Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:08

МО га Ғарбдан нари туриш тавсия қилинди


Марказий Осиëга ўз орқа ҳовлиси¸ унинг раҳбарларига ўз вассаллари деб қараш Кремл МО сиëсатининг негизи бўлиб қолмоқда.
Марказий Осиëга ўз орқа ҳовлиси¸ унинг раҳбарларига ўз вассаллари деб қараш Кремл МО сиëсатининг негизи бўлиб қолмоқда.

Бишкекда тўпланган айрим россиялик сиëсатшунослар Марказий Осиë мамлакатларини Россиядан узоқлашиб¸ Ғарбга яқинлашиш уринишлари оқибатидан огоҳлантирдилар.

Рус сиёсатшунослари фикрича, минтақа давлатлари Ғарбга яқинлашув сиёсатидан воз кечишлари ҳамда ўз ташқи сиёсатларини Россия ва Хитой йўналишига мослаштирмоқлари зарур. “Акс ҳолда, Марказий Осиё катта бўҳрон исканжасида қолади”, деб башорат қилдилар москваликлар.

МДҲ институти Бишкек бўлими раҳбари Александр Князевнинг айтишича, минтақа давлатлари эълон этаётган кўпвекторлик ташқи сиёсат концепцияси сиёсий фаҳшдан бошқа нарса эмас. Унга кўра, бундай сиёсат Россия ва Хитой заиф бўлган даврда ўринли эди.

- Бугунги кунда АҚШ аҳамияти сусайиб, Хитой ва Россия нуфузи ошиб бормоқда. Дунё геосиёсати ўзгармоқда. Минтақа давлатлари ҳукуматлари мана шу жараённи ҳисобга олишга мажбурлар, - деди Александр Князев "Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро муносабатлар тизими ўзгараётган даврдаги ташқи сиёсати” деб номланган Бишкек анжуманида қилган чиқишида.

Унинг айтишича, анжуманда Қирғизистон ҳудудида АҚШ ва Россия ҳарбий базаларининг мавжудлиги масаласи ҳам кўтарилади. Александр Князев АҚШ ҳарбий базасини минтақа давлатлари барқарорлигига хавф солувчи асосий омил, деб билади. У бугунги кунда Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар жиддий зиддиятлар палласида эканини айтаркан, АҚШ ва Россия ҳарбий базаларининг мамлакатдаги ҳозирлиги Қирғизистон учун жиддий муаммолар келтириб чиқаришини башорат қилди.

Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аджар Куртов фикрича, АҚШ олиб бораётган ташқи сиёсат Марказий Осиё минтақасини тубсиз жарлик сари етакламоқда. Аджар Куртов аксилтеррор кучларнинг Афғонистондаги миссияси инқирозга юз тутганини, Эронга нисбатан АҚШ калтабин сиёсат юритаётганини айтди. Москвалик бу экспертга кўра, натижада Марказий Осиё халқаро тўқнашувлар майдонига айланиб қолиш хавфи остида қолмоқда. “Шунинг учун ҳам минтақа Ғарбга нисбатан ўз сиёсатини қайта кўриб чиқмоғи зарур”, дея иддао қилади Аджар Куртов.

Россиялик таниқли сиёсатшунос Андрей Грозин ҳамкасблари каби одам қўрқитмади. У гапнинг индаллосини айтиб қўя қолди:

- Қисқа муддат ичида минтақа ўзининг стратегик ҳамкорларини аниқлаши лозим. Буни улардан замонавий дунёнинг куч марказлари талаб қиладилар. Бундай босим августдаги Грузия воқеаларидан сўнг Ғарб билан зиддиятга киришган Россия томонидангина эмас, Хитой ва Ғарб томонидан ҳам бўлади. Негаки, кўпвекторли сиёсатнинг умри тугаб бормоқда, - деди Андрей Грозин.

Россиялик мутахассисларнинг бундай фикрларига маҳаллий сиёсатшунослар қўшилмайдилар. Уларга кўра, Марказий Осиё давлатлари кам тараққий этган давлатлар ҳисобланади. Бундай давлатлар учун эса фақат бир йўналишдаги ташқи сиёсатни юргизиш иқтисодий тарафдан катта зиён келтиради. Шунинг учун минтақа АҚШ, Европа, Хитой ва Россиянинг ҳеч биридан воз кеча олмайди.

- АҚШ билан Россия минтақани таъсир доирасига олиш учун ўзаро курашаверсинлар. Бироқ бизнинг позициямиз миллий манфаатлардан келиб чиқмоғи зарур. Россия билан иқтисодий ҳамкорлик, АҚШ билан эса ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ҳамкорликсиз минтақа тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди, - деди бишкеклик сиёсатшунос Марат Қозоқбоев.
XS
SM
MD
LG