Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:56

Иноятов Германия қонунларига чап берди


Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасидаги мулоқот¸ икки давлат ташқи ишлар вазирлари ҳангамаси кўрсатаëтгани каби¸ айни авжида.
Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасидаги мулоқот¸ икки давлат ташқи ишлар вазирлари ҳангамаси кўрсатаëтгани каби¸ айни авжида.

Рустам Иноятов Германия сафари чоғида ҳибсга олиниши мумкин эди. Германия қонунларига кўра инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ўзбекистон МХХ си раисини расмий меҳмон мақоми сақлаб қолган.

“Давлат жиноятчиси” ҳибсга олиниши лозим эди, деб ёзди Германиядаги энг нуфузли “Тагецзайтунг” газетаси. Газетага кўра, Иноятов Германияда расмий меҳмон мақоми бўлгани боис ҳибсдан омон қолган.

Ҳар қалай, Германия бош прокуратурасининг Иноятовга нисбатан жиноий иш очишни рад этишга берган изоҳида шундай дейлади. Европада Конституция ва инсон ҳуқуқлари маркази адвокати Вольфганга Калек, 2005 йилда Андижон воқеалари пайтида намойишчиларни қатлиом қилганликда гумон қилинаётганлар, жумладан, собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов ва Рустам Иноятовлар, Германия қонунларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилишини сўраб, бош прокуратурага мурожаат қилган.

- Улар матбуот сўровига, ҳозир жиноий иш қўзғаш мавриди эмас, дея жавоб берди, дейди ҳуқуқшунос.

Рустам Иноятов Европа Иттифоқи Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий этиб¸ ўтган ой бекор қилган виза чеклови рўйхатидаги мулозимлардан бири эди. Виза чеклови бекор қилиниши биланоқ МХХ раиси, вақтни бой бермасдан тездагина Германияга борди.

Немис ҳукуматининг инсониятга қарши жиноятларда айбланаётган шахсни ҳибсга олиш имкониятини бой берганидан таассуфда эканини айтган адвокат Калек, расмий Берлиннинг умумевропа жазо чораларига бошиданоқ беписандлик қилганини таъкидлайди. Озодлик билан суҳбатда жаноб Калек, 2005 йилнинг кузида собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов Германияга даволангани келгани билан боғлиқ жанжални ҳам эслайди.

- Биласиз, мен бундан уч йил аввал виза чеклови эндигина жорий қилиниб, қора рўйхат тепасида бўлган Зокир Алматов Германияга келганида Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти номидан бош прокуратурага, у ва бошқа мулозимларга нисбатан жиноий иш очилишини сўраб мурожаат қилганман. Германия қонунларига кўра, бу жиноий иш ўшандаёқ очилиши шарт эди. Лекин немис прокуратураси Андижонда намойишчиларни қатлиом қилиб, ҳеч қандай жазога тортилмаган ўзбек мулозимлари, жумладан, Германияга даволангани келган Алматовни таъқиб қилишдан бош тортган эди. Энди эса, расмий таклифга кўра, бу аризада номи тилга олинган яна бир ўзбек расмийсининг Германияга бемалол келиб кетганидан жуда таассуфдамиз, дейди адвокат.

2005 йилнинг 13 майида юзлаб андижонликлар ҳукумат кучлари ўқига тутилган пайтда Бобур майдонида бўлган, ҳозирда Европада яшаётган андижонлик қочқинлардан бири ҳам, ўзи ва яқинлари бошига тушган фожеа сабабчиларидан бирининг жавобгарликка тортилиши имкони қўлдан бой берилганидан афсусланмаслигини айтади. Зотан¸ дейди бу суҳбатдош¸ Иноятов ва Андижон фожеасининг бошқа иштирокчиларига бўлган бундай муносабатнинг ўзи муҳимдир.

- Германия ҳам шу шартномага қўл қўйиб ўзлари аҳд қилишган бўлса, бу одамлар ўтса қўлга оламиз деб ваъда беришган бўлса, энди ўша ишни қилиши керак бўлган бўлади, агар Иноятов ростдан ҳам келган бўлса. Иноятовга ўзи кифоя қилаяпти бугунги кунда мана шундай яшашлиги, қалбида қанчалик қийинчилик бор ëки йўқлигини ҳаëтнинг ўзи бераëтганлиги ўзи у одамга етарли.

Германия Иккинчи жаҳон уруши ортидан ўтказилган Нюрнберг ва Токио жараёнларидан кейин қабул қилинган умумжаҳон юрисприденцияси принципларига амал қиладиган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Умумжаҳон юрисприденцияси, инсониятга қарши жиноятларни содир этганликда гумон қилинган ҳар қандай шахс, фуқаролиги ва жиноятни қайси мамлакатда содир этганидан қатъи назар, ҳисбга олиниб, жавобгарликка тортилишини тақозо қилади.

- Бу принципларга содиқлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятларини ҳурмат қилишини таъкидлаб келадиган Германиядек давлатнинг бу борадаги иккиюзламачилик сиёсати, бир немис сифатида мен учун жуда уятлидир, дейди Европада Конституция ва инсон ҳуқуқлари маркази адвокати Вольфганг Калек.

5 ноябр куни ўзини Улуғбек деб таништирган андижонлик йигит Озодлик таҳририятига телефон қилди ва Иноятовнинг қўлга олиниши борасида ўз фикрларини айтиш истагини билдирди.

- Рустам Иноятовнинг Германияга келганини ҳар хил ахборотлар орқали мана кузатиб турибмиз. Ундан ташқари ҳозир Германия ҳукуматининг ўзи бу одамнинг келганлигини тан олмаëтгани катта шармандалик деб баҳоланаяпти. Мен ҳам шу фикрдаман. Агар бу воқеа катта аҳамият касб қиладиган бўлса, мен ҳамма нарсага - ариза беришга ҳам, бошқа кўрсатма беришга ҳам тайëрман.

Озодлик: Демак Иноятовни инсониятга қарши жиноят қилди деб ҳисоблайсиз-а?

- Албатта. Битта Иноятов эмас, Каримовнинг системасида ишлайдиганлар, умуман, унга бўйсунувчиларнинг ҳаммаси айнан мана шу жиноятга сабабчи ва масъул.

XS
SM
MD
LG