Линклар

Ўзбек қани? Ўзбек пахтада.

  • Фаррух Юсуфий

Соғ ҳам касал ҳам¸ онаю бола ҳам¸ қарию ëш ҳам¸ хуллас ўзбек бугун яна пахтазорда...

Соғ ҳам касал ҳам¸ онаю бола ҳам¸ қарию ëш ҳам¸ хуллас ўзбек бугун яна пахтазорда...

Дастлаб одатдагидай¸ тиббиёт оламидаги янгиликлар билан танишамиз. Ҳомиладорлик пайтида қанд касаллигига чалинган аёллардан туғилган болаларнинг тили кеч чиқади, демоқда канадалик тадқиқотчилар.

Ройтерс (Reuters) агентлигига кўра, Квебек шаҳридаги Лавал Университетининг Доктор Гиннет Дион бошлиқ бир гуруҳ олимлари қанд касалига чалинган аёллардан туғилган 221 болани маълум муддат давомида кузатиб, ана шундай хулосага келган.

Бир ярим ёшдан етти ёшгача бўлган бу болалар оналари соғлом бўлган икки мингга яқин тенгқурлари билан солиштириб кўрилганда, уларда ўз фикрини ифода қилишда қийинчиликлар кузатилгани аниқланган.

Тадқиқотчи шифокорлар шунингдек, диабети бор аёлларнинг болаларида нутқ муаммолари бўлишининг эҳтимоллари юқорироқ бўлишини ҳам аниқлаганлар.

Айни пайтда, оналарнинг таълим даражаси, боланинг нутқи қандай ривожланишига таъсир қилиши мумкинлигини ҳам айтмоқда канадалик тадқиқотчилар.

- Масалан, маълумоти олий аёлларнинг ўзларидаги гетацион диабет, яъни қанд касали туфайли, боласида пайдо бўлган нутқ муаммоларини, болани гапиришга рағбатлантирувчи шарт-шароитларни яратиб бериш орқали бартараф қилиш имкони кўпроқ бўлади, дейди доктор Дион.

Айни пайтда, британиялик тиббиётчилар қанд касали билан оғриган беморлар ҳафтасига икки марта балиқ истеъмол қилса, диабетнинг кўп учрайдиган асорати бўлмиш буйрак хасталикларииннг олдини олиши мумкин, демоқда.

Кембриж университети қошидаги Адденбрук шифохонасининг Доктор Аманда Адлер етакчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи, ўрта ва катта ёшдаги 22 мингга яқин кишинининг овқатланиш одатларини кузатди. Тадқиқотда иштирок этганларнинг 517 нафарида қанд касалининг иккинчи кўриниши бўлган.

Тадқиқотда аниқланишича, бир ҳафтада бир мартадан кўпроқ балиқ истеъмол қилган беморларнинг сийдигида протеин камроқ бўлган¸ яъни буйрак касалликларига сабаб бўлувчи асосий омил баратараф қилинган.

Тиббиётда макроальбуминурия деб аталувчи касаллик аломати бартараф этилгани нафақат буйрак, балки юрак хасталикларининг олдини олишда, фойдали бўлиши мумкин, дейди доктор Адлер, Рейтерс билан суҳбатда.

Ҳафтасига икки марта ёки кўпроқ балиқ ейиш, деб хулоса қилди тадқиқотчилар, макроальбуминурия ҳолатининг қарийб 5 баробарга камайишига ёрдам беради.

Хитойда товуқлар ҳам заҳарли тухум қўяëтир...

Хитойда, меламин кимёвий моддаси билан заҳарланган сунъий сут жанжали ортидан, айни модданинг товуқ тухумида топилгани можароси авж олмоқда.

Хитой расмийлари, тухумларда меланин моддасининг топилгани алоҳида ҳолат экани, бошқа парранда фермаларида бундай ҳолат аниқланмаганини таъкидламоқда.

Сентябрда Хитойда болалар учун чиқарилган сунъий сутда меламин моддаси топилиши ва бунинг натижасида тўрт боланинг нобуд бўлиб¸ минглаб боланинг касалланиши билан боғлиқ жанжалдан кейин Пекин расмийлари озиқ-овқат маҳсулотлари устидан давлат назоратини кучайтиришга ваъда берган эди.

Шифохона ҳам¸ шифокор ҳам¸ касал ҳам ¸ ҳатто поезд ҳам пахтазорда....

Бугунги дастуримизни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида рўй бераётган янгиликларни қидираётиб, бу янгиликларнинг аксарияти, яна айни кунларда давом этаётган пахта мавсуми билан боғлиқ эканига амин бўлдик. Аниқроғи, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги бугунги аҳволни “Ҳамма пахтада”, деб тавсифлаш мумкин.

