Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:47

Ўзбекларнинг ойлик даромади бир қоп унга ҳам етмайди


Асосий емиши зоғора нон бўлиб қолган миллионлаб ўзбекистонликлар учун оқ буғдой уни қўл етмас орзуга айланган.
Асосий емиши зоғора нон бўлиб қолган миллионлаб ўзбекистонликлар учун оқ буғдой уни қўл етмас орзуга айланган.

Жорий йил 9 ойида Ўзбекистон аҳолиси жон бошига 64 минг 344 сўмдан ойлик даромад тўғри келди, деб хабар қилди www.uznews.net сайти давлат статистика бошқармаси тарқатган маълумотга таяниб.

Аҳоли жон бошига 64 минг 344 сўмдан ойлик даромад. Анча маҳобатли кўринган бу кўрсаткич аслида анчайин ақча – 50 АҚШ долларига етмаган пулдир. Ўзбекистонда бу пул бир қоп қозоқ унига етмайди.

- Ҳа¸ энг паст бир қоп ун 52 минг сўм. У ëғи сифатига қараб 60¸ 65 мингга боради¸ деб аниқлик киритди фарғоналик бир тингловчимиз.

Айни пайтда, ҳукумат тасарруфидаги ахборот агентликлари республика бўйлаб минглаб иш жойлари ташкил этилаётгани тўғрисида ёзмоқда.

Масалан, “ЎзА” ахборот агентлигининг 6 ноябрь кунги хабарига қараганда, Навоий шаҳрида йил бошидан буён 1377 иш жойи ташкил қилинган.

Агентликнинг 18 октябрь кунги хабарида эса, Наманган вилоятида йил бошидан буён бўш иш жойларининг 50та ярмаркаси ўтказилиб, аҳолига 9420 иш жойи таклиф қилинган. Натижада 4522 киши ишга жойлашган.

Демак, таклиф қилинган 9420 иш жойининг 4898таси бўш турибди.

Бу маълумотдан сўнг аҳоли жон бошига тўғри келаётган ойлик даромаднинг ўта озлигини эсласак, ўзбек - дунёдаги энг танбал миллат, бўлиб чиқади десак, бояги тингловчимиз: “Йўқ, ўзбек танбал эмас, балки сиз айтаётган маълумотлар ёлғон”,- дер экан, фикрини давом эттириб, мана бундай деди:

- Бу ҳам ахборотдаги ëлғонликнинг белгиси. Ҳақиқатан ҳам шунча иш жойлари бўлса¸ эҳтиëжманд одамлар¸ ëшлар сероб. Аммо айнан иш ўринлари етишмаслиги натижасида йигитларимизнинг кўпчилиги Россия томонларга кетиб қолишган. Бунинг сабаби ҳам шунда-да.

Бироқ бошқа бир фарғоналик, “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Фарғона вилоят бўлими раиси Ҳамдам Сулаймоннинг айтишича, чиндан ҳам янги иш ўринлари пайдо бўлаяпти.

- Бизнинг Фарғона вилоятида ҳам бу эълонлар чиқаяпти. Кўпчилик хусусий корхоналар очилиб кетган. Уларга албатта ишлайдиган мутахассис керак. Фақат давлат тасарруфидаги корхоналар эмас¸ хусусийлари ҳам эълон бераяпти¸ дейди Ҳамдам Сулаймон.

Демак, Ўзбекистон матбуотининг у ёки бу вилоятда фалонча иш жойи ташкил қилингани тўғрисидаги хабарларини ҳақиқатдан йироқ, деб бўлмайди.

- Муаммо ўша ҳақиқатнинг чала айтилаётганидадир. 9000 иш жойи дейилаëтган жойда ойлик масаласи муаммо. Чунки ўша олаëтган ойлиги ўртачаҳол яшашига етмайдиган даражада ëки уйидан иш жойига бориб келадиган йўл кира ҳақига кетиб қолиши мумкин. Шунинг учун 4500га яқин иш жойи бўш қолгани ҳақиқатга яқин бўлса керак.

Озодлик: Йўл кирага ҳам етмаслиги мумкин деган гап ўқувчи учун етарли-ю¸ лекин шундай бўлса ҳам қанча ойлик беришади?

- Ҳозир энг кам ойлик иш ҳақи 16 ноябирдан 28 минг қилиб белгиланди. Бу энг кам ойлик иш ҳақига 25 литр бензин беради. Шундан хулоса чиқариш мумкин.

Ўзбекистон матбуотининг янги иш жойлари яратилаётганлиги тўғрисидаги хабарлари Ўзбекистон президенти 2007 йилнинг олтинчи апрелида имзолаган қарор ижроси ҳақидаги ўзига хос ҳисоботлар эканлигини ҳисобга олсак, масала ойдинлашади.

Яъни маҳаллий ҳокимиятлар “Аҳоли бандлигини ошириш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни бажариш йўлида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари олдига янги иш жойи ташкил қилсанг ҳам қиласан, қилмасанг ҳам қиласан, қабилида советча талаб қўяётганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Натижада иш ҳақи рамзий бўлган, бироқ ҳисоботларни чиройли қилувчи иш жойлари кўпайгандан кўпаймоқда.

Натижада миллионлаб ўзбекистонлик пулни Россияда топаяпти:

- 500 долларга борса керак.

Озодлик: Шу ишни Хоразмда қилсангиз қанча топган бўлардингиз?

- Хоразмда кўриб турибсизку ун 70 минг сўм бўлса…

Натижада аҳоли жон бошига тўғри келаётган ойлик даромад бир қоп унга етмаяпти.

Қиёслаш учун: Россия аҳолисининг жон бошига тўғри келаётган ойлик даромад Ўзбекистондагидан камида 10 марта кўп. Россия кўрсаткичи эса дунё бўйлаб ўртача кўрсаткичдан икки баравар кам.
XS
SM
MD
LG