Линклар

logo-print

Бишкекда аксилтеррорчилар йиғилди


Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қошидаги аксил-террор гуруҳи қўшинлари Қирғизистондаги қўшма машқлар чоғида.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қошидаги аксил-террор гуруҳи қўшинлари Қирғизистондаги қўшма машқлар чоғида.

Ҳокимият, фуқаролик жамияти ва хусусий секторнинг террорчиликка қарши курашдаги ҳамкорлиги 4 ноябр куни Бишкекда иш бошлаган халқаро анжуманнинг бош мавзуси бўлди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан уюштирилган икки кунлик бу анжуманда минтақа махсус хизматлари, БМТ, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқдалар.

Э. Тесорьер: “Инсон ҳуқуқлари - асосий омил”

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги маркази элчиси Эндрью Тесорьер анжуманда нутқ сўзлар экан, террорчиликка қарши кураш бевосита инсон ҳуқуқлари масаласи билан боғлиқ эканини таъкидлади.

- Инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги террорчиликка қарши курашдаги асосий омилдир. Бу тамойилларга амал қилмаслик террорчилар тегирмонига сув қуйиш билан тенг, - деди элчи.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аксилтеррор маркази раҳбари Мурат Иманалиев эса террорчилик ҳаракатлари ўз фаолиятларида айни демократик қонунлардан самарали фойдаланаётганини ва уларни демократия тамойилларига қарши ишлатаётганини айтди. Расмийга кўра, биргина Марказий Осиё минтақасида таъқиқланган оқимлар ва ташкилотларнинг ўн мингдан ортиқроқ тарафдорлари мавжуд.

Э. Қорабоев: “Ягона ҳуқуқий майдонга бирлашмоқ зарур”

Бундай вазиятда минтақа давлатлари террорчиликка қарши кураш борасида ягона ҳуқуқий майдонга бирлашмоқлари зарур, деган ғояни олға сурди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эднан Қорабоев. Қирғиз расмийсига кўра, бунинг учун минтақа давлатлари парламент гуруҳи ташкил этилиб, террорчиликка қарши ягона қонунларни қабул қилмоғи лозим.

- Бундан ташқари, Марказий Осиё нодавлат ташкилотлари минтақавий форумини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Бу тузилма минтақада ягона ижтимоий майдоннинг юзага келиши учун хизмат қилган бўлар эди, -деди Эднан Қорабоев.

А. Базавлюк: “КХШТ фуқаролик жамиятига таянади”

Айни пайтда, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) расмийси Александр Базавлюк ўз ташкилоти МДҲ ҳудудида террорчиликка қарши самарали курашиш салоҳиятига эга эканини билдирди. Унинг айтишича, КХШТ бу йўналишда “фуқаролик жамиятига” таянади. Александр Базавлюк бунинг учун ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида КХШТнинг ахборот қўллови марказлари ташкил этилиши режалаштирилаётганини айтди.

Мажлис давом этади, жаноблар...

Анжуман 5 ноябр куни ўз ишини давом эттиради. Унда халқаро ташкилот вакилларининг диний экстремизм ва террорчиликка қарши курашда инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан чиқиш қилишлари кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG