Линклар

logo-print

Медведев АҚШ ни яна бир бор огоҳлантирди

  • Сарвар Усмон

Россия президенти Федерал мажлис олдида маъруза қилмоқда. 5 ноябр¸ 2008 йил.

Россия президенти Федерал мажлис олдида маъруза қилмоқда. 5 ноябр¸ 2008 йил.

Дмитрий Медведев Россия президенти сифатида 5 ноябрь куни илк бор Федерал Мажлисга мурожаат қилди. Ўз нутқида Медведев АҚШни кескин танқид қилди.

Россия президенти фикрича, Вашингтон глобал молиявий инқироз учун айбдордир, Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режаси эса, Россиянинг тинчлик ва барқарорлигига таҳдиддир.

Россия президентининг АҚШ президенти сайловининг эртасига янграган нутқи аксиламерика кайфиятига йўғрилгани билан диққатни жалб этади.

Қўшма Штатлар Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштиргудек бўлса, Россия жавоб чоралари қўллашини билдирди президент Медведев:

Ракета ҳужумидан мудофаа тизимини бартараф этиш учун зарурат бўлган тақдирда Калининград областида "Искандар" ракета комплекси жойлаштрилади.

Маълумки, Россия расмийлари Чехия ва Польшада АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режасига қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Медведевга кўра, NATOга аъзо Польша ва Литвага чегарадош Калининград областига жойлаштириладиган "Искандар" ракета комплексидан ташқари АҚШ радари ишига радиоэлектроник ҳалақит берувчи мослама қурилади ва бошқа қўшимча чоралар кўрилади.

Россия президенти фикрича, август ойида бўлиб ўтган Россия-Грузия уруши учун ҳам Вашингтон айбдор, унинг "худбинларча" ташқи сиёсати айбдор.

Вашингтоннинг Грузияни қўллаб-қувватлагани, Медведевнинг фикрича, "сиркаси сув кўтаролмайдиган, бир томонлама қарорларни афзал биладиган АҚШ ҳукуматининг такаббурона тутуми"га далилдир.

Биз Кавказда бир қадам ҳам ортга чекинмаймиз, деган фикрни уқдирди Россия президенти Кремлнинг Муқаддас Георгий залига йиғилган парламент ва ҳукумат аъзолари, диний пешволар ва журналистлар – ҳаммаси бўлиб 1000га яқин киши олдида қилган чиқиши чоғида.

Медведев нутқининг каттагина парчаси Россия бозорига ҳам зарар етказган глобал молиявий инқирозга бағишланди. Россия раҳбарининг фикрича, бунда ҳам АҚШ айбдордир. Бироқ айни пайтда, Медведевнинг фикрича, инқирознинг Россияга таъсири деярли бўлмади ва мамлакат бу "бўҳрондан янада кучлироқ бўлиб чиқади".

Медведев Федерал Мажлисга АҚШ президент сайловининг эртасигаёқ мурожаат қилган бўлсада, Америка тарихидаги биринчи қора танли президентни самимий табриклаб қўйишга тайёр эмас кўринди.
У АҚШнинг янги маъмурияти Россия билан тобора таранглашиб бораётган алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилишига умид билдириб қўйди, холос.

Сиёсатшунослар фикрича, Медведевнинг мурожаатномасидаги риторика, нутқнинг ташқи дунёдан кўра, мамлакат аҳолисига мўлжалланганини кўрсатиб турибди. Мурожаатнинг АҚШ президенти сайлови билан бир хил вақтга режалаштирилгани ҳам шундан даракдир.

Ўз нутқида Медведев ички сиёсат масалаларига кенг тўхталди.

У экс-президент Путин белгилаб берган йўналишдан оғишмай боражагини билдирди.

Медведев президентлик ҳамда парламент депутатлари ваколатлари муддатини узайтиришни таклиф қилди.

Президентлик муддатини 6 йил, депутатлик муддатини 5 йил қилиб ўзгартиришни таклиф қилди Россия президенти.
XS
SM
MD
LG