Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:34

Ўзбекистон Болгария билан яқинлашмоқчи


Гарчи ЕИ нинг янги ва ҳали синалмаган аъзоси бўлса-да¸ Болгария президенти қарорлари ҳам бевосита ëхуд билвосита бўлсин иттифоқ умумсиëсатининг ифодаси бўлиши мумкин.
Гарчи ЕИ нинг янги ва ҳали синалмаган аъзоси бўлса-да¸ Болгария президенти қарорлари ҳам бевосита ëхуд билвосита бўлсин иттифоқ умумсиëсатининг ифодаси бўлиши мумкин.

Тошкентга келган Болгария раҳбари ҳамкасби билан ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш ҳамда муҳим минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилди.

Президент Парванов Андижон воқеаларидан бери Ўзбекистонга ташриф буюрган Европа Иттифоқи раҳбарларининг иккинчиси, ўтган ойда жазо санкциялари юмшатилганидан бери келганларнинг эса биринчиси бўлди.

2007 йилда Европа Иттифоқига қўшилган Болгария, иттифоқнинг Марказий Осиёга нисбатан янгича, “реалполитик” сиёсати ва Ўзбекистон ҳукуматига жорий қилинган санкцияларнинг бекор қилинишини ёқловчи Европа аъзоларидан бири ҳисобланади.

Ўтган ой, санкциялар бекор қилинишини истайдиган яна бир Европа давлати – Латвия президенти Валдис Затлерс ҳам давлат ташрифи билан Тошкентга келган эди.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толибов, расмий Тошкент билан алоқаларини яқин деб бўлмайдиган бу давлат раҳбарлари ташрифининг мутлақ икки томонлама муносабатлар контекстида амалга оширилилаëтганини айтади.

Айни пайтда бу таҳлилчи¸ Латвия ва Болгария президентларининг расмий Тошкентга нисбатан ëндашуви кейинги уч йил мобайнида анча путури кетиб қолган Ўзбекистон-Европа муносабатларини қайта жонлантиришга ҳисса қўшишини ҳам қайд этади.

- Бу каби ташрифларнинг биз дипломатик алоқа ўрнатган давлатлар билан эртами-кечми амалга оширилиши табиий. Болгария раҳбари билан Ўзбекистон раҳбарининг учрашиши олдиндан режалаштирилган воқеа бўлиб, икки томонлама дипломатик, сиëсий, маданий, иқтисодий алоқаларни яна кўтаришга қаратилган деб ўйлайман. Яқиндагина Латвия президенти билан бўлган учрашувдан сўнг бўлаëтган яна бир Европа мамлакати раҳбари билан учрашув, албатта Ўзбекистоннинг Европа йўналишида бўлаëтган саъй ҳаракатларидан дарак бераяпти. Яъни Ўзбекистон ташқи сиëсатида Европа вектори кучайиб бораëтганлиги кўзга ташланаяпти. Менинг ўйлашимча, Европа айрим давлат раҳбарлари орқали аста-секин Ўзбекистон билан муносабатларни тиклаб келаяпти ва Ўзбекистон ҳам бундан жуда манфаатдор.

Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон билан муносабатларнинг қайта тикланиши, хусусан санкцияларнинг бекор қилинишига асосий шарт сифатида, Тошкент ҳукуматидан мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилашни талаб қилган. Санкциялар юмшатилганидан бери эса, Ўзбекистонда бир неча ҳуқуқ ҳимоячиси узоқ муддатларга қамоққа ҳукм қилинди.

Фарҳод Толибов фикрича, Болгариядек санкциялар бекор қилиниши ғоясини ёқлаб келган давлат билан муносабатларнинг ривожланиши, Тошкент ҳукуматини ундан кутилаётган ислоҳотларга рағбатлантиради.

- Бу фақатгина Ўзбекистон ва Болгария орасидаги муносабатга тааллуқли. Яъни иқтисодий ҳамкорлик, маданий ва бошқа соҳаларга. Лекин барибир бу ташрифни Европанинг Ўзбекистонга қаратилган сиëсатининг кичик бир бўлаги, кичик бир қисми деб кўрсак, у бевосита бўлмаса ҳам билвосита¸ Ўзбекистонга қўйилган маълум талабларни амалга оширишда ҳисса қўшиши мумкин, дейди ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Фарҳод Толибов.

Лондондаги халқаро муносабатлар бўйича қироллик институтининг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси, профессор Юрий Фёдоров ҳам Европа Иттифоқининг янги аъзоси бўлмиш Болгария каби давлат раҳбарининг Тошкентга ташрифи, шубҳасиз, Ўзбекистон-Европа Иттифоқи муносабатларини боши берк кўчадан чиқаришга қаратилган, дейди. Лекин бу ташрифдан Тошкент ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ёхуд демократияга оид ислоҳотларга илҳом олишини кутмаслик керак¸ деб қўшиб қўяди Фëдоров.

- Кейинги пайтда кўпайиб қолган ўзаро борди-келдилар, албатта, Европа билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тенденциясининг мантиқий ифодасидир. Бу тенденция иккала томоннинг боши берк кўчадан чиқиш истаги билан шартланган.

Бу хоҳиш-истакларнинг мотивлари ҳаммага маълум – Тошкент халқаро майдонда путури кетган обрўсини тикламоқчи ва Ғарб билан муносабатларини яхшиламоқчи. Европа Иттифоқи эса, Марказий Осиёнинг табиий бойликларидан баҳраманд бўлишни истайди.

Лекин Болгария президентининг давлат ташрифига, мутлақ боши берк кўчадан чиқиш уриниши деб қараган бўлардим, яъни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашаётган шароитида, Европа санкцияларни бекор қилишини нима биландир оқлаши керак. Бу каби ташрифлар эса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганига оид баёнотлар беришнинг қулай фурсатидир.

Албатта, бу фақат истакни ҳақиқат қилиб кўрсатишга уринишдан бошқа нарса эмас, чунки асл вазият қандай эканини иккала томон ҳам билади¸ аммо бунга панжа орасидан қараш энг тўғри йўл деб ҳисоблайди, - дейди Лондондаги халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти профессори Юрий Фёдоров.

Болгария президентининг Тошкентга сафари туғдирган бу каби мулоҳазаларга изоҳ сўраш¸ қолаверса Парванов ва Каримов сўзлашуви якунларига оид тафсилотларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати билан ҳам боғландик. Аммо анъанага содиқ қолган бу идора вакиллари Озодликка маълумот беришдан бош тортдилар.

XS
SM
MD
LG