Болалар меҳнати муаммоси, хусусан ўзбек болаларининг оммавий тарзда пахта далаларига ҳайдалишининг келажак авлод саломатлигига таъсири ҳақида ўтган дастуримизда гаплашган эдик.

Бугунги дастуримиз учун, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш расмийлари, давлат амалга ошираётганини айтаётган дастурлардан ташқари, қандай конкрет ишларни, хизматларни таклиф қилмоқда, деган саволга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Соғлиқни сақлаш вазирли мутасаддилари, яна ўша давлат дастурлари ҳақида гапиришдан нарига ўтишмади.

Шундан кейин расмий ахборот агентликлари бераётган хабарлар орасида, “Хоразм вилоятига Саломатлик поезди жўнатилди” номли мақолага кўзимиз тушди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатган бу хабарга кўра, “Экосан” халқаро ташкилоти ҳомийлигида Хоразмга йўл олган поездда Оролбўйи минтақаларидаги кам таъминланган оилалар, ёш болали ёлғиз аёлларга ҳамда мактаб болаларига мўлжалланган жами 80 миллион сўмлик инсонпарварлик ёрдам жўнатилган.

Жўнатилганига бир ҳафта бўлган поезд эсон-омон етиб бордими, инсонпарварлик ёрдами тақсимлана бошладими, ундан баҳраманд бўлганлар хурсандми каби саволлар билан Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилдик.

Озодлик: Ассалому алайкум.

- Здраствуйте.

Озодлик: Это Облздрав да?

- Да.

Озодлик: Вы говорите по узбекски?

- Нет.

Озодлик: Я хотел спросить, тут было сообщение о том что, в Хорезм был отправлен поезд “Здоровья”. Этот поезд прибыл или нет?

- Нет ещë не пришëл хлопок. Ой хлопок говорю, поезд ещë не приехал.

Ўзбек тилида гапирмаган суҳбатдошимизга кўра, пахта, йўғе поезд ҳали етиб келмаган. Сезган бўлсангиз Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими поезд сўзи билан пахта сўзини адаштириб юборди. Яъни айтиб ўтганимиздек, бугун Ўзбекистон турмушининг барча соҳалари каби соғлиқни сақлашдаги воқеалар ҳам пахта йиғим-терим мавсуми билан боғлиқ, дейиш муболаға бўлмайди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимига кўра, Хоразм вилоятида ҳар куни икки ярим мингдан ортиқ тибиёт ходими пахта далаларида меҳнат қилмоқда.

- Биздан ҳар куни 1790 ходимимиз пахтага чиқади. Бу шаҳар бўйича. Туманлардан эса 800 киши далага чиқади, дейди Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими.

Айни пайтда, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг яна бир хабарига кўра, Фарғона вилоятида туғма ногиронлик кўрсаткичлари камаяётгани кузатилмоқда. Унда айтилишича, Фарғонада “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш мақсадида туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастурининг” самарали амалга оширилиши натижасида кўрсаткичларининг пасайишига эришилган. Яна давлат дастури. Конкрет нима қилиняпти, деган савол билан Фарғона вилояти туғруқхонаси шифокорига мурожаат қилдик.

- Бизда анаманияларнинг ҳаммаси туғруқ вақтигача етмасдан скрин ва узи орқали аниқланиб, улар ҳомиладорликни тўхтатишга келади. Мана аëл ўртача 9 ойда туғади. Кўпчилик вақтидан олдин туғишга келади. Скрин бизга буни тезда аниқлаб биз уларни йўналтираяпмиз.

Исмини ошкор қилмасликка қарор қилганимиз суҳбатдошимизга кўра, республика бўйлаб ташкил қилинган скрининг марказлари она қорнидаги ҳомилада бўлиши мумкин ҳар қандай муаммони юз фоиз вақтида аниқлаб беради.

Хўш, айтайлик кейинги бир ой ичида Фарғона вилояти скрининг марказида қанча ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилди ва нуқсон билан туғилиши мумкин бўлган қанча ҳомила аниқланди? Вилоят она ва бола скрининг маркази ходимининг айтишича, ...

- Ҳозир кўпчилик пахтада. Бош ҳамшираларимиз ҳам пахтада. Эртага телефон қилсангиз ўзини кабинетида бўлади. Ўзи билан гаплашасиз.

Озодлик: Врачлардан ҳеч ким йўқми?

- Деярли йўқ. Бу ерда бир ставка ишланади-да. Бу ерда ҳамширалар қолган. Улар билишмайди.

Озодлик: Беморлар борми?

- Йўқ бизда бемор ëтмайди. Фақат кундуз куни келиб кетишади холос. Эрталабдан ҳамма жойда навбат эди. Ҳозир ҳаммаси кетишди.

