Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:54

Маҳмуд Худойбердиев исëнига 10 йил бўлди


Маҳмуд Худойбердиевнинг тожик президентига қарши исëни Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов ўртасидаги совуқчилик ва ўзаро ишончсизлик сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.
Маҳмуд Худойбердиевнинг тожик президентига қарши исëни Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов ўртасидаги совуқчилик ва ўзаро ишончсизлик сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг 1998 йил 4 ноябрида Сўғдда амалга оширган қуролли ҳужуми 200 дан ошиқ одам ҳаëтига зомин бўлган ва Тошкент - Душанбе муносабатларини совуқлаштириб юборган эди.

Кузатувчиларга кўра, бир неча соат давомида вилоятдаги барча стратегик объектлар жангарилар томонидан қўлга олинган, шаҳардаги ҳарбий қисм қуролсизлантирилган эди. Ўша даҳшатли кунларни ўз бошидан ўтказган марҳум журналист Мирзаҳаким Қобилов бу ҳақда шундай деган эди:

- Ҳақиқатан ҳам тўртинчи ноябрдан ўнинчи ноябргача Хўжанд шаҳри ҳақиқий уруш майдонига айланиб қолган эди. Лекин ҳеч ким кўрмаган бир-бирини кўрмай отишлар, ҳар қандай дайди ўқларнинг овулларга кириб бориши, одамларнинг ҳалок бўлиши¸ ростини айтганда¸ хўжандликларни жуда ëмон қўрқитган эди.

Хўжанд шаҳридаги беш кунлик отишмалардан сўнг, исëнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев жангарилари ҳукумат аскарлари томонидан сиқиб чиқарилди. Бу жангларда 227 киши ҳалок бўлди. Шундан 47 нафари тинч аҳоли эди. 500га яқин одам турли хил жароҳат олди.

Ўша кунлари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Олий Мажлис йиғилишида сўзга чиқиб, унинг қўлида Маҳмуд Худойбердиев жангариларининг қўшни Ўзбекистон ҳудудидан ўтганлиги ҳақидаги рад этиб бўлмас далиллар борлигини айтар экан, қўлида ушлаб турган қоғозларни сочиб юборди. Давлат раҳбари бу ҳаракатни давлат тўнтаришига бўлган уриниш, деб атади.

Кузатувчиларга кўра, Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятига бу ҳужуми Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги барча муносабатларнинг совуқлашишига сабаб бўлди. Бу ҳақда журналист Мақсуд Жўра шундай дейди:

- Маҳмуд Худойбердиев гўë кириб келиб бу ерда жанжаллар бўлиб, яна қайтиб қаергадир кетганидан кейин виза масаласида Ўзбекистон чеклов қўйди. 1998 йилдан бошлаб Тожикистон ҳудудидан ўтган Сўғд вилояти чегараларига Конибодом, Исфара ноҳияларида Ўзбекистон томонидан чегараларни миналаштириш, пиëдалар минаси қўйиш бошланди ва бунинг оқибатида Маҳмуд Худойбердиев кириб келган ва қуролли тўқнашувлар бўлган пайтдагидан кўра кўпроқ одамлар талофот кўрди.

Тожикистон томони Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилиб, Маҳмуд Худойбердиев ва унинг аскарларини қайтариб беришни талаб қилди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача Маҳмуд Худойбердиев ва аскарларининг Ўзбекистон ҳудудида йўқ эканлигини айтиб келади. Тожикистон хавфсизлик хизматлари эса Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистондаги лагерлари ҳақида батафсил маълумотга эга эканликларини таъкидлайдилар.

Вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси раиси Генерал Абдулло Назаров бундан икки йил олдин берган баёнотида, Тожикистон томони Маҳмуд Худойбердиев жиноий гуруҳларининг Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб ташланишини бир неча бор талаб қилганлигини айтган эди:

- Бизнинг шартларимиздан бири шу эди: Маҳмуд Худойбердиев жиноий гуруҳлари Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб ташлансин. Тожикистон Миллий Хавфсизлик вазирлиги, жумладан вилоят бошқармаси Ўзбекистон ҳудудида Маҳмуд Худойбердиевнинг 10-11та базаси борлигини ошкор қилди. Бизда бу базалар, уларнинг таркиби ва қандай жанговар машқлар ўтказаётгани, Ўзбекистон қуролли кучлари, хавфсизлик хизматлари қандай ёрдам бераётганини акс эттирган суратлар бор, деган эди Абдулло Назаров.

Ўзбекистон томони бу иддаоларни доим рад этиб келади. Сўнгги йилларда Тожикистонда Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятида содир этган жиноятлари бўйича 200 дан ортиқ киши жиноий жавобгарликка тортилди. Уларнинг аксарияти узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
XS
SM
MD
LG