Линклар

Менинг бир орзуим бор....эди

  • Сарвар Усмон

Мартин Лютер Кинг каби инсон боласи учун тенглик орзу қилганлар руҳи 4 ноябр куни шод бўлди - АҚШ ўз тарихида илк бор кечаги қуллар зурëдини президент этиб сайлади.

Мартин Лютер Кинг каби инсон боласи учун тенглик орзу қилганлар руҳи 4 ноябр куни шод бўлди - АҚШ ўз тарихида илк бор кечаги қуллар зурëдини президент этиб сайлади.

Мартин Лютер Кингнинг машҳур нутқи янграганидан 45 йил ўтиб қора танли Барак Ҳусайн Обама АҚШнинг 44-президенти этиб сайланди. "Менинг бир орзуим бор" деб номланган эди ўша машҳур нутқ...

АҚШ президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинган шу кунда кўпчилик беихтиёр қора танли америкаликлар ҳуқуқлари учун курашчининг ўша, "Менинг бир орзуим бор", деган нутқини эсламоқда ва Обаманинг ғалабасини "тарихий ғалаба", деб баҳоламоқда.

Бугун биз ҳам ўша, кўпчилик, нотиқлик санъатининг классик намунаси деб, тан оладиган нутқни эсламоқчимиз.

Рамзий сояси остида турганимиз бир буюк америкалик бундан юз йил муқаддам негрларни озод қилиш тўғрисидаги прокламацияни имзолаган эди.

Бу муҳим фармон адолатсизликнинг куйдириб кул қилувчи оловидан куйган миллионлаб қора танли қуллар учун умид нури улашувчи муҳташам маёққа айланди. У асоратнинг узун тунига якун ясаган қувончли тонгга айланди,

деб бошлаган эди Мартин Лютер Кинг ўзининг ўша, тарих саҳифаларидан "Менинг бир орзуим бор", деган сарлавҳа билан жой олган нутқини.

Мазкур нутқ 1963 йилнинг 23 август куни Вашингтонда, 300 минг америкалик иштирок этган митингда ирод этилган эди.

"Бир буюк америкалик", деб нотиқ экс-президент Авраам Линкольнни эсламоқда. Нотиқ тилга олган фармонни Линкольн бир аср муқаддам, 1862 йилнинг 28 августида имзолаган эди.

Келинг, энди Мартин Лютер Кинг нутқининг давомини эшитайлик.

Орадан юз йил ўтди ҳамки негр ҳамон озод эмас. Орадан юз йил ўтди ҳамки негрнинг ҳаёти, таассуфки, ҳамон сегрегация кишанларию дискриминация тушовлари билан жароҳатланмоқда. Орадан юз йил ўтди ҳамки негр моддий фаровонлик уммони ўртасидаги кимсасиз қашшоқлик оролида яшамоқда, деб тасвирлаганди Кинг қора танли америкаликнинг XX аср ўрталаридаги ҳаётини.

Бор-йўғи 10 дақиқа давом этган нутқида Мартин Лютер Кинг қора танли америкаликларнинг асрий орзу-умидларини ифода қила олган эди.

Менинг бир орзуим борки, кун келади, миллат қаддини ростлаб "Барча баробар яратилган эканини ўз-ўзидан равшан деб ҳисоблаймиз", деган шиорнинг асл маъносини тушуниб етар кун келади.

Менинг бир орзуим борки, кун келади, менинг тўрт фарзандим танасининг рангига қараб эмас, феъл-атворига қараб хулоса чиқариладиган мамлакатда яшайдиган кун келади.

Менинг бир орзуим бор, менинг бир орзуим бор, менинг бир орзуим бор...

Мартин Лютер Кинг ҳар сафар янги фикрини шу сўзлар билан бошлар экан, Линкольн мемориали олдидаги майдонда тўпланган юз минглаб, бу майдонга келолмаган миллионлаб афроамерикаликнинг ҳар бири номидан гапираётгандай бўлган эди.

Афроамерикаликнинг асосий орзуси эса, тенглик эди.

Орадан 45 йил ўтди. Мартин Лютер Кингнинг ўша нутқини синчиклаб ўқир эканмиз, ундан "Менинг бир орзуим борки, кун келади, Америка Қўшма штатларига қора танли президент бўлади", деган гапни топа олмаймиз.

Лекин нутқнинг аввалидан охиригача шу фикр сингдирилган эди: "Барча баробар яратилган эканини ўз-ўзидан равшан деб ҳисоблаймиз".

Ватанга чексиз ишончу чегарасиз меҳр билан суғорилган нутқнинг ирод этилганидан буён бор-йўғи 45 йил ўтди. АҚШ тарихида биринчи бор президентликка қора танли сайланди. Барак Ҳусайн Обама 44-президент бўладиган бўлди.

4 ноябрь куни, америкаликлар овоз бериш учун навбатда турган бир пайтда Барак Обама деди:

Бу қоралар Америкаси эмас, оқлар ё латинослар ёҳуд осиёликлар Америкаси эмас. Бу Америка Қўшма Штатларидир.

АҚШнинг 44-президенти айтган бу гапни бор-йўғи 45 йил муқаддам бошқа бир америкалик орзу қилган эди.
XS
SM
MD
LG