Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:15

Америкадаги ўзбеклар Обамани сайладилар


Бир минути кам президент деб кўрилаëтган Барак Обама Виржиниядаги сўнгги сайловолди учрашувларидан бирида.
Бир минути кам президент деб кўрилаëтган Барак Обама Виржиниядаги сўнгги сайловолди учрашувларидан бирида.

Дунë сиëсий маданиятида бурилиш ясаши кутилаëтган 4 ноябр кунги АҚШ сайловларида асли ўзбекистонликлар ҳам қатнашмоқда.Уларнинг аксари ўз янги президенти этиб Барак Ҳусайн Обамани танлаганларини айтмоқдалар.

Дунё жамоатчилиги диққат билан кузатиб бераётган АҚШдаги президент сайловида Америка фуқаролигини олган ўзбеклар ҳам иштирок этмоқда. Америкалик ўзбеклар президентлик сайловида қайси номзодни қўллаб-қувватлаяпти?

Америка фуқаролигини олиб, АҚШда яшаётган ўзбеклар сони кўп бўлмаса ҳам, уларнинг аксари демократик партия номзоди Барак Обама учун овоз беришади.

Биринчи суҳбатдошим ўзбек мухолифати ҳақидаги китоб муаллифи, социолог Баҳодир Файз, Барак Обама учун овоз беришини айтди. Унга кўра, ўзи танийдиган америкалик ўзбеклар ҳам Барак Обама учун овоз берди:

- Бугунги сайловда мен танийдиган ўзбеклар¸ яъни Питсбургда яшайдиган Америка фуқаролигини олган ўзбекларнинг кўпчилиги Барак Обамага овоз беришди. Бу фақат ўзбеклар эмас, бошқа давлатлардан келган муҳожирлар, турклар, араблар, мусулмонлар ва умуман англо-саксон бўлмаган муҳожирлар, бундан ташқари Американинг ўзининг англо-саксон бўлмаган аҳолсининг кўпчилиги Барак Обама учун овоз беришди.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада?

- Ўзбекларнинг Барак Обама тарафдори бўлганлигининг асосий сабаби менимча оддий америкаликлар ва бошқа муҳожирлар каби иқтисодий сабаб деб ўйлайман.

Иккинчи сабаби, 8 йиллик Буш маъмурияти даврида кўчманчилик бюроларини қоғозбозликка жуда ҳам берилиб кетганлиги, кўчманчилик ишларини жуда ҳам қийинлаштириб юборганлиги, мусулмонларга, албатта бунинг ичига ўзбеклар ҳам киради, қарши қарашнинг салбий бўлишига олиб келганлиги сабабли Бушни унчалик ëқтиришмайди. Шу жумладан Маккейнни ҳам.

Энди Ўзбекистон, Марказий Осиë масаласида Маккейн диктаторлар билан, Ўзбекистонда ҳам диктатор ўтиргани учун, радикалроқ муомалада бўлиш тарафдори бўлса, яъни Маккейн унча мулоқотга яқин одам эмас, республикачиларнинг ўзи шунақа, лекин Барак Обаманинг сиëсати ҳар қанақа диктатор бўлса ҳам биз у билан мулоқот қилишимиз керак, бутун муаммолар шу билан ҳал бўлиши керак, деган дунëқараши бор. Бу Ўзбекистон учун, Сурия учун, Эрон учун бўлиши мумкин. Аммо умуман Барак Обаманинг дунëқарашини олдинги баҳсларда кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанақа диктатор бўлсин, биринчи навбатда, биз дипломатик йўлларни қидиришимиз керак¸ алоқани узил-кесил кесиб ташламаслигимиз¸ яъни изоляция қилмаслигимиз керак, деган бир ëндашуви бор.

Пенсилвания штатида яшаётган америкалик бошқа бир ўзбек Саид аввалги суҳбатдош каби демократлар номзоди Барак Обамани қўллаб-қувватлашини айтди. У ўз қарорини бундай изоҳлади.

- Бу ерда ўзбеклар асосан Обамани сайлаймиз дейишаяпти. Менимча Обама сайланади.

Озодлик: Сиз ким учун овоз бермоқчисиз?

- Обамага берган бўлардим.

Озодлик: Сабаб?

- Асосан иқтисодни яхшилайди-да. Кўплар менимча Обамага овоз бераяпти. Кўп жиҳатларда Обаманинг қарашлари яхши чиқаяпти.

Озодлик: Обама айнан сизни нимаси билан ўзига жалб қилаяпти?

- Асосан иқтисод тарафлама. Солиқлар бўйича айтгaн гаплари. Кейин урушни тўхтатаман дегани.

Озодлик: Агар Обама сайланса, Америкадаги ўзбеклар ундан нима кутишаяпти?

- Обама сайланса, асосан ҳозирги йўналиш ўзгариб, иқтисод анча яхши бўлади. Ишхоналарда иш бериш кўпаяди. Умумий маънода бир ўзгариш бўлади. Сиëсатни бошқача йўналишда олиб боради.

Пенсилвания штатида яшовчи яна бир америкалик ўзбек Алишер ҳам ўзбекларнинг аксари Барак Обама учун овоз беришини айтди.

