиб берилаётган ҳақдан бир неча борабарга ошиб бўлди.

Сирдарёлик Шокир ака ойликларнинг ошиши¸ ўзбекистонликлар учун шумхабар бўлиб қолган¸ дейди.

- Ошган билан нарх-наво орқадан чирмашиб келаяпти. Ҳеч қандай фарқи йўқ. Умуман олганда оғир. Ойлик 16 ноябрдан бошлаб оширилади деса¸ бозордаги нарх айтганидан олдинроқ кўтарилади. Чунки яқинда шундай нарса бўлиб қолади деб бу бозордаги сотувчиларга рефлекс бўлиб қолган. Одамлар аксинча нарх ошиб кетади деб, хафа бўлади.

Фарғоналик Муҳаммаджон ойликларнинг ошиши аҳоли турмуш тарзи ёхуд даромадининг қай даражада оширишини билиш учун, Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари, жумладан, фармонни имзолаган президент мамлакат бозорларига бир тушиб¸ нархларни кўриб қўйса¸ зарар қилмас эди, дейди. Ойликларни оширишдан асосий мақсад, дейди Муҳаммаджон, аҳоли турмуш тарзини ошириш эмас, давлат даромадини оширишнинг силлиқни йўлига айланган.

- Мол гўшти 7000 сўм. Ëғ магазинда 2400-2500¸ қўлда 4500 сўм. Магазинда талонга одам бошига ярим кило беради. Бу бир ойга етмайди. Кийим-кечак бор¸ бензин бор¸ расход бор¸ квартплаталар бор. Нарх-наво ҳам фақат ойлик ошаëтганда ошиб қолмаяптида. Бошқа пайтда ҳам ошаяптида. Яқинда бензин нархи ойлик ошмасдан ошди. Кўп нарсаларнинг нархи ойликка тўғри келмайди. Бензин масалан 1000 сўм. 100 минг сўм ойлик олганда ҳам бу 100 литр бензин дегани-да. Ойлик ошгандан ошмагани яхши. 50 минг ойлик 60 минг бўлади¸ ҳамма ëқ эса бундан баттар қиммат бўлиб кетади.

Шундай қилиб, аҳоли турмуш тарзи ва даромадини янада ошириш ташвишида юрган Ўзбекистон президенти, жорий йилда учинчи марта ойликларни оширмоқда. Лекин президентнинг кундалик ташвишлари объекти бўлмиш оддий ўзбекистонликлар, давлат раҳбари ойликларни ошириш ҳақида ортиқча ташвишланмасалар, маъқул бўлар эди, деган фикрда.

XS
SM
MD
LG