Линклар

Москвада яна бир ўзбек ўлдирилди

  • Садриддин Ашур

"Келгиндилар уйингга кет¸ Россия руслар учун!" - деб бақирмоқда бу тақирбошлар.

"Келгиндилар уйингга кет¸ Россия руслар учун!" - деб бақирмоқда бу тақирбошлар.

4 ноябр куни Россияда ўтказилган “Халқ бирлиги” байрами марказий осиёлик мардикорлар учун аянчли тугади. Мазкур тадбир билан айни кунда бир неча ўзбек миллатчи - тақирбошларнинг қонли ҳужуми нишонига айланди.

Шу куни рус миллатчилари ва тақирбошлар Москва кўчаларида «Рус марши» акцияси ўтказдилар. Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, икки мингдан ортиқ рус миллатчилари “Москва—москваликлар учун!” шиори остида кўча юришлари қилдилар. Бу акцияларга “Нолегал иммиграцияга қарши ҳаракат” фаоллари, “Халқ” ҳаракати ( Народ), “Славян иттифоқи”, “Хотира” (Память) фонди фаоллари ҳам қўшилдилар.

Newsru.com ахборот агентлиги хабарига кўра, шу куни Москвада ишлайдиган ўзбекистонлик фаррошларга нисбатан бир неча ҳужумлар бўлган. Москванинг Ғарбий Округида ишлайдиган икки ўзбекистонлик фаррош¸ рус миллатчилари томонидан аёвсиз калтакланган¸ сўнгра чавақланган. Улардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган. Иккинчи ўзбек эса оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Москвалик инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроев ҳам 4 ноябр куни рус бўлмаган одамлар миллатчилар томонидан ҳужумларга учраганини таъкидлайди:

- Кечаси жуда кўп одамларни уриб кетишган. Кўпчилиги Ўрта Осиë халқлари. Кўпларини калтаклаб¸ умуман ногирон ҳолатга келтириб ташлашганини¸ кўпчилигининг оғир тан жароҳати олиб касалхонада ëтганини Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан эшитдим. Хавф¸ албатта¸ энди кучайди.

“Интерфакс” ахборот агентлиги хабарига кўра, 4 ноябр кун кечқурун соат еттида сочлари қиртишлаб олинган ва қора куртка кийган беш-олти нафар ўспирин, Ивано Франко кўчасида яна бир ўзбекистонлик фаррошга ҳужум қилганлар. Уни аёвсиз калтаклаб, бир неча жойидан пичоқлаганлар. Мардикор йигит ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг айтишларича, тақирбошлар фаррошни калтаклаётган пайтда ҳар хил миллатчилик шиорларини бақириб айтганлар.

- Агар бу қотилликлар миллий низолар руҳи остида бўлган бўлса, демак¸ Москвада миллатчилар ўтказган “Рус марши” бунга катализатор бўлиб хизмат қилган, дейди инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эксперти Семён Чарный.

Москвалик инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроев фикрича, аслида бундай кўнгилсиз воқеалар бўлишини шаҳар расмийлари ҳам, хавфсизлик хизматлари ҳам жуда яхши билишарди. Лекин, дейди фаол¸ барибир бунга йўл қўйиб бериляпти ва бундай миллатчилик акцияларининг раҳбарлари жиддий жавобгарликка тортилмаяпти:

- Ўрта Осиë халқлари¸ умуман иммигрантлар ўзининг тирикчилиги учун келган бу муҳожирлар бошига кулфатларни олиб келаëтган¸ Кремль деб айтишимиз мумкин. Бунга сабаблар жуда кўп. Дейлик “Ëш гвардия” ëки шунга ўхшаганларнинг кўчаларга чиқишига ҳукуматнинг ўзи имконият яратиб берганлиги ëки уларни кескин қораламаганлиги рус бўлмаган миллатларни ҳайратга солади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Броднинг “Интерфакс” ахборот агентлигига айтишича, шу йил давомида Россияда миллатчилик руҳидаги 254та ҳужум қайдга олинди.

Оқибатда 113 киши ўлдирилди ва 340 киши жароҳатланди.

Энг кўп қурбон бўлган миллат вакиллари орасида ўзбеклар биринчи ўринда турибди. Ўтган ўн ой давомида Россияда 17 нафар ўзбекистонлик тақирбошлар ва рус миллатчилари қурбони бўлди.
XS
SM
MD
LG