- Ўзбеклар ҳам Обамага овоз беришаяпти. Чунки ҳозир ҳамма масала иқтисодга тақалиб турганлиги учун Обамага овоз берамиз дейишаяпти. Обаманинг ҳақиқий иқтисодий режаси бор. Лекин Маккейнда режа бўлмади. Режалари бор лекин яхши эмас экан.

Озодлик: Сизни Обама шахсан нимаси билан жалб қилди?

- Обаманинг фалсафаси яхши. Иқтисодий режаси яхши ва у одамларга умид беради. У ташқи алоқаларга ҳам жуда кучли одам. У кўпинча гаплашаëтганда ўзига душман эмас¸ дўст ахтарадиган одам. Дебатларда ҳам “Эрон ва бошқа давлатлар билан гаплашиб борди-келдиларимизни яхшилашимиз керак. Қанақа бўлишидан қатъий назар гаплашишимиз керак” дейди. Маккейн бўлса, “Эрон президенти билан гаплашмайман. У билан олдиндан шарт қўйиб кейин гаплашаман” деяпти. Обама дипломатроқ усулда гаплашишга ҳаракат қилади. Обама президент бўлса, ҳамманинг иқтисоди кўтарилади-да.

Айни пайтда АҚШнинг айрим штатларида президент сайлови ўтказилиши белгиланган кун, яъни 4 ноябрга қадар фуқароларга муддатидан олдин овоз беришга рухсат этилган. Муддатидан олдин овоз берганлар орасида мустақил таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов ҳам бор.

Озодлик: Шанба куни ким учун овоз бердингиз?

- Барак Ҳусайн Обама учун.

Озодлик: Сабаби нимада?

- Сабаби, менинг назаримда, албатта иккала номзод ҳам мукаммал эмас, лекин иккита номзод ичида Америка учун Барак Ҳусайн Обама ишонарлироқ.

Озодлик: Америка фуқаролигини олган ўзбеклар ким учун овоз беради?

- Менинг Америка фуқаролигини олган танишларим билан гаплашганлигим натижасидаги ўзимнинг тасаввурим шундан иборатки, деярли барча Барак Ҳусайн Обамага овоз беради.

Озодлик: Нима сабабдан?

- Бунинг сабаблари бир нечта. Биринчиси¸ Америка-Ўзбекистон муносабатларини олганимизда, сенатор Маккейн дунëни оқ-қора кўради. Ҳар ҳолда у президент Бушга яқин. У Ўзбекистонга сафар қилганида президент Каримов билан учрашмаган. У билан бирорта катта мулозим учрашмаган. Шундан кейин Ўзбекистон ҳукуматидан, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбаридан норози бўлиб келган. Бу дегани Америка билан Ўзбекистон орасидаги муносабатлар озгина бўлса ҳам юмшатилаëтган пайтда¸ бу сенатор Маккейннинг ўзининг шахсий муносабати салбий таъсир қилиши мумкин.

Иккинчиси Американинг ташқи сиëсатида айниқса мусулмон мамлакатларига қилаëтган сиëсатида, асосан сенатор Маккейн Бушнинг ўша оқ-қора, дўст-душманга ажратиш сиëсатини давом эттиради. Барак Обама вазиятнинг қанчалик мураккаблигини тушунади. У мусулмон дунëси билан мулоқот қилиш кераклигини, фақат очиқдан-очиқ Америкага қарши курашаëтган душманлар билангина урушиш кераклигини кўпроқ тушунади. Шу нуқтаи-назардан америкалик ўзбекларнинг кўпчилиги мусулмон бўлгани учун улар бу масалада кўпроқ Барак Обамани маъқул деб билишади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, АҚШнинг айрим штатларида президентлик сайлови белгиланган кун, яъни 4 ноябрга қадар фуқароларга муддатидан олдин овоз беришга рухсат этилган шу боис 30га яқин штатда тахминан 29 миллион фуқаро муддатидан олдин овоз берди. 2000 йилги президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 15 фоизи, 2004 йилги сайловда 22 фоизи муддатидан олдин овоз берган эди.

АҚШ президенти лавозими учун ўтказилаётган ҳозирги сайлов аввалгиларидан ҳар жиҳатдан кескин фарқ қилади. Чунки бу сайлов ҳозирда дунё, қолаверса, АҚШда иқтисодий жиҳатдан мураккаб вазият юзага келган пайтда ўтказилмоқда. Дунёдаги энг йирик иқтисодиётга эга бўлган АҚШнинг 44-президенти бўлиш учун иқтидордаги Республикачилар партияси номзоди 72 яшар сенатор Жон Маккейнга қарши Демократик партия номзоди ёш ва шижоатли 47 яшар сенатор Барак Обама бир неча ойдан бери сайловолди кампанияси олиб борди. Президентликка даъвогарлар ўртасида сайловчилар овози учун қизғин кураш сўнгги дақиқагача давом этди.

АҚШда сайлов участкаларининг аксари 4 ноябр куни Тошкент вақти билан 16да очилди. Овоз бериш чоршанба куни Тошкент вақти билан 11:00да Аляскадаги охирги сайлов участкаси ёпилиши билан тугайди.

АҚШдаги сайловлар тадқиқот маркази маълумотига кўра, бу йилги президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 73,5 фоизи рўйхатдан ўтган.

Бунинг эса¸1920 йилда аёл фуқаролар овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритганидан бери АҚШ тарихида қайд этилган энг юқори кўрсаткич экани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG