Линклар

logo-print

"Келгинди ишчилар Россия учун муаммо эмас!"

  • Абдулла Искандар

Кейинги ойлар давомида Россия муҳожирлик идоралари хорижлик ишчилар ҳужжатларини текширишни янада кучайтириб юборди.

Кейинги ойлар давомида Россия муҳожирлик идоралари хорижлик ишчилар ҳужжатларини текширишни янада кучайтириб юборди.

Путин партиясининг ёшлар қаноти мамлакатнинг йирик шаҳарларидаги миграция идоралари ва қурилиш ширкатлари олдида норозилик намойишлари ўтказмоқда.

Улар хориждан келган меҳнат муҳожирларининг Россиядан чиқиб кетишини, уларнинг иш ўринлари россияликларга берилишини талаб қилдилар.

Москвада ишлаëтган ўзбек аëлининг бу ҳолатга муносабатини ўргандик.

- Ҳозир “Ëш гвардия”, “Четдан келганларнинг ҳаммасини чиқариб юборинглар, русларга иш йўқ. Келгиндилар иш жойларининг ҳаммасини банд қилиб олган” деб митинглар қилаяпти. Мен ўйлайманки, агар юқоридан буйруқ бўлмаса, булар бунақа қилиша олмас эди. Бунда Путиннинг ҳам қўли бор деб ўйлайман. Давлатнинг ўзи очиқдан-очиқ қила олмайди-ю, мана шунақа “Ëш гаврдия”чиларга, тақирбошларга йўл қўйиб берса, шулар қилаверишади. Мен бу билан муҳожирларни чиқариб юборишади деб ўйламайман. Лекин ҳозир мана бу инқироз туфайли кўп иш жойлари бўшаб қолди, фирмалар ëпилаяпти. Мен билган қурилиш фирмаларининг 10, 15таси ëпилиб қолди. Ишчиларнинг кўпчилиги ҳозир уйларига кетаяпти.

Озодлик: Уларнинг бу ҳаракати Россиядаги умумий кайфиятни акс эттирадими? Кўпчилик шунақа ўйлайдими?

- Албатта, албатта акс эттиради. Масалан 3, 4 ой бурун маошлар кесилган эди. Инқироздан ўтамиз, кейин берамиз деб алдаб, мана кўп одам кутиб ўтирмасдан кетиб қолди. Нафақат бизнинг ўрта осиëликлар балки украиналиклар ҳам, молдоваликлар ҳам, белорусияликлар ҳам кетаяпти.

Озодлик: Сизнинг шахсий ҳаëтингизда милатчилар билан боғлиқ муаммолар бўлганми?

- Менда унақа катта даражада муаммо бўлмади-ю, масалан яқинда қизалоғим билан касалхонада ëтиб чиқдим. Ўшанда руслар билан шунақа гаплашиб қолдик. Менинг бетимга қараб “Сизларни деб мана мен иш топа олмаяпман. Болаларимни боқа олмаяпман. Бизларнинг русларни ҳатто кўча супуришга ҳам олмаяпти. Қаëққа қарама қирғиз, ўзбек ишлаяпти. Ҳатто фаррошчилик ишини ҳам топа олмаяпман” деб зарда қилган аëл ҳам бўлди. Ҳатто мен яқинда қизларимга ҳужжат тўғирлайман деб поликлиникага бориб юрганимда поликлиниканинг бош врачи менга “Москвада руслардан кўра келгинди кўп. Бу поликлиникага келиб турганларнинг ҳам кўпчилиги келгинди” деб бир норози оҳангда гапирди.

Озодлик: Келаси йили меҳнат муҳожирларининг квотаси икки баробарга оширилиши ҳақида ҳам гап кетаяпти. Бир тарафдан эшиклар очилаяптику.

- Албатта. Россияда Ўрта Осиëдан бўлсин, собиқ постсовет ҳудудларидан бўлсин келиб ишлаб турганлар кўпчиликни ташкил қилади. Агар шулар бўлмаган тақдирда, бу ерда умуман қурилишлар ҳам тўхтаб қолади ëки икки, уч йилда битадиган қурилиш 15 йилга чўзилиб кетади русларнинг ўзи билан ишлайдиган бўлса.

Суҳбатдошимизнинг ўғли ҳам яқинда ишдан ажралганидан нолиди.

- Мана ҳозир ишлаëтган жойимдан мени бўшатишди. Чунки пул йўқ. Мен ҳозир иш топа олмай юрибман.

Озодлик: Бунга четдан келганларга қарши кайфият сабаб бўлдими?

- Ҳа. Бўлмаса бошқа нима бўлади. Шунинг учун ҳам менга ўхшаган бир нечтасининг пулларини бермай чиқариб юборишди.

Озодлик: Кўча-кўйда юрсангиз сизнинг қиëфангизга қараб, ташқи кўринишингизга қараб текширишлар ëки эътироз билдиришлар бўладими?

- Ҳа бўлади. Милициялар келиб ҳужжат кўрсат, дейди. Ҳужжат кўрсатсанг ҳам барибир баҳона топишади.

Озодлик: Ҳужжатларингиз жойида бўлса ҳам баҳона топишадими?

- Ҳа.

Москва вилоятидаги қурилишда ишлаëтган Жумабой ака эса ойлигини ола олмаëтганидан шикоят қилди.

- Яхшисидан кўра ëмони кўпроқ.

Озодлик: Нима бўлаяпти ўзи?

- Шартнома тузган бўлсак ҳам пулни ўша фирмага ўтказиб бера олмаяпти. Меникининг объектни топширганига бир йил бўлди.

Озодлик: Кўча-кўйлардаги намойишлардан хабарингиз борми?

- Бозорда ҳам худди шу. Қоралар ишламасин, 70 фоизи рус бўлиши керак. Ҳатто жойини ҳам олиб қўяяпти. Руслар ўзининг маҳсулотини ўтказа олмаяпти. Чириб кетаяпти. Бир сиëсат қилишган эди.

Озодлик: Сизлар қилаëтган ишларни руслар қила оладими? Улар хоҳлайдими шуни?

- Менимча, улар бозорда 8, 9 соатлаб тик оëқда тура олмаса керак. Кирсангиз ҳаммаси бошқа миллат. Кийим-кечак сотаëтганларнинг ҳаммаси қора, лекин эгаси рус. Руснинг номига ўтказиб қўйган. Комиссия келса русни кўрсатамиз.

Озодлик: Қурилишдачи?

- Олаëтганлар ҳам бор, лекин ола олмаëтганлар кўпроқ. Саргардон бўл, югур-югур. Мана яқинда руслар мардикорларни “Сенлар нархни синдириб юбораяпсан. Бизнинг ишимизни олиб қўяяпсан. Биз нон топиб ея олмаяпмиз” деб уриб ҳайдабди.

Жумабой ака ҳам рус миллатчиларининг мардикорларга қарши талабларидан хабардор.

Ўзбек мардикорлари ҳақ-ҳуқуқуқларини ҳимоя қилаëтган “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроевга ҳам қулоқ тутдик.

- Биз Россия учун муаммо эмасмиз. Биз Россия халқидан ëки ҳукуматидан умуман Ўрта Осиë халқларига бир муҳаббат талаб қилаëтганимиз йўқ. Россия ҳукуматидан қонунларни бузмасликни талаб қилишимиз мумкин.

Баҳром Ҳамроев назарида, Россия ҳукуматининг МОлик мардикорларга муносабати турлича бўлиб қолмоқда. Ҳуқуқ фаолига кўра¸ бораëтган норолик намойиши Кремль иродасининг ифодасидир.
XS
SM
MD
LG