Линклар

logo-print

Журналистлар касб байрамини нишонламоқда


Қирғиз расмийларини қаттиқ танқид қилгани учун "Де Факто" газетаси 50 минг долларга тенг жаримани тўлолмай, ёпилиб қолди

Қирғиз расмийларини қаттиқ танқид қилгани учун "Де Факто" газетаси 50 минг долларга тенг жаримани тўлолмай, ёпилиб қолди

Қирғизистон журналистлари 7 ноябр – миллий матбуот кунини халқаро ташкилотлар Қирғизистонда сўз эркинлиги вазияти ëмонлашаëтганидан хавотир билдириб турган бир пайтда нишонламоқдалар.


Иса Ўмурқулов: “Расмийлар халқни манқуртликка етакламоқда”

Қирғизистон парламенти депутати Иса Ўмурқулов мамлакат ҳукумати тан олишни истамаётган бўлса-да, республика халқаро ташкилотлар эътироф этгани каби сўз эркинлиги тамойилидан чекиниб бораётир, деб ҳисоблайди. Депутатга кўра, сўнгги бир йил ичида “Алиби”, “Де Факто” газеталари ва “Сентябрь” телеканалларининг ёпилиши мана шундан даракдир.

- Менинг фикримча, бугунги кунда ҳукумат ҳақиқат айтилишидан қўрқиб, халқни манқуртликка, ахборотга эга бўлмаган саводсизлик даражасига етакламоқда. Журналистларниннг ахборот олишини чеклаш, аҳолига тарқатилаётган ахборотни назорат остига олиш уринишлари бугунги ҳукуматнинг асл қиёфасини кўрсатмоқда, - деди парламент депутати Иса Ўмурқулов.

Қодирбек Абдираев: “Эътирозлар судга билдирилсин!”

Бироқ Қирғизистон маданият ва ахборот вазирлигининг ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Қодирбек Абдираев парламент депутатининг бу фикрига қўшилмайди. Унинг айтишича, 2008 йилда ёпилган газета ва телеканаллар ҳукумат қарори билан эмас, суд ҳукми билан ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлганлар. Расмийнинг билдиришича, бугунги кунда мамлакатда сўз эркинлиги мавжуд ва матбуотнинг ривожи учун ҳукумат қўлдан келганча кўмак кўрсатмоқда.

- Биз бу ахборотни ёзманглар, буни кўрсатманглар, деб айта олмаймиз. Биз фақат қонун доирасида ишлашга мажбурмиз. Газеталар эса суд ҳукми билан ёпилган. Барча эътирозлар ҳукуматга эмас, судга билдирилиши лозим, - деди Қодирбек Абдираев.

Илим Қарипбеков: “Қирғизистонда сўз эркинлиги йўқ деб бўлмайди, лекин...”

Айни пайтда халқаро ташкилотлар сўнгги уч йил ичида Қирғизистон сўз эркинлиги рейтингида икки босқич пастга тушиб кетганини билдирмоқдалар. “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ҳисоботида бир йил аввал 110-ўринни эгаллаган Қирғизистон 2008 йилда 112-ўринга тушиб қолгани айтилади. Бироқ айни шу ҳисоботда Қирғизистон Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Россияга нисбатан анча баланд поғоналарни эгаллаётгани ҳам қайд этилган. Қирғизистон медиа вакили Илим Қарипбеков бу вазиятга ўзига хос шарҳ беради:

- Сўз эркинлигини йўқ, деб бўлмайди. Сўз эркинлиги бор. Бироқ бу эркинлик йил сайин чекланиб бормоқда. Бу ҳақда бир йил давомида беш-олтита нуфузли халқаро ташкилотлар ташвиш билдирдилар. Ўйлайманки, ҳукумат халқаро ташкилотлар овозини эшитади ва сўз эркинлиги борасидаги вазиятни яхшилашга ҳаракат қилади, - деди Илим Қарипбеков.

XS
SM
MD
LG