Озодлик: Ҳамма пахтада бўлса, беморларни ким қабул қилаяпти?

- Врачлар биттадан бор.

Озодлик: Қолган ҳамма пахтадами?

- Ҳа.

Қизиқ, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарида таъкидланган минглаб ҳомиладор аёлларни ким текшираётган экан?! Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, тиббиёт ходимларининг оммавий пахта йиғим-теримига жалб қилинаётганини на инкор қилди, на тасдиқлади.

Ўзбекистонлик тиббиёт фанлари доктори профессор Суҳбат Абдулла ҳукуматдорлар, кези келса, келмаса, “Соғлом авлод юртимиз келажаги” қабилидаги шиорларни айтишни яхши кўради, лекин пахта режаси каби давлат манфаатлари олдида на соғлом авлоднинг, на юрт келажагининг бир тийинга арзигулик аҳамияти бор, дейди.

- Ўзбекистон ҳукуматида, давлатида бепарволик кузатилаяпти. Бизнинг келажакка қўядиган ëш авлодларимиздан бошқа нимамиз бор? Майли биз ўтиш даврини кўраëтгандирмиз лекин давлат келгуси авлод ҳақида қайғурмас экан, эртага бу давлатни кимлар бошқаради, кимлар уни юксакликка олиб чиқади? Бу жуда даҳшатли нарса. Пахта даласига чиқиб пахта даласида соғлигимизни қолдириб келдик. Келгуси авлоднинг ҳаëтини хавф остига қўйдик.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилишга оид ўнлаб давлат дастурларини эълон қилган. Бу дастурларнинг амалга оширилишига миллионлаб АҚШ доллари миқдорида давлатнинг ва хорижий ташкилотлар берган пуллар сарфланади. Давлат дастурлари йиллар давомида амалга оширилиб келса-да, аҳоли саломатлиги яхшиланаётгани ҳақида гапириш қийин, дейди Суҳбат Абдулла.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек фахрий вазифани ўз зиммасига олган тиббиёт ходимларининг оммавий тарзда далага ҳайдалгани нафақат ўзбекистонликлар саломатлиги, балки тиббиёт ходимларининг ўзларига бўлган муносабат қандай эканига аниқ жавоб эмасми?

Афғонистонда руҳий касалллар сони кўпаймоқда

Олим Кўҳкан

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида руҳий касалликларга чалинганларнинг сони ошиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда. Расмийларга кўра, мамлакат аҳолисининг қарийб тўртдан бири руҳий муаммолардан азият чекмоқда.

Соҳа мутахассислари фикрича, Афғонистон бўйлаб руҳий касалликка чалинганлар сонининг кун сайин ошиб бораëтганига биринчидан мамлакатда узоқ давом этган жанг-жадаллар, аксарият оилаларнинг оғир иқтисодий аҳволга дуч келаëтганлиги сабаб бўлмоқда.

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири доктор Муҳаммадсаидамин Фотамийнинг эътироф этишича, Афғонистоннинг 20 фоиздан ошиқроқ аҳолиси турли руҳий касалликларга чалинган. Аммо, баъзи мутахассислар мамлакат бўйлаб аҳолининг 60 фоизи руҳий касалликлардан азият чекаëтганликларини айтадилар.

Доктор Фотамий мамлакат бўйлаб руҳий касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги “Healthnet” номидаги халқаро ноҳукумат муассаса билан бир шартнома имзолаган. Ушбу шартнома асосида мазкур муассаса 15 йилга қадар Афғонистон бўйлаб руҳий касалликларга чалинган инсонларни даволаш соҳасида яқиндан ëрдам кўрсатади.

Доктор Фотамий Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги руҳий касаллик тарқалишига қарши жиддий чоралар кўрилаëтганини маълум қилди.

- Афғонистонлик руҳиятшунос мутахассисларнинг анжуман бошлиғи доктор Азизуддин Ҳиммат мамлакатда кун сайин тез суръатда тарқалиб бораëтган руҳий касалликларга қарши муваффақиятли кураш олиб бориш учун соғлиқни сақлаш вазирлиги лозим бўлган пулни ажратиши керак, дейди. Унинг даво қилишича, ҳанузгача донор давлатлар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида 200 миллион доллар ëрдам кўрсатилган. Аммо Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маблағни руҳий касалликларга қарши кураш ва руҳий касалларни даволаш учун сарфламаган.

Доктор Ҳиммат шунингдек Кобул Университети қошида руҳиятшунослик институти ташкил этилишини таклиф этди. Афғонистон олий таълимот вазири доктор Аъзам Додфар Кобул тиббиëт факультети қошида руҳий касалликлар департаменти очилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG