Линклар

logo-print

Сангтўданинг 3-агрегати ишга тушди

  • Гулнора Равшан

Сангтўда-1 ГЭСининг очилиш маросими.

Сангтўда-1 ГЭСининг очилиш маросими.

Сангтўда-1 ГЭСининг 3-агрегати ишга туширилиши маросимида сўзлаган президент Имомали Раҳмон, қўшни давлатлар қаршилигига қарамай, Тожикистоннинг қолган ГЭСларни ҳам, албатта, қурaжагини таъкидлади.

Имомали Раҳмон: “Қўшнилар асоссиз ташвишланаяптилар”

- Тожикистонда гидроэнергетик иншоотлар қурилиши минтақа экологияси ва дарёлар сувининг қуришига олиб келишига доир қўшниларимиз ташвишлари асоссиздир. Чунки гидроэнергетик иншоотлар сувнинг 85 фоизини батамом ўзлаштириб олаётган ирригациядан бу жиҳати билан фарқ қилади. Ундан ташқари, Тожикистонда қурилажак гидроиншоотлар халқаро экспертлар ташхисидан ўтган, - деди Тожикистон раҳбари.

Шу ўринда эслатиш жоизки, октябр ойи сўнггида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сув ва энергетика заҳиралари бўйича ёндошувларнинг турфалиги Марказий Осиё давлатлари учун жиддий муаммолар туғдираётгани борасида баёнот тарқатганди.

Имомали Раҳмон минтақа давлатлари манфаатлари йўлида бу табиий бойликлардан фойдаланиш хайрли иш эканини, Тожикистон келгусида ГЭСлар каскадини албатта қуражагини ва бунда қўшнилар розилигини кутиб ўтирмаслигини таъкидлади.

Тожикистон давлат раҳбарининг билдиришича, Сангтўда ГЭСининг тўртта агрегати ҳам ишга туширилгач, бу иншоот йилига 2 миллиард 700 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқаради.

- Халқаро таҳлилчилар 2015 йилга бориб дунё аҳолисининг 3 дан икки қисми сув тақчиллиги муаммосига дуч келишини башорат қилмоқдалар. Шуни таъкидлашни истардимки, Тожикистонда амалга оширилаётган энергетик лойиҳалар туфайли бизнинг давлатимиз қўшни давлатларни экологик хавфсиз ва нисбатан арзон электр билан таъминлайди. Минтақа сув заҳираларидан унумли фойдаланишга таъсир ўтказа олади. Ва энг муҳими, халқимиз доимий электр билан таъминланади, - деди тожик президенти.

Президент Имомали Раҳмон ўз халқи яқин йиллар ичида электр тақчиллиги нима эканини унутиб юборишини ваъда қилди.

Ойхол ая: “Президентга раҳмат”

Айрим тожикистонликлар ҳақиқатдан ҳам президент юрт ободончилиги йўлида жон куйдираётганини ва ҳозирданоқ ваъдаларининг устидан чиқаётганини айтадилар:

- Бугун ҳам уч-тўрт соат свет берди. Президентга раҳмат - берган ваъдасида турибди. Бундан буён энди ёнади. Шу ҳам яхши. Шунча ҳам бўлди раҳмат, - деди тожикистонлик Ойхол ая.

Жангилой опа: “Халқ президентга эмас, Худога ва ўз меҳнатига таянади”

Бироқ Тожикистоннинг узоқ ва тоғли ҳудудлари аҳолиси президент мазкур ГЭСнинг икки агрегатини ишга тушириш маросимида ҳам айнан шундай ваъдалар берганини, бироқ шу ваъдадан бир ҳафта ўтиб республика аҳолисини зулматда қолдирилганини эсга олишди:

- Эсингизда бўлса, ўтган йил иккинчи агрегат ишга солинганда ҳам шундай ваъда берилганди. Кейин светлар ўчириб ташланди. Қишни не азоблар билан ўтказиб, мана энди турли касал билан оғриб ётибмиз. Халқ Худога, ўз меҳнатига таянади. Ҳукумат раҳбарининг ваъдасига ишонмайди, ҳукуматнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, - деди республика тоғли ҳудудларидан бирида яшовчи Жангилой опа.

Қайд этиш зарурки, Сангтўда-1 ГЭСи Тожикистоннинг Россия билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳа асосида қурилмоқда. Икки давлат ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, бу иншоот акцияларининг 75 фоизи Россияга ва 25 фоизи Тожикистонга тегишли.

XS
SM
MD
LG