Линклар

logo-print

Вашингтон яна тўлиғича демократлар назоратида

  • Сарвар Усмон

2009 йил январидан республикачилар нафақат Конгрес балки Оқ уй эгалигини ҳам ўз рақибларига топширишга мажбур қолдилар.

2009 йил январидан республикачилар нафақат Конгрес балки Оқ уй эгалигини ҳам ўз рақибларига топширишга мажбур қолдилар.

Бу кеча Америкага бугун, шу сайловда, шу ҳал қилувчи фурсатда амалга оширганимиз ўзгаришлар келди.

Барак Обама 4 ноябрь куни кечқурун Чикаго шаҳрида, 100 минг кишилик издиҳом олдида ўз ғалабасини шундай эълон қилди.

Сешанба куни америкалик сайловчилар нафақат президентликка номзодлар учун овоз берди, балки Намоёндалар палатасидаги барча ўринлар ҳамда Сенатдаги 35 та ўрин учун даъвогарларни ҳам сайлади.

Барча штатларда бўлиб ўтган партиялараро бу пойга маррасидаги соврин АҚШ қонунчилик ҳокимияти устидан назоратки, бинобарин, сайловнинг бу қисмидаги эҳтирослар ҳам президентлик учун курашдагидан кам бўлмади.

Сайловчиларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилар экан, республикачи сенатор Жон Маккейн баъзан уларга, агар ҳокимият тепасига Обама келгудай бўлса, Вашингтон демократларнинг мутлақ назорати остига ўтиб қолади, деган фикрни уқдиришга уринди.

Бироқ охир-оқибат ижроия ҳокимият ҳам, қонунчилик ҳокимияти ҳам демократлар қўлига ўтди.

АҚШ ҳокимиятининг икки бутоғи битта партия қўлига ўтиб қолиши биринчи марта юз бераётгани йўқ, дейди АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов. Сўнгги бор бу ҳолат президент Клинтон даврида юз берган эди.

- Америка тарихида бир неча марта ҳам президент, ҳам Конгресснинг ҳукмронлиги битта партия вакилларининг қўлида бўлган. Жумладан президент Бил Клинтон 1992 йилда ғалаба қозонганда икки йил давомида демократлар Конгресснинг кўпчилик овозини ушлаб туришган.

Демократлар Намоёндалар палатасида шу пайтгача эгаллаб келган ўринлари қаторига яна 20та ўринни қўшиб олди. Ҳар ҳолда сайловнинг шу пайтгача эълон қилинган натижаларига кўра, палатадаги 435 та жойнинг 256 тасига демократлар ўтирадиган бўлди.

Сенатдан эса, демократлар мавжуд ўринлари ёнига яна 6та ўрин қўшди. Демак, демократлар Сенатда ҳам 44га 56 нисбати билан ҳукмрон кучдир.

Ижроия ҳокимиятнинг ҳам, қонунчилик ҳокимиятининг ҳам битта партия қўлига ўтиб қолиши ташвиш туғдирмайдими?

Кўплаб давлатларда бундай ҳолат меъёрга айланиб қолган. Мисол тариқасида Путин-Медведев-Единая Россия назорати остидаги мамлакатни ёки аксар собиқ совет республикаларини келтириш мумкин.

Бироқ Ғарб демократияларида партияси қонунчилик ҳокимияти устидан назорат ўрнатган тақдирда ҳам давлат раҳбари мамлакат устидан чекловсиз назоратни қўлга киритолмайди.

АҚШда ҳокимиятнинг уч бутоғи: ижроия, қонунчилик ва судлов ҳокимиятларининг бир-биридан мустақиллиги таъминлаб қўйилгани давлат раҳбарининг диктаторга айланиши олдини оладиган кафолатдир.

АҚШда давлат раҳбарининг диктаторга айланиб кетишининг олди нафақат Америка демократияси анъаналари билан, балки конкрет ҳуқуқий механизмлар билан ҳам олинган, дейди суҳбатдошимиз.

Мана ўша ҳуқуқий меъёрлардан биргинаси:

- Конгресснинг юқори палатаси Сенатда 100та аъзо бор. Лекин ҳар қандай қонун қабул қилинаëтган пайтда¸ битта сенатор ҳам қаршилик кўрсатиши мумкин ва уни қолдириши мумкин. Сенатнинг ички қоидасига биноан у шундай ҳуқуққа эга. Битта сенатор норозилигини енгиб ўтиш учун 60та сенатор овоз бериши керак. Ҳали демократлар 60та овозга эга бўлишгани йўқ.
XS
SM
MD
LG