Линклар

logo-print

Қирғизистон молиявий инқироз ёқасида


Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров қирғизистонликларни молиявий инқироз эҳтимолидан огоҳлантирди.

Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров қирғизистонликларни молиявий инқироз эҳтимолидан огоҳлантирди.

“Қирғизистонда энергетик инқироз бошланди, молиявий инқироз эса остона ҳатламоқда”, дея баёнот берди Қирғизистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров.

Инқирознинг биринчи зарбасига банклар ва фуқаролар дучор бўлади

Вазирнинг Бишкекда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида билдиришича, банклар молиявий инқирознинг биринчи зарбасига дуч келади. Жапаровга кўра, бугунги кунда мамлакат банкларида аҳолининг 413 миллион доллар маблағи сақланмоқда. Банк тизими аҳоли жамғармасини таъминлаш салоҳиятидан маҳрум бўлиши мумкин. Шунингдек, кредит тизими ҳам хавф остида.

- Кредитларнинг барчаси классификациядан ўтганми, улар ишончлими, банкларнинг активлари қай аҳволда бугунги кунда? Мана шу саволларга Миллий банк жавоб бера олмаётир. Бугунги кунда Қирғизистон кредит тизими, асосан, кўчмас мулкка қаратилган. Ҳали битмаган кўп қаватли уйлардан ҳам квартиралар сотиб олиш учун ипотека қарзлари берилган. Бу қарзлар қай даражада таъминлангани ҳақида маълумотлар йўқ, - деди вазир.

Ақилбек Жапаров аҳоли жамғармасини ҳимоя қилиш агентлигидан жамғармаларнинг қанчаси ҳимояланганини ўрганишни, ҳукуматдан эса аҳоли жамғармаларининг давлат томонидан ҳимояланиши кафолатланган даражасини 700 доллардан 3000 долларга кўтаришни талаб қилди.

Қирғизларнинг рус ва қозоқ ҳамкорлари қийин аҳволда қолади

Вазир фикрича, молиявий инқирознинг иккинчи омили доллар курсининг евро қиймати билан тенглашувидир. Ақилбек Жапаров бу валюталар қиймати 2009 йил бошида тенглашишини башорат қилар экан, бу тенглашув оқибатида нефть нархи 40 ёки 20 долларга тушиб кетишини айтди. Бунинг оқибатида, Қирғизистоннинг Қозоғистон ва Россия каби стратегик иқтисодий ҳамкорлари қийин аҳволда қоладилар. Бу эса асосан Россия ва Қозоғистон капиталига асосланган қирғиз молия тизимини инқирозга олиб келади.

- Нефть нархи Россия бюджетида 70 доллар, Қозоғистон бюджетида эса 90 доллар қилиб белгиланган. Улар бизнинг асосий ҳамкорларимиздир. Агар уларнинг иқтисодида муаммо пайдо бўлса, энг аввало, Қирғизистон жуда қийин вазиятда қолади. Учинчидан эса АҚШ каби иқтисодий бақувват давлатда инқирозга учраган банкларнинг 70 фоизи миллийлаштирилди. Бу бўҳрон Европада ҳам кузатилди. У бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бугунги кунда Қирғизистонга келаётган пул жўнатмалари ва сармоялар кескин камайди, маҳаллий маҳсулотларга талаб сусайди, - деди Қирғизистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров.

Вазир ўз сўзини якунлар экан, инқирознинг авж палласи 2009 йилнинг феврал ва март ойларига тўғри келишини, ҳукумат банклар сиёсатига аралашишга, йирик банкларни эса сотиб олишга мажбур бўлишини башорат қилди.

Инқироз қарталарни чалкаштирди

Ҳукумат йиғилишида Ақилбек Жапаровнинг баёноти юзасидан қарор қабул қилингани йўқ. Бош вазир ўринбосари Искандар Айдаралиев эса бундай баёнот берган вазирнинг истеъфога чиқишини таклиф қилди. Бироқ ҳукуматнинг бошқа аъзолари Ақилбек Жапаров баёнотини жиддий қабул қилдилар.

- Жаҳон молиявий инқирози қўлимиздаги барча қарталарни чалкаштириб ташлади, - деб тан олди ҳукумат аппарати раҳбари Мурод Исмоилов.

Ҳукуматнинг яна бир аъзоси Акматбек Келдибеков эса Қирғизистонга молиявий инқироз таъсир этса-да, мамлакатда бўҳрон юз бермайди, деган фикрда.

- Мамлакатда жаҳон молиявий инқирози таъсирида ишлаб чиқариш кўлами аввалги йилларга нисбатан камайиши мумкин, холос, - деди А. Келдибеков.

Айни пайтда, Қирғизистон Бош вазири Игорь Чудинов жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи тушаётган бир пайтда Қирғизистонда айни ўша маҳсулотлар баҳоси кўтарилиб бораётганидан хавотир билдирди.

Мутахассисларга кўра, янги йил арафасида иссиқлик , газ ва электр энергияси нархи ҳам кўтарилади ва бу жаҳон молиявий инқирозининг Қирғизистондаги илк салбий оқибатлари натижаси бўлади.

XS
SM
MD
LG