Линклар

Навбатдаги порахўр қармоққа илинди


Маркази Берлинда жойлашган Транспаренси Интернэшнл ташкилотига кўра¸ Ўзбекистон сиëсий коррупция ботқоғига ботган давлатлардан биридир.

Маркази Берлинда жойлашган Транспаренси Интернэшнл ташкилотига кўра¸ Ўзбекистон сиëсий коррупция ботқоғига ботган давлатлардан биридир.

Қашқадарё вилояти, Қамаши туман табиатни муҳофоза қилиш инспекцияси бошлиғи Ғулом Эштўхтаров пора олганликда айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

50 ёшли Ғулом Эштўхтаров пора олаётган пайти, Қашқадарё вилояти ҳуқуқ- тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи www.press-uz.info интернет сайти хабар қилди.

Сайт маълумотига кўра, Қамаши туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи бўлган Ғулом Эштўхтаров автосервис ташкил қилиш ниятида бўлган қамашилик тадбиркордан 450 минг сўм миқдорида пора талаб қилган. Қамашилик тадбиркор бу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят миллий xавфсизлик бошқармасига шикоят билан мурожаат қилгач, Ғулом Эштўхтаров жиноят устида қўлга олинади.

Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди қарорига кўра, Ғулом Эштўхтаров Ўзбекистон жиноят кодексининг “Пора олиш” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Аммо кузатувчилар¸ Ўзбекистонда коррупция кўламининг алоҳида олинган маъсул шахслар ëхуд туман доирасидан катта экани ва порахўрликнинг мамлакатдаги деярли барча соҳани ўз ичига қамраб олганлигини таъкидлашади.

Ҳуқуқ-тартибот органларида узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатган Рустам Қорабоевга кўра, мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам коррупция ботқоғига ботган.

- Ички ишлар органларида ишлаган оддий рядовойдан тортиб министрликкача прокурор дейсизми, терговчи дейсизми, милиционер дейсизми, суд дейсизми порага ўрганган. Ўзбекистонда бусиз бирор ишингиз битмайди. Пора шу даражада ривожланганки, бирор-бир конституцион ҳуқуқ нормалари қонунда белгилангандек амалга оширилмайди.

Ўзбекистонда, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция авж олганлиги кузатилади.

NewsUz.Com ахборот таҳлилий сайти маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда пора билан қўлга тушган олий ўқув юртлари ўқитувчилари устидан 2000 га яқин жиноий иш қўзғатилган.

Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида таълим олаётган хоразмлик талаба қиз Муқаддаснинг Озодликка айтишича, улар ўқиётган институтда ҳар чоракда ўқитувчилар талабалардан пора талаб қилишади.

- Мисол учун агар оддий фанлар бўлса, 5000 сўм, каттароқ имтиҳонлар бўладиган бўлса, 10 минг, 20 минг сўм, дарсга келинмайдиган бўлса 70 минг, 100 минг сўм беришади.

Ўттиз йил давомида ҳарбий соҳада ишлаган, ҳозирда истеъфодаги полковник Рустам аканинг билдиришича, Ўзбекистонда ҳарбий соҳада ҳам коррупция ҳолатлари учрайди.

- Чақирилувчиларнинг 30, 40 фоизи пул бериб ҳал қилса керак. Ўзбекистонда ҳарбий соҳа бошқа ҳамма соҳалар сингари коррупция ботқоғига ботган бир тизим. Чунки жамиятнинг ўзи таназзулга учраган.

Мутасадди ташкилотлар эса мамлакатда коррупция ва порахўрлик кенг тарқалганлигини инкор қилиб келишади.

- Авваламбор унақа бўлиши мумкин эмас. Бизда унақа статистик маълумотлар, кимдир пора олганлиги тўғрисида гап-сўзлар йўқ.

Кейинги пайтда бу каби инкорлар билан биргаликда нуфузли лавозим эгаларининг пора устида қўлга олиниб, қамалиш ҳолатлари ҳам кўпаяётгани кузатилади. Ўзбекистондаги амалдорлар иш фаолиятидан яхши хабардор бўлган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев бу ҳолатни шундай изоҳлайди.

- Порахўрлик учун қамашлар ҳам танлаб олинади. Ҳаммаси порахўр, лекин шу порахўрларнинг орасидан қайсидир жиҳатдан Ислом Каримов режимига тўғри келмай қолган ëки мустақил бир фикрини айтганларгина жазога тортилади.

Тошпўлат Йўлдошев ўз фикрларини давом эттирар экан, коррупция илдизларини амалдаги ҳукумат юритаётган сиёсатдан излаш керак, дейди.

- Порахўрлик Ўзбекистонда давлат системасининг умуртқа поғонаси. Пора олмайдиган одам давлат системасида ишлай олмайди. Ҳар қандай амалдор ўз раҳбарларига пора жўнатиб туриши керак. Масалан¸ туман прокурори 300 минг доллардан 500 минг долларгача, вилоят прокурори 1 миллион долларгача, вилоят ҳокими ярим миллиондан 1 миллионгача. Буларнинг ҳаммаси Каримовнинг чўнтагига тушади. Бундан ташқари ҳар ой раҳбарларга пора бериб туриш керак. Ўзбекистонда Каримов бор экан, порахўрликни йўқотиб бўлмайди. Чунки порахўрлик пирамидасининг тепасида Каримовнинг ўзи ўтирибди.

Жаҳон бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи нуфузли “Transparency International” хулосасига кўра, 2008 йилда Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бир қадар яхшилаган бўлса ҳам, бу давлат ҳамон дунёдаги энг коррупциялашган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ташкилотнинг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон коррупция даражаси энг юқори қолаётган 15 давлат қаторига киритилган.

XS
SM
MD
LG