Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:21

Ўзбек-қирғиз чегараси: музокара давом этади


2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг қайноқ нуқтага айланган ўзбек-қирғиз чегара ўтиш пунктларидан бири.
2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг қайноқ нуқтага айланган ўзбек-қирғиз чегара ўтиш пунктларидан бири.

Фарғонада ўтган музокараларда Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасидаги 13 та баҳсли ҳудуднинг эгаси топилди¸ икки ҳудуд бўйича эса томонлар муросага кела олмадилар.

- Биргина Жалолобод вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида 21 та баҳсли ҳудуд бор эди. Улардан 13 таси Фарғонада ўтган музокаралар чоғида аниқланди. Иккита ҳудуд бўйича бир қарорга кела олмадик. Қирғизистон харитасига Бойқишлоқ-Қўштепа деган ном билан киритилган аҳоли пункти Ўзбекистон харитасида Ранжит деган атама билан қайд этилган экан. Бу ҳудуд Ўшда ўтадиган навбатдаги музокара чоғида ҳал этилиши кутилмоқда, - деди чегараларни аниқлаш комиссиясининг Қирғизистон гуруҳи аъзоси Жаниш Қурбонов.

“Ер сизникими ё меники?” - хариталардаги чалкашлик

Бишкек расмийлари эътирофича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегара ҳудудида элликдан ортиқроқ баҳсли ҳудуд бор. Чегарани аниқлаш жараёнининг якунланишини айни мана шу баҳсли ҳудудларнинг ҳар иккала давлат харитасига кириб қолгани ортга суриб келмоқда.

Чегарани аниқлаш гуруҳи маълумотига кўра, бир қатор ҳудудлар 1955 йилдаги харитага мувофиқ Ўзбекистон ҳудуди бўлган, бироқ бу ерлардан Қирғизистон фойдаланиб келган. Айни пайтда харита бўйича Қирғизистонга тааллуқли ерлар узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон тасарруфида бўлган.

Чегараларни аниқлаш бўйича ўзбек-қирғиз давлатлараро комиссияси шу муносабат билан масалани бевосита баҳсли ҳудудларнинг ўзида ҳал этиш принципи бўйича иш олиб бормоқда. Бунинг учун комиссия аъзолари баҳсли ҳудудларга бориб, вазиятни ўша ернинг ўзида ўрганмоқдалар.

Баҳсли ҳудудлар - зиддиятлар ўчоғи

Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар турли зиддиятлар ўчоғи бўлиб қолмоқда. Бу ҳудудлардаги яйловлар ва сув заҳиралари қайси давлатга тегишли экани ноаниқ бўлгани сабабли аҳоли ўртасида турли тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

Бу каби воқеалар Жалолобод вилоятининг Наманган билан чегарадош бўлган Ахси ва Олабуқа туманларида тез-тез содир бўлмоқда. Бу туманларда қишлоқларнинг бир қисми сувни ва электр энергиясини Ўзбекистондан олади. Айни пайтда бу сув ва электр энергиясини Ўзбекистонга Қирғизистон беради. Шунинг учун ҳам бу ҳудудларда сув ва электр энергиясидан фойдаланиш, унинг ҳақини қайси давлатга тўлаш борасида бир қатор ноаниқликлар мавжуд.

- Токи икки давлат президентлари сиёсий иродаларини намойиш этиб, чегара баҳсига нуқта қўймас эканлар, эгасиз ҳудудлардаги зиддиятлар барҳам топмайди, - деди Қирғизистон чегара хизматининг ўз номини ошкор этишни истамаган вакили. – Чегараларни аниқлаш давлатлараро комиссиясининг қарорлари чегаралар аниқланиб бўлинди, деган хулосага асос бўла олмайди. Бу қарорлар парламентлар ва президентлар томонидан тасдиқланадими? Ҳамма гап мана шунда. Бу жараён эса бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкин.

Отхонаси Ўзбекистонда, уйи Қирғизистонда

Жаниш Қурбонов ҳам чегараларни аниқлаш давлатлараро комиссияси барча баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал эта олмаслигини айтади. Масалан, чегара ҳудудидаги 52 гектар ер майдонининг кимга тегишли экани тўғрисидаги масала деярли ўн йилдан бери ҳал этилмай келаётир. Олий даражадаги учрашувлардагина ҳал этилиши мумкин бўлган чегаралар бугунги кунда 200 километрга яқин масофани ташкил этмоқда.

- Отхонаси Ўзбекистон ҳудудида, уйи эса Қирғизистон ҳудудида бўлган хонадонлар бор. Шунинг учун давлатлараро комиссия, биринчи навбатда, мана шундай муаммоларни ҳал этиб, аҳоли маиший ҳаёти шароитини яхшилашга хизмат қилиши лозим. Ўта баҳсли ҳудудлар эса ҳукуматларнинг олий даражадаги раҳбарлари иштирокисиз ҳал бўлмайди, - деб ҳисоблайди Жаниш Қурбонов.

XS
SM
MD
LG