Линклар

Президент қарори фермерларни саросимага солиб қўйди

  • Садриддин Ашур

Ўзбек фермери ҳаëти устидаги мавҳумлик кўлами¸ унга берилган ер кўламига қасдма-қасд¸ кенгайгандан кенгайиб бормоқда.

Ўзбек фермери ҳаëти устидаги мавҳумлик кўлами¸ унга берилган ер кўламига қасдма-қасд¸ кенгайгандан кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида фермерлар ерларни топшириш бўйича “ўз ихтиёри билан” ариза ёзишга милиция ёрдамида мажбур қилинмоқда.

Ўзбекистон президенти Хоразм вилоятига қилган сафари чоғида кичик фермерларнинг ерларини катта фермер хўжаликларига бирлаштириш ва унинг истиқболлари ҳақида гапирган эди.

Шундан сўнг кичик ерларда меҳнат қилаётган фермерларнинг кўнглига ғулғула тушди. Бу оддий ғулғула эмасди, балки бола-чақасини боқаётган ягона манбадан ажралиб қолиши мумкин бўлган ва эртанги тирикчилиги қандай ўтиши номаълум бўлиб қолаётган фермернинг ташвиши эди.

Ўйин қоидалари аниқ эмас

Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги “Чамангулбиби” фермер хўжалиги раиси Бобомурод Раззоқов айни кунларда фермерлар ана шундай ташвишлар билан калаванинг учини тополмаётганини айтади:

- Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан фермер хўжаликлари уч хил усулда тугатилади: ҳокимнинг қарори билан, фермер хўжалигининг ўз ички қарори билан ҳамда суд қарори билан. Агар ҳокимият адолатли иш қилмоқчи бўлганда, ерларни йириклаштириш ҳақидаги қарор чиқмасдан туриб, фермерлар ичида тушунтириш ишларини олиб бориши керак эди. Фермерларга: “Танлов асосида ўзларингиз қайси фермерга қўшилишни танлаб олинглар, катта ер эгалари билан келишиб олинглар”, дейиши керак эди. Бундай тушунтиришлар ўтказилмасдан, томдан тараша тушгандай бирлаштиришлар бошланди. Энди ердан ажраб қолган фермерлар иш излашларига тўғри келади, - деди Б. Раззоқов.

Унинг айтишича, ҳозирча ҳукумат томонидан тазйиқ ўтказилганича йўқ. Фермерлар ҳали ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаган ҳолда, ариза ёзиб ерларини топширмоқдалар. Лекин ҳали ҳеч ким бу ислоҳотларнинг ижобий ва салбий томонларини яхши билмайди. Айтишларича, бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори чиққан, лекин у ошкор этилмаяпти:

- Вазирлар Маҳкамаси томонидан фермерлар хўжаликларини катталаштириш тўғрисида тавсиялар берилган экан, қарор келган экан. Лекин, қизиғи шундаки, ҳокимият бу қарорни тухум босган товуқдай босиб ётибди - фермерларга кўрсатишни хоҳламаяпти, - деди “Чамангулбиби” фермер хўжалиги раиси.

“Энг таажжубли жойи шундаки, - дея таъкидлади Бобомурод Раззоқов, - ҳозир фермерлар боши берк кўчага кириб қолди, улар эртага нима бўлишини билмай қолдилар”.

Қарор кўплаб саволларни юзага келтирмоқда

Б. Раззоқовга кўра, бу масаланинг бир неча муҳим жиҳати бор:

- Биринчидан, фермер хўжалигининг дебитор-кредитор қарзлари бор, унинг қаердадир олди-бердиси бор. Мана бу ҳолатлар эртага тугатилган фермерга жуда катта ташвишлар орттириши мумкин. У бўйнидаги қарзини қаердан тўлайди? Бундан ташқари, яна битта муаммо пайдо бўлаяпти - бу фермерлар ғаллани экиб бўлган. Энди тугатилаётган фермер хўжалигини ғалласи билан бу фермер оладими? Унинг шартномаларини тан оладими? Бу каби жавоби топилмаётган саволлар жуда кўп, - деди бухоролик фермер.

Қорақалпоғистонлик фермер Қубей оға Ортиқов ҳам бу қарор ишга тушганлиги, лекин у ерда нималар ёзилганини билишолмаётганини айтади. Унинг фикрича, бундай қарорлар сир тутилмасдан, балки кенг жамоатчиликка ошкор этилиши лозим:

- Бундай муҳим қарорлар - президент томонидан бўладими, ҳукумат томонидан бўладими - газета ёки телевидениеда мутахассислар томонидан атрофлича шарҳлаб берилиши лозим, - деди Қ. Ортиқов.

Кузатувчилар фикрича, фермерлар ерларининг йириклаштирилиши ҳақидаги қарор атайин ошкор этилмаяпти. Зеро, пировард натижада Ўзбекистондаги фермерларнинг камида 50-60 фоизи қисқаради ва улар ишсиз қолиши табиий. Бу эса катта норозилик уйғотиши мумкин.

XS
SM
MD
LG