Линклар

Америка янги президентини сайламоқда


Бугун америкалик сайловчилар АҚШ нинг навбатдаги президенти ким бўлишини ҳал қиладилар. Ғалаба қозониш учун номзодлардан бири АҚШ даги 538 сайлов коллегиясининг камида 270 овозини қозониши керак.

Овоз бериш жараëни дастлаб АҚШ нинг шарқий соҳилида чоршанба куни Тошкент вақти билан эрталаб соат 5 да якунланади.
Сайловга бир кун қолганда ҳам Маккейн ва Обама сўнгги бор сайловчилар овозини қозонишга уринди.

Душанба куни демократ Барак Обама 2004 йили республикачилар ғалаба қозонган уч штатга сафар қилди

"Эртага сиз фақат сайловда ғалаба қозониш учунгина миллатимизни бўлишга уринган¸ бир минтақани бошқа минтақага, бир шаҳарни бошқа бир шаҳарга, республикачини демократга қарши қўйиб қалбимизга умид солиш ўрнига ғулғула солувчи бу сиёсатга нуқта қўясизлар. Эртага, тарихнинг ушбу ҳал этувчи онларида ҳар бирингиз бу мамлакат муҳтож бўлиб турган ўзгаришни олиб келасизлар” – деди Барак Обама.

Республикачи Жон Маккейн душанба куни мамлакат бўйлаб етти штатда сайловолди тадбирлари ўтказди. Флорида сайловчиларига мурожаат қилар экан Маккейн рақибининг ўзидан фарқли бўҳронларда синалмаганини таъкидлади.

"Конгресдаги демократлар мудофаа бюджетини жиддий қисқартириш ҳақида гапирмоқдалар. Қўшинларимиз икки жабҳада курашаётган бир вақтда демократлар, мудофаа харажатларини камайтирайлик, ҳукумат тепасига келган одамни кейин душман синасин, дейишмоқда. Мана мен синалганман. Мен бундай синовдан ўтганман¸ сенатор Обама эмас¸” – деди Жон Маккейн.

АҚШ да ўтказилган аксар сўров натижалари Барак Обаманинг ўз рақибидан олдинда бораётганини кўрсатмоқда.

Сайловга бир кун қолганда Барак Обаманинг бувиси узоқ хасталикдан сўнг 86 ёшда оламдан кўз юмди. Барак Обаманинг кениялик отаси оиласини тарк этиб, сўнг онаси ҳам вафот этганида у ҳали ёш бола эди. Барак Обама ўз бувиси Медлин Данҳем қўлида катта бўлган.






XS
SM
MD
LG