Линклар

Америкалик ўзбеклар сайлов натижасидан мамнун

  • Ҳасанжон

Обама ғалабасини аксар америкаликлар ўзлари учун берилган янги имкон¸ янги умид сифатида бахтиëрлик билан қабул қилдилар.

Обама ғалабасини аксар америкаликлар ўзлари учун берилган янги имкон¸ янги умид сифатида бахтиëрлик билан қабул қилдилар.

Барак Обаманинг АҚШ президенти этиб сайлангани муносабати билан унинг тарафдорлари ўртасида бошланган кўтаринкилик давом этмоқда. Мамлакат бўйлаб обамачилар бу ғалабани нишонламоқдалар. Улар орасида америкалик ўзбеклар ҳам бор.

Сайлов кунги дастуримизда АҚШда яшаётган ўзбекларнинг аксари Барак Обама учун овоз бериш ниятида эканликларини айтишган эди. Мана президент сайловида улар танлаган номзод ғалабага эришди.

Дастлабки суҳбатдошим ўзбек мухолифати ҳақидаги китоб муаллифи Баҳодир Файз Демократик партия номзоди сенатор Барак Обама АҚШнинг янги президенти этиб сайланганидан кейин ўзбекларнинг кайфияти кўтаринки руҳда эканини айтди:

- Ўзбекларнинг кайфияти сайловчи сифатида жуда, жуда баланд. Чунки Обаманинг ғалаба қозонишини барибир кутган эдик. Бизга унақа сюрприз бўлмади. Лекин ичимизда барибир сайлов натижалари қандай бўлади, ижтимоий сўров натижаларига ишониш қийин деган қўрқув, гумон бор эди. Лекин мана Обама сўров натижаларидан ҳам ўтиб кетди, дейди Баҳодир Файз.

Пенсилвания штатида яшайдиган тадбиркор Алишер президент сайлови натижаси эълон қилинганидан сўнг одамларнинг кайфияти яхши экани, жумладан Америкада яшаётган ўзбеклар ҳам кўтаринки руҳда эканини айтди:

- Кайфиятлар жуда яхши. Одамлар кўчада байрам намойишларини қилишди. Кўп одамлар ҳақиқатан йиғлади. Руҳияти жуда зўр. Ҳамма хурсанд. Ҳамма Обама деган кўкрак нишонини тақиб олган.

Озодлик: Ўзбекларнинг кайфияти қанақа бўлаяпти?

- Ўзбекларнинг кайфияти яхши. Энди иш жойлари ҳам кўпаяди. Иш жой кўпайгандан кейин иқтисодий тарафдан яхшироқ бўламиз. Бу ерда иш ўринлари кўпайса, Ўзбекистондан келган ишчилар ҳам кўпроқ пул топади ва ватанга жўнатса, ватан иқтисодига ҳам яхшироқ бўлади.

Озодлик: Маккейннинг тарафдорлари қанақа кайфиятда?

- Маккейн тарафдорлари сал хафароқ энди. Ютқизгандан кейин ҳазм қилиш ҳам сал қийинроқ. Унга вақт кетади. Президент деб тан олади. Кеча Маккейн ҳам гапирди.

Кўп йиллардан бери Вашингтонда яшаб келаётган Акрам Барак Обаманинг президент сайловида ғолиб чиққани маҳаллий матбуотда кенг ёритилаётганини, одамлар яхши кайфиятда бўлса ҳам, мамлакатда иқтисодий ўнгланиш қисқа фурсатда юз бермаслигини одамлар яхши тушунишини айтди.

- Сайлов натижалари матбуотда жуда кенг ëритилаяпти. Одамларнинг ҳаммаси ҳам бирданига дўпписини осмонга отиб байрам қилишаëтгани йўқ. Чунки Обама ҳам мисол учун кеча “Америкада ҳақиқий биз ўйлаган, биз режалаштирган ўзгаришларни олиб келиш учун бир йил ëки тўрт йил етмайди” деб айтди. Бу мисол учун бир неча йил вақт талаб қилади. Ҳатто Ироқдан Америка аскарларининг ҳам олиб чиқилиши бирданига, бир неча ойларнинг ичида бўладиган иш эмас. Бу жуда ҳам нозик. Одамлар буни билади ва ҳаммаси босиқ. Ҳаммаси “Вой эртага ўзгариш бўларкан” деб кутаëтгани йўқ, дейди Вашингтонда яшаб келаётган Акрам.

Демократик партия номзоди Барак Обаманинг АҚШ янги президенти этиб сайлангани нафақат Америка, балки дунёнинг бошқа давлатларида жумладан Обаманинг ота юрти ҳисобланган Кенияда ҳам кенг нишонланмоқда.

Кениянинг Когело шаҳрида яшовчи Барак Обаманинг ўгай укаси Содиқ Обама 5 ноябрь куни Ройтер ахборот агентлигига интервью берди:

- Биз жуда бахтиёрмиз. Биз акам эришган ғалабани отамизнинг уйларида нишонлаяпмиз. Кўриб турганингиздек, ҳамма бахтиёр, деди Барак Обаманинг ўгай укаси.

Обаманинг АҚШ президенти этиб сайлангани узоқ шарқ давлатлари, жумладан Япониянинг Обама шаҳрида яшовчи аҳоли вакиллари томонидан катта шоду-хуррамлик билан нишонланди:

- Энди биз Оқ Уйга бориб Обаманинг инагурация маросимида қатнашиш ва у ерда “хула” рақсига тушишни хоҳлаймиз, деди Япониянинг Обама шаҳрида яшовчи Татсуя Сано.
XS
SM
MD
LG