Линклар

logo-print

Банкларга аҳоли пулини жалб этиш буюрилди

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон президенти банклардан аҳоли ëстиғининг тагида сақлаëтган пулларни муомалага кирғизишни сўрамоқда афтидан.

Ўзбекистон президенти банклардан аҳоли ëстиғининг тагида сақлаëтган пулларни муомалага кирғизишни сўрамоқда афтидан.

Ўзбекистон президенти “Республика тижорат банклари ўртасида аҳоли маблағларини жалб этиш юзасидан танлов ўтказиш тўғрисида” қарор чиқарди. Ҳа¸ ҳукумат тижорат банклари орасида танлов ўтказаëтир!

Мазкур ҳужжат матнида нима дейилишидан қатъий назар¸ банклараро танлов предметининг ўзиёқ бир қатор саволларни пайдо қилади.

Қарор матнига тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Унда, асосан, танловни ўтказиш тартиби устида сўз боради.

Ҳар қандай банк, маълумки, омонатчилардан жалб этилган пулни айлантириш ҳисобига яшайди ва бойийди. Омонатларни жалб этишдан тўхташи¸ банкнинг синганидир.

Бас шундай экан, президент нима қилади бу ишга аралашиб? Кимга кераги бор тижорат банклари орасида аҳоли маблағларини жалб этиш юзасидан танлов ўтказишнинг?

Бизни қизиқтирган асосий саволлар шулар.

Бироқ банк-кредит соҳасида дилетантлигимизга бориб тушунмаётгандирмиз, дедик-да, танловда иштирок этадиган банклардан баъзиларига мурожаат қилдик.

Кредит-Стандарт банки ходимидан сўрадик.

Озодлик: Шу конкурсга сизларнинг банк қатнашадими? Умуман бу конкурсдан кўзланган мақсад нима?

- Мана сизга битта савол-да. Сиз радиодан қилаяпсиз-а?

Озодлик: Ҳа.

- Сизга бу маълумот нима учун керак?

Ўзбекистонлик мулозимлардан ҳар қандай гапни эшитганидигу, лекин бунақасини эшитмагандик.

Ипак йўли банки ходими радиога, умуман ОАВларига маълумот нима учун кераклигини тушунади, шекилли, баъзи саволларимизга жавоб берди.

Озодлик: Озодлик радиосидан телефон қилаëтган эдим. Исмим Сарвар Усмон.

- Ҳа эшитаман.

Озодлик: Президентнинг кечаги қарори бўйича сизга телефон қилаяпман. Шу танловда Ипак йўли банки қатнашадими?

- Ҳозир тўғридан-тўғри эфирдамизми ë...

Озодлик: Йўқ-йўқ¸ эфирда эмасман. Ëзиб оламан.

- Ипак йўли банки албатта қатнашади. Ўша қарор асосида икки ҳафта давомида ўтказилаëтган танловнинг критерийлари сақланади. Шундан кейин бизлар... албатта қатнашади. Ҳамма банклар қатнашади.

Озодлик: Бунақа конкурслар илгари ҳам бўлиб турармиди ўзи?

- Илгари бизнинг банкимизнинг ичида бўларди. Лекин бутун республика бўйича эмас.

Озодлик: Бу танловдан асосий мақсад нима?

Бу саволимиз, тўғриси, суҳбатдошимиз – Ипак йўли банки ходимига эмас, балки танловни уюштирганларга берилиши лозим бўлган саволдир. Лекин банк вакили бироз ўйланиб тургач, жавоб беришга уриниб кўрди.

- Асосий мақсад¸ менимча¸ филиалларнинг янада омонатларга мижозларни таклиф бўйича ишларини фаоллаштириш¸ рағбатлантириш.

Озодлик: Мана сизлар тижорат банкисизлар. Тижорат банклари ўзаро рақобатга киришиб¸ ўзи хоҳласа-хоҳламаса¸ ким ўзарга доимий танлов бор. Бас шундай экан¸ нима учун яна давлат алоҳида конкурс ўтказиши керак?

Суҳбатдошимиз, Ипак йўли банки ходими фавқулодда зийрак йигит экан, афтидан¸ менинг сўнгги саволимга ўхшаш саволни, яъни президент имзолаган у ёки бу ҳужжатга нисбатан шубҳа ҳиди келиб турадиган саволни маҳаллий ОАВлари мухбирлари бермаслигини билади, шекилли, саволимга савол билан жавоб қилди.

- Қайси радиодансиз?

Озодлик: Озодлик радиоси.

- Билмадим энди. Қайтанга яхшию. Фойдалию бозор иқтисодиëти шароитида.

Озодлик: Йўқ¸ айнан бозор ...

- Бозор иқтисодиëти шароитида яхшию.

Озодлик: Айнан бозор иқтисодиëти шароитидан келиб чиқиб айтаяпманда. Бозор иқтисодиëти шароитида тижорат банклари ҳар доим ўзи рақобатда. Демак¸ ҳар доим танлов ўзи бор. Яна юқоридан конкурс ўтказасан деб..

- Йўқ нормальный нарса. Нега энди¸ масалан банкнинг ўзи филиалларини ўртасида қилиши мумкин эди.

Президент қарорида танловни уюштириш учун ташкилий қўмита тузиш назарда тутилган бўлиб, унинг раислигига Марказий банк раиси жаноб Муллажонов тайинланган.

Ўзбекистоннинг энг катта банкири билан боғланишнинг иложи бўлмади, лекин Туркманистон Марказий банкининг собиқ раиси Худойберди Ўрозов билан боғландик. Саволларимизга жавоб берар экан, банкир мана буларни айтди:

Тижорат банкининг нима эканлиги тўғрисида:

- Тижорат банки мустақил молия муассасасидир. Мустақил эмас экан, демак у тижорат банки эмас.

Тижорат банклариаро рақобат тўғрисида:

- Тижорат банклари ўртасида қандайдир мусобақа бўлиши табиий ва бу мусобақа рақобат, деб аталади ва у ҳақда одатда гапирилмайди.

Тижорат банклари ўртасида давлатнинг танлов ўтказиши тўғрисида:

- Аҳоли маблағларини жалб этиш бўйича тижорат банклари ўртасида давлатнинг танлов уюштириши¸ бозор иқтисодиëти қонуниятларига зид ғирт советча тутумдир.

Танлов ўтказишга мажбур қилган омиллар тўғрисида ҳам фикр юритар экан, Туркманистон Марказий банкининг собиқ раҳбари Худойберди Ўрозов Ўзбекистон раҳбарияти бундай чора билан ўзини глобал молиявий инқироз шароитида бекор ўтирмаётганини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётган бўлиши, мамлакатда нақд пул тақчиллиги яққол сезилиб қолган бўлиши мумкин, деган тахминлари билан ҳам ўртоқлашди.

Ҳар ҳолда Ўзбекистон президентининг “Республика тижорат банклари ўртасида аҳоли маблағларини жалб этиш юзасидан танлов ўтказиш тўғрисида”ги қарори камида икки ҳолатнинг ифодасидир:

a) аҳоли қўлида банкларда сақлайдиган ортиқча пул йўқ;

б) аҳоли банкларнинг тез ва ҳалол ишлашига ишонмайди.

Лекин бу икки ҳолат таҳлили бошқа мақола мавзуидир.

XS
SM
MD
LG