Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:19

Алюминий заводи заҳар сочмоқда


Асосан Ўзбекистон тарафга заҳарли газ пуркаëтган бу улкан қувурлар нафақат табиат ҳуснига тушган доғ¸ балки инсонлар саломатлигини емираëтган офат бўлиб қолмоқда.
Асосан Ўзбекистон тарафга заҳарли газ пуркаëтган бу улкан қувурлар нафақат табиат ҳуснига тушган доғ¸ балки инсонлар саломатлигини емираëтган офат бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти аҳолиси Тожикистон Алюминий заводидан чиқаётган чиқиндилар аёллар ва болалар соғлиғига катта зарар етказаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Тожикистон алюминий заводининг атроф-муҳитни заҳарлашда давом этиши мамлакат парламентининг заҳарли газ чиқиндиларини қисқартириш бўйича Киото баённомасини тасдиқлашиши баробарида содир бўлмоқда.

Сариосиёликлар шикоят қиладилар

“Дўстлик” ўзбек-тожик чегара маскани яқинида яшовчи сурхондарёлик аёллар ўзлари яшаган қишлоқларда турли касалликлар авж олганидан шикоят қиладилар.

- Болаларимизнинг тиши тушиб кетаяпти. Ўзимнинг бирорта тишим қолмаган, ҳамма тишим сунъий. Юрагим, ошқозоним оғрийди. Кўп болалар ногирон туғилаяпти. Ҳаммаси шу алюминий заводининг таъсиридан. Аёллар туғишни хоҳламайди, чунки ногирон бола туғишни истамайди. Бизда туғиш жуда камайган. Бундан сўнг қандай яшаймиз билмайман, - деди сариосиёлик Зулфия Йўлдошева.

Бошқа бир аёл эса алюминий заводининг салбий таъсири экин-тикинларга ҳам тегаётганини айтади.

- Ҳар йилгидек пахта, мева, дон бўлмайди, бизга алюминий заводнинг таъсири катта-да, айниқса, чегара ҳудудига жуда катта. Масалан, эрталаб уйғонсак, туролмаймиз. Оғзимиз заҳар бўлиб турамиз. Узум, ўрик йўқ бизларда, - дейди исмини айтмаган ўзбекистонлик аёл.

Аммо суҳбатдошларимизни энг ташвишлантираётган нарса бу завод чиқараётган заҳарли моддалар таъсирида одамларнинг бепуштлик касалига чалинаётганидир.

- Завод одамзот уруғини озгина қуритаяпти. Бунинг наслларга таъсири бор, дейишаяпти. Ёш болаларга, ҳозирги кишиларнинг наслига таъсир қилаяпти. Соғлиғимизнинг мазаси йўқ. Бел, оёқ, бўқоқ, нафас қисиши касалига чалинганлар кўп. Қизларнинг сочлари тўкилиб кетаяпти, - деди сариосиёлик Маърифатхон.

Касал кўп, аммо “катталар” келишолмаяпти

Суҳбатдошларимиз, айниқса, сўнгги икки йил мобайнида касалманд болалар сони ортиб бораётганини айтарканлар, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари бу муаммо юзасидан бир битимга кела олмаётганидан ташвиш билдирдилар.

Дарҳақиқат, биз чегара масканидан кўриниб турган алюминий заводининг осмонўпар ва улкан қувурларидан чиқаётган тутун шамол йўналиши билан Ўзбекистон томонга ўтиб кетаётганига гувоҳ бўлдик.

Сурхондарё вилоятининг Дашнобод қишлоғида истиқомат қиладиган бир аёлнинг маълум қилишича, завод чиқиндилари туфайли бу ердаги анорлар қуриб кетмоқда экан.

Ўзаро суҳбатда бу аёл яқинда бир гуруҳ ҳамқишлоғи Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида пикет уюштиришганини маълум қилди.

Қайд этиш жоизки, Турзунзодадаги алюминий корхонасининг атроф-муҳитга салбий таъсири мавзуси илк бор Ўзбекистон матбуотида ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида пайдо бўлган эди. Ўшанда Сурхондарёнинг машҳур анорлари чириб йӯқ бӯлиб кетаётгани ҳақида кӯплаб мақолалар нашрга берилганди.

Тожикистон ҳукумати эса ҳар гал ўзбек томонининг бу иддаолари асоссиз эканини, алюминий завод бир қисми янги замонавий тозалагичлар билан жиҳозланганини айтиб келади.

Тожикистонлик экологлар ҳам тожик расмийлари тарафида

Тожикистонлик эколог Темур Идрисов ҳам ўзбек томонининг шикоятлари асоссиз эканини таъкидлайди:

- Албатта завод турибди. У атроф-муҳитни ифлослантираяпти. Аммо аҳвол Ўзбекистон томони айтаётганидек ваҳимали эмас. Тожикистон ҳукуматининг махсус комиссияси бир неча марта бу ерда текширув ўтказган. Аммо, Ўзбекистон ҳукумати даъво қилаётганидек, бу заводнинг атроф-муҳитни заҳарлаётгани аниқланмаган. Менимча, Ўзбекистон бу масалани бироз сиёсийлаштирмоқда, - дейди Темур Идрисов.

Оддий тожиклар завод етказаётган зарарни эътироф этадилар

Аммо биз билан суҳбатда бўлган тожикистонлик оддий одамлар сўнгги икки йил ичида алюминий заводининг зарари ошганини ва ҳудудда турли касалликлар кўпайганини билдирдилар.

- Ҳақиқатдан ҳам заводдан чиқаётган фтор болалар жағига зиён қилаяпти. Сигирларнинг тиши уч йилда тўкилиб қолаяпти, - дейди турсунзодалик Муҳаммадали.

Ўтган йили Тожикистон ҳукуматининг махсус дастури доирасида мамлакат жанубий қисмидаги Кўлоб ва Данғара туманлари аҳолиси Ўзбекистонга чегарадош Турсунзода туманига кўчирилганди. Кузатувчилар бу дастурдан мақсад Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегараси хавфсизлигини таъминлашдан иборат эканини таъкидлашади.

Аммо бугун чегарага қалқон бўлган тожиклар ҳам завод чиқиндиларидан заҳарланаётганларини эътироф этмоқдалар.

- Белим, қўл ва оёқларим қақшаб оғрийди. Юрагим сиқилади. Кўлобда яшаганимда бундай касалликни билмаганман, - дейди Мушкинисо исмли тожик аёли.

XS
SM
MD
LG