Линклар

Дунё лидерлари Обамани қутламоқда

  • Ҳасанжон

Обама Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий билан Бағдодда. Ироқ раҳбари сайловлардан олдиноқ¸ Обаманинг Ироқ сиëсатини маъқуллаганлардан бири эди.

Обама Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий билан Бағдодда. Ироқ раҳбари сайловлардан олдиноқ¸ Обаманинг Ироқ сиëсатини маъқуллаганлардан бири эди.

Буш юрғизган агрессив ташқи сиëсатдан толиққан жаҳон етакчилари қолган дунë¸ хусусан анъанавий иттифоқчилар билан алоқаларни яхшилашини таъкидлаб келган Обаманинг АҚШ президенти этиб сайланганини мамнуният билан қарши олдилар.

Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Бароззо Барак Обамани АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бароззо молиявий бўҳрон давом этаётган бир пайтда¸ Обаманинг президент этиб сайланиши “янги дунёда янги келишувга эришиш учун имконият” эканини айтди:

- Европада биз президент Обама билан глобализация, молиявий бўҳронни енгиб ўтиш, ривожланиш ва имкониятни тарғиб қилиш ҳамда глобал иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича муҳим келишувга эришишга умид қиляпмиз¸ деди Еврокомиссия президенти.

Франция президенти Николя Саркози Обамага йўллаган мактубида “ҳаммамиз улкан муаммоларга қарши бирга курашишимиз керак бўлган пайтда¸ сизнинг президент этиб сайланганингиз Франция, Европа ва бутун дунёда умид уйғотди” деган сўзлар битилган.

Айни пайтда Британия Бош вазири Гордон Браун ҳам Обамани АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклади:

- Мен келаси ойлар ва йиллар давомида биринчидан, мавжуд иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш, иккинчидан, келажак учун кучли иқтисодиёт яратиш, учинчидан дунёдаги айрим муаммолар, масалан, Яқин Шарқ каби муаммоларга ечим топиш борасида бирга ишлай олишимизга умид қиламан. Бу муаммолар ҳал этилмас экан¸ дунёда тинчлик барқарор бўлмайди¸ деди Британия Бош вазири Гордон Браун.

Москвада Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин АҚШда ўтган сайлов натижаси дунёдаги барча жиддий муаммоларга АҚШ томони янгича ёндашишига умид уйғотганини айтди. Россия президенти Дмитрий Медведев эса халққа қилган биринчи мурожаатида бир неча масалада АҚШ ташқи сиёсатини танқид қилди.

Дунёнинг бошқа раҳбарлари келиб чиқиши африкалик бўлган Обама АҚШнинг биринчи қора танли президенти этиб сайланганини тарихий воқеа, дея баҳолади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Обаманинг президент этиб сайланиши Америка ва дунё сиёсатида ирқ, ранг ва миллат тушунчаси йўқоладиган давр бошланишига олиб киришига умид билдирди.

Австралия Бош вазири Кевин Рад Барак Обамани Америкадаги фуқаролар ҳуқуқлари лидери Мартин Лютер Кингнинг орзусини амалга оширгани учун қутлади:

- Сенатор Обаманинг ушбу сайловдаги тарихий ғалабаси халқ орасида умид уйғотди. Сенатор Обаманинг умид муждаси нафақат Америка келажаги¸ балки бутун дунё учун умид муждасидир¸ деди Австралия Бош вазири.
Шунингдек, Обаманинг ота юрти ҳисобланган Кенияда президент Мваки Кибаки Барак Обама эришган ғалаба туфайли 6 ноябрни мамлакатда миллий байрам куни деб эълон қилди.

Осиё минтақасида Хитой президенти Ху Цзинтао АҚШ ва Хитой муносабатлари янги поғонага кўтарилишига умид билдирди.

Япония Бош вазири Таро Асо Япония-АҚШ иттифоқини мустаҳкамлаш учун АҚШнинг янги раҳбари билан бирга ишлашга ваъда берди.

Ироқ Ташқи ишлар вазири Хушёр Зебарий¸ Бағдод расмийлари Обаманинг президент этиб сайланганига келажакда икки давлат ўртасида муваффақиятли ҳамкорлик ўрнатиш учун имконият, деб қарашини айтди.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Йгал Палмор Исроил-Америка дўстлик ришталари истиқболи ёрқин эканини айтди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Барак Обамани Исроил-Фаластин ўртасида тинчлик шартномасига эришиш жараёнини тезлатишга чақирди.

XS
SM
MD